Шукрона

18-08-2022, 09:12 admin Мақолалар 493

Шукрона
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Роббимизга Юзининг улуғлиги ҳамда куч қудратига лойиқ ҳамду санолар бўлсин. У бизларни яхши кўриб яратди ва ҳаётимизни неъматлар билан тўлдирди. Маънавий ҳаётимизни мукаммал бўлишини хоҳлаб, ўзининг илоҳий таълимотини бизга нозил қилди ва буни Дин деб атади. Муқаддас Дин таълимоти орқали ўзини танитди ва бизга бандачилик одобларини таълим берди. Бу одоблардан бири шукрона қилишдир.
Шукрли инсон – Роббиси унга берган неъматлар учун кўп шукр айтувчи, ўзига буюрилган вазифаларни сидқидилдан ва тиришқоқлик ила адо этувчидир. Уламоларимиз шукрнинг истилоҳида бир неча таърифларни айтганлар.
Муновий: «Шукр икки хил бўлади: Биринчиси тил шукри бўлиб, у неъмат берувчига мақтов айтиш билан адо бўлади. Иккинчиси эса аъзоларнинг шукри бўлиб, неъматга яраша мукофот тақдим қилиш билан адо этилади», деган.
Уламоларимиз айтади: «Шукр – Аллоҳ неъматининг банда тилида мақтов ва эътироф, қалбида шуҳуд ва муҳаббат, аъзоларида эса бўйсуниш ва тоат тарзида зоҳир бўлишидир», деб айтган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Ва агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», дея марҳамат қилади. (Иброҳим, 7).
Ушбу оят ҳақида марҳум аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзларининг «Тафсири ҳилол» китобида қуйидагича ёзади: «Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларни айтиш ва у неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда мустақим эканини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради». Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло:
«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?! Аллоҳ (бандадан рози бўлиб) шукр (ини қабул) қилувчи ва билувчи зотдир», деб марҳамат қилган. (Нисо, 147).
Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги шукр қилувчилик сифати - банданинг озгина қилган амалига ҳам кўплаб савоблар бериш ила уни мукофотлайди, дегани бўлади.
Қатода ушбу оят ҳақида: «Дарҳақиқат, Аллоҳ жалла саноуҳу шукрли ва мўмин бандани азобламайди», деб айтган. Демак, шукр ва иймон бир-бирига яқин бўлиб, иймонли инсон шукрли бўлиши ҳам лозим экан. Шунингдек, доимо Ҳақ таолога шукр ила юрувчи инсонни азобламас экан. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасининг 152-оятида:
«Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз», деб марҳамат қилган.
Имом Абу Лайс Самарқандий ушбу оят ҳақида бундай дейди: Аллоҳ таолонинг ушбу ояти маъноси «Эй бандалар, Мени тоат ила эсланг, шунда сизларни мағфират ила эслайман, ёки Мени инсонлар ичида зикр қилинг, сизларни фаришталар ичида зикр этарман, ёки бўлмаса, Мени хурсандчилик онларида зикр этсангиз, сизларни қийинчилик онларингизда эсларман», дея марҳамат қилингани бўлади дейдилар.
Ҳақиқий неъмат илмдир. Зотан, илмдан бошқа барча неъматлар роҳатдан бошқа нарсага ўзгаради. Таом ейилгач, бир муддатдан сўнг ташқарига чиқишни талаб этади. Кийим ҳам кийилавергач, иссиқ ва совуқ таъсирида эскириб, ҳолати ўзгаради. Илмдан эса соҳиби сира ҳам малолланмайди. Балки кўпинча зиёдасини талаб қилаверади».
Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таолоНаҳл» сурасининг 114-оятида:
«Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг. Ва агар унга ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг», деб марҳамат қилган.
Ушбу оят тафсирида аллома Шайх Муҳаммад Али Собуний бундай ёзади: «Сизларга Аллоҳ таоло мубоҳ (ихтиёрий) қилган ҳалол покиза неъматларни енглар. Аллоҳ сизларга ато этган улуғ неъматга, агар У Зотга иймону ихлос ила ибодат этадиган бўлсангиз, Ундан бошқа ҳеч кимга ибодат қилмаслик ила шукр қилинглар». Ҳақиқий шукр ~ неъмат берувчи Зотни таниш ва Унгагина ибодат қилишдир. Аллоҳ азза ва жалла:
«Эй Оли Довуд (Довуднинг оиласи), шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир», дея марҳамат қилган(Сабаъ, 13).
Ибн Аби Ҳотим айтади: «Собит Буноний раҳимаҳуллоҳ: «Довуд алайҳиссалом оила аъзолари, фарзандлари ва аёлларига куннинг вақтларини ибодат учун тақсим қилиб берган эди. Куннинг ва туннинг бирон вақти йўқки, унда Довуд алайҳиссаломнинг оила аъзоларидан бири намоз ўқимаган бўлса».Бу оят ҳақида Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Эй Оли Довуд, шукр қилинглар!», яъни эй Довуд алайҳиссалом аҳллари, сизларга дин ва дунёингиз борасида берилган неъматлар учун шукрли бўлингиз. Муҳаммад ибн Каъб Қуразий: «Шукр – Аллоҳга тақво(Аллоҳ қайтарган ишларидан ўзини тийиш) ва солиҳ амал этмоқдир. Бу сўз, феъл ва амалда шукрда қоим бўлганларга айтилиб, Довуд алайҳиссалом аҳллари шундай бўлган эдилар», деб айтган.
Фузайлдан ривоят қилинади: «Довуд алайҳиссалом: Эй Роббим! Сенга қандай шукр этаманки, шукр Сен ато этадиган неъматдир», деди. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Эй Довуд, буни неъмат эканини англаган онингда шукр қила олдинг», дея ваҳий қилди.
Абу Абдураҳмон Ҳубулий: «Намоз – шукр. Рўза ҳам – шукр. Аллоҳ ризосини кўзлаб қилинган ҳар бир амал (кишининг жамият олдидаги ўз бурчларини бажариши)– шукрдир. Шукрнинг энг афзали эса – ҳамддир», деган.
Ушбу оят ва ҳадислардан биз оладиган ибратлар шундан иборат эканки ! ёши улуғларимиз ёшларимизга одоб ўргатиб, насиҳат қилиб ва жамият аҳлининг ҳаққига яхши дуолар қилиб ўз вазифаларини бажариб, шукронани амалий жиҳатдан адо этган бўлар эканлар. Ўрта ёшдаги меҳнатга лаёқатли кишиларимиз эса ўз касбларига виждонан, ҳалоллик билан ёндашиб ёшларга яхши намуна бўлиб, ёшларимиз эса илм ва одоб ўрганиб амалий шукр қилган бўлиб ҳисобланар эканмиз. Аллоҳ жонажон Ватанимиз ободлиги йўлида барчаларимизни қилаятган хайрли ибларимизга баракот берси. (Омийн)
Зарафшон жомеъ масжиди имом хатиби: Қ.Ибрагимов. каналга аъзо бўлинг https://t.me/joinchat/V1muP6xpMCxrEom8
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш