Гиёҳвандлик – ўзини ҳалокатга ташлашдир!

2-07-2022, 00:03 admin Мақолалар 313

Гиёҳвандлик – ўзини ҳалокатга ташлашдир!
 Бугунги кунда дунёда бир қанча глобал муаммолар юзага чиқди. Шулардан бири гиёҳвандликдир. Динимиз инсоннинг эътиқоди, жони, руҳи, молини сақлагани каби унинг ақлини ҳам ҳимоя қилади. Инсон ибодатларни адо қилиши учун комил ақлга эга бўлиши керак. Олимлар маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни ичишни “Ихтиёрий жиннилик”, деб аташади. Чунки гиёҳванд ўз ихтиёри билан ақли ҳушини йўқотади. Гиёҳвандлик ҳақида ҳам муқаддас динимизда керакли кўрсатмалар берилган.   
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:
“... У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...” (Аъроф сураси 157- оят).
Динимиз ҳалол қилиб берган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси, бўлса ўша нарса ҳаром ва уни истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Умму салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтадилар:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ҳозирда айрим ёшлар орасида (“Трамадол”, “Лирика” каби) психотроп дори воситалари истеъмолига одатланиш ҳолатлари учрамоқда. Ваҳоланки, бу дори воситаларида гиёҳванд моддаларидаги каби ўзига ўргатиб қўйишдек хусусият бор. Табиийки, бу гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилади. Динимизда ҳар қандай бўшаштирувчи ва маст қилувчи воситалар ҳаром қилинган!
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда бундай деганлар:
“Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир”  (Имом Муслим ривоятлари).
Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром эканлиги маълум бўлди. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик кишини секин секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:
“Мўминни лаънатлаш уни ўлдиришга ўхшайди. Дунёда ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”  (Имом Дорамий ривоятлари).
Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Гиёҳвандлик шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни ажримига сабаб бўлади, болаларни етим ва ногирон қилади, қашшоқлик, муҳтожликда яшашга маҳкум этади. Охир оқибат касаллик, узоқ муддат қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Бир жонни ўлдириш эса, у бевосита ёки билвосита, секин ёки тез бўлсин, динимизда қатъий қайтарилгандир.
 Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай буюрган:
“Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” (Нисо сураси 29-оят)
Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: “Заҳар ичиб ўз жонини қатл этган кимса жаҳаннам оловида заҳарини мангу ичади”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ислом дини инсон манфаати ва ҳуқуқлари тўла таъминлашини тарғиб қилади. Чунончи, динимизда инсон саломатлиги учун, умуман одамнинг ўзи ва атрофдагиларга зарарли бўлган ишлар ҳаром қилинган. Жумладан, ҳозирда айрим ёшлар ўртасида авж олаётган чилим чекиш одати ҳам шариатимиз томонидан қатъий қораланади. Чунки ушбу одат инсон саломатлигига зарарли, ҳатто инсонни ҳалок қилувчи экани, рак ва бошқа хавфли касалликларга сабаб бўлиши тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқланган.
Муҳтарам жамоат! Аминмизки, орамизда гиёҳвандликка мойил кишилар йўқ. Биз ушбу маълумотларни эслатишимиздан мақсад жамиятимизда, хусусан ёшларимиз орасида учраётган ушбу иллатлардан огоҳ бўлайлик.

Учтут жомеъ масжиди имоми Турсуров Бозорбой.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш