Навоий вилояти ҳокимлигининг ишчи дастурига биноан вилоят туманларининг чекка ҳудудларида халқ билан учрашувлар, жонли мулоқотлар ўтказилмоқда. Наврўз байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш мақсадида Республикада хизмат кўрсатган санъат ва маданият ҳодимлари иштирокида концерт дастурлари ўтказилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси эътиборда эканлиги янада акс топмоқда, чекка ҳудудларда бундай учрашув ва байрам тадбирларининг ташкил этилиши бунга яққол мисолдир. Ушбу тадбирларда вилоят имом хатиблари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Кармана туман «Қосим шайх » масжиди имом хатиби Дилшод Эргашев, имом ноиби Истамжон Хамроев, Хатирчи туман «Шайх Гадой Селкин » масжиди имом хатиби Бектош Ҳакимовлар вилоятнинг Кармана, Канимех ва Навбаҳор туманларида ўтказилган учрашувларда сўзга чиқиб, бугунги кунги фаровонлик, шодиёна ва байрамлар Аллоҳнинг улкан неъмати - тинчлик туфайли бўлаётгани, ушбу неъматни ардоқлаб, унинг бардавомлиги йўлида хизматда бўлиш чин мусулмонлик бурчи эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Шу билан бирга, байрам кунлари Аллоҳ таолонинг шукрида бўлиш, бу эса етим есир, бева бечора ва беморларни ҳолидан ҳабар олиш, хонадонлар ва кўча ва гузарларни обод қилиш билан бўлиши ҳам айтиб ўтилди. Кўп миллатли Ўзбекистонда динлараро ва миллатлараро тотувликни таъминлаш тараққиёт ва тинчликнинг бош омили эканлиги, ўзаро низо ва фирқаланишлар фақатгина халқнинг таназзулига сабаб бўлиши мисоллар орқали тушунтириб берилди.
Байрам шодиёналари ва учрашувлар давом этмоқда.