Ислом динимизда қўшничилик муносабатларига, қўшни ҳаққига риоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор берилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буюради: “Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, яхшилик қилинг!” (Нисо, 37).
Қўшничилик муносабатлари ҳақида жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қатор ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳазрати Жаброил қўшни ҳаққига риоя қилиш тўғрисида менга шу қадар кўп васият (топшириқ) қилдиларки, мен уни ҳатто молимга ҳам меросхўр қилиб қўйсалар керак, деб ўйладим”, дедилар (Бухорий ривояти). Абу Шурайҳ ал-Ҳизоий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ҳар ким Аллоҳ таолога ва Қиёмат кунига ишонса, қўшнисига яхшилик қилсин, меҳмонини ҳурмат қилсин ва ширин сўзли бўлсин”. Абдуллоҳ ибн Аббос Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумога “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ким ўзининг қорни тўқ бўлиб, қўшниси оч ҳолида ўтирган бўлса, у киши (чин) мўъмин эмасдир”, деган сўзларини эшитдим”, дедилар (Бухорий ривояти).
Қўшничиликнинг ҳам алоҳида ҳақлари бор. Кўпчилик уларни яхши билмайди ёки эътиборсиз юради, қўшни ҳаққига риоя қилмайди, гоҳо очиқдан-очиқ поймол этади. Оқибатда одамлар орасида аҳиллик, тотувлик йўқолади, жамиятга катта зарар етади. Шариатимизга кўра, қуйидагилар қўшничиликнинг асосий ҳақлари: қўшни қарз ёки бирор нарса сўраса бериш, чақириб келса жавоб қилиш, касал бўлса бориб кўриш, бошига мусибат тушса ғамига шерик бўлиб, кўнглини кўтариш, сафарга кетса макони ва оила аъзоларини ҳимоя қилиш, ўзи рухсат бермаса иморатини қўшниникидан баланд қурмаслик, диний ва дунёвий масалалардан билмаганларини ўргатиш, унга тили ва қўли билан зарар етказмаслик, муҳтож бўлса қўлидан келганча ёрдам кўрсатиш ва ҳоказо.
Афсуски, кўп ҳолларда ана шу қўшничилик ҳақлари унутиб қўйиляпти. Баъзан қўшни уйда қозон қайнамаётганини билсак ҳам, бир коса овқат илингимиз келмайди. Аллақаёқдаги бегона одамга ёрдам кўрсатамиз-у, ёнгинамиздаги қиёматли қўшнининг муҳтожлигини кўрмаганга оламиз. Ўзимиз намоз ўқиймиз-у, аммо қўшнимиз умрини ибодатсиз ўтказаётганига ачинмаймиз, уни ҳидоятга чақирмаймиз. Гоҳо ғашига тегиб, озор берамиз ёки бирор нарса сўраб чиқса, бор бўлатуриб, қизғанамиз.
Шу ўринда бир ибратли ҳикояни келтириб ўтсак. Абдураҳмон Авзоъий исмли бир улуғ зот арафа куни кечқурун уйида ўтирган эди. Кимдир ҳовли эшигини қоқди. Чиқиб қараса, остонада камбағал ва серфарзанд қўшниси турибди. Ялиниб, мўлтираб: “Эй қўшни, эртага ҳайит, менинг эса сариқ чақам ҳам йўқ, бироз пул бериб туролмайсизми?”, деди. Абдураҳмон: “Қани, сўраб кўрай-чи”, деди-ю эшикни ёпмай уйига қайтиб кирди ва хотини билан маслаҳатлашди. Хотини: “Бор-йўғи йигирма беш дирҳам ақчамиз бор, бир қисмини, майли, қўшнига берайлик, қолганини эртага ўзимиз ҳайитлик қиламиз”, деди. “Йўқ, деди эри, - қўшнига ақчанинг ҳаммасини берайлик, шундай қилсак, савобининг бир қисми бари-бир бизга ёзилади-ку!” деб, бор пулини муҳтож қўшнисига бериб юборган экан.
Биздан олдин ўтган улуғ аждодларимиз ана шундай қўшничилик қилишган, унинг ҳаққини тўла адо этишган. Бизлар ҳам қўшничилик муносабатларида улуғ аждодларимизга эргашиб, шариатимиз талабларига бўйсунсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги тутган йўлларини тутсак Аллоҳ таолонинг розилиги, икки дунё саодатига эришамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоят йўлидан адаштирмасин, қўшничилик ҳақларини комил адо этиб, чинакам мўъминлардан бўлишни насиб айласин.
Хатирчи туман “Сўфи Оллоёр” жоме масжиди имом хатиби Аннақулов Қосим