Ҳозирги кунда айрим одамлар, айниқса ёшлар тўғри йўлдан адашиб турли нотўғри йўлларга кириб кетиши кузатилмоқда. Ҳаттоки муқаддас динимиз таълимотларини бузиб талқин қилаётган ҳар-ҳил жангари гуруҳларга қўшилиб ўзини нобуд қилмоқда. Улар бу қилмишлари билан инсоният тинчини бузиб, ислом динимиз кўрсатмаларига зид ишларни содир этмоқдалар.
Албатта бу ишларнинг сабабларидан бири ота-оналар ўзларининг масъулиятлик вазифаларини бажаришга эътибор қилмай фарзандларини назоратсиз ташлаб қўйишларидир. Киши ўз зиммасига юклатилган масъулиятли вазифаларни ўз вақтида тўғри бажарса албатта ана шундай ноўрин ишлар кузатилмайди.
Шу ўринда адашган кимсалар қурбонига айланлган замонамизнинг буюк олими марҳум Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий ҳазратларининг масъулият тўғрисида айтган ибратли сўзларини баён қилиб бермоқчимиз:
“Бу буюк ислом динининг ҳусусиятларидан бири ҳам унинг ўзаро масъулиятни биргаликда ҳал қилиш дини эканидир. Қаерда бўлсин, шаҳардами ёки қишлоқда ҳақиқий ислом мавжуд экан, албатта у ерда ўзаро масъулият ва дўстона муносабатдаги тўрни топасиз. Аллоҳ таоло буюрган ислом бир мўмининг ёлғиз ўзида юзага чиқмайди, балки ана шу дўстона муносабатдаги тўр ўзаро мустаҳкам боғланганида ўз тасдиғини топади.
Ислом мусулмон инсонни фақат ўзига эътибор бериб, ўзинигина назорат қилишга буюрмайди. Ислом инсонни “Аллоҳ таоло менга фақат ўзимни тузатишимни буюрган, ҳамма одамлар янглишиб мен тўғри йўлда юрсам Аллоҳ таоло мени ўзим қилган гуноҳим билангина жазолайди”- деб айтишга ундамайди. Аллоҳ азза ва жалла анбиё ва расуллари орқали тушурган ислом, бундай йўналишга тамоман қарши боради. Ислом масъулиятли диндир.
Ислом элчиси саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг саҳиҳ ҳадисларида айтадилар: “Ҳар бирингиз бошлиқсиз, ҳар бирингиз қўл остидагига масъулдир”. Кейин ҳадис давомида зиммасида масъулияти бор одамлар синфини бирма-бир санаб, Аллоҳ уларга вазифа қилган масъулиятларини белгилаб бердилар. Инсон Аллоҳ томонидан белгиланган мўъжизавий масъулиятларни ўз зиммасига олади. У биринчи навбатда ўзига масъулдир. Кейин у, оиласига ва Аллоҳ таоло оталиққа олишни вазифа қилиб қўйган кишиларига масъулдир. Ундан кейин дўстлари, туғишган ва узоқ қариндошларига ҳам масъулдир. Яна у, кучи етганича ва имкони борича маҳалласи ҳамда ўз шаҳрининг аҳлига ҳам масъулдир. Агар у ҳоким ёки олим бўлса ўзи яшаб турган жамиятга ҳам масъул бўлади. Мана шу тарзда Аллоҳ қойим қилган масъулият тўри бандалари орасида тарқалади.
Ислом жамиятида ўзини ҳақиқий мусулмон деб даъво қилаётганлар орасида бу масъулиятдан четланиб, фақатгина ўзига эътибор берадиган кишини топиш мумкин эмас. Мусулмон киши масъулиятли бўлади. Пайғамбаримиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига эътибор бериб кўринглар.
Аллоҳ таоло у кишига таклиф этган биринчи нарса: Аллоҳнинг зотига иймон келтириш ва ўзини юборилган набий эканини ҳамда бу хабарни олиб келаётган Аллоҳнинг элчиси ва Унинг малоикаларидан бири Жаброил фариштаси эканини билиш эди. Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзининг пайғамбар эканига ишонганларидан кейин зиммаларидаги бу масъулиятни бажардилар.
Аллоҳ таоло бу муҳим ишни яқинлари, оила ва қариндошларига етказишни буюрганида дарҳол ўз қариндошларини жамладилар ва уларга бирма-бир қараб ҳаммаларига шундай дедилар:
“Эй, Бани Абдулмуттолиб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй, Бани Ҳошим жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй, Фотима бинти Муҳаммад, ўзингни дўзахдан қутқар! Албатта, Аллоҳга қасамки, мен сизларга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман”.
Расулуллоҳ ўз масъулиятини аҳли оиласи ва болалари олдида ана шундай бажардилар.Ундан кейин катта масъулиятга киришдилар, ҳамма инсонларни Аллоҳга чақирдилар.
Биз кечаю кундуз тиловат қилаётган Аллоҳнинг ушбу оятига эътибор беринглар:
“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар” (Тахрим,6).
Нима учун бундай қўрқитилди? Бу қўрқитиш, ўз аҳли ва болалари олдидаги масъулиятни унутиб қўйган, зиммамдаги Аллоҳнинг ҳаққини бажараябман деган хаёлда ҳар йили ҳаж қилаётган, рамазонда рўза тутаётган, ҳар куни икки пора Қуръон ўқиётган ва эртаю кеч қўлидаги тасбеҳи билан зикр қилаётган кишиларни огоҳлантиришдан ўзга нарса эмас.
Оилангиз, ўғил қизларингиз нима бўлди? Сиз ўзингизча доналарини тақиллатаётган бу тасбеҳингиз сабабли уларнинг масъулиятидан Аллоҳ таоло сизни озод этади - деб ўйлайсизми? Аллоҳ азза ва жалланинг мана бу сўзини ўқимаганмисизлар:
“Албатта, Биз, Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз. Ҳар бир нарсанинг ҳисобини очиқ-ойдин имомда олиб қўйганмиз” (Йасин,12).
Бирор марта бу калима олдида тўхталиб кўрганмисиз?
“тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз”.
Нима қилган бўлсалар ҳисоблаб чиқамиз ва қолдирган асарларни рўйхатдан ўтказамиз. Асарлари деган сўзнинг маъноси нима?
Агар инсон вафот этса, Аллоҳ таоло унинг қилиб ўтган амалларининг ҳисобини қилади. Агар яхши бўлса яхши, агар ёмон бўлса ёмон бўлади, лекин ҳали ҳисоб тўхтамайди. Аллоҳ таоло унинг ўзидан кейинги асарлари, ўғил қизлари ҳамда зурриёдлари томонидан содир этилаётган ишларига қараб унинг фойдасига ёки зарарига ҳужжат ёзиб боради.
Солиҳ амал қилишдан ҳам, ёмон иш қилишдан ҳам насибаси узилган қанча-қанча одамлар тупроқ остида кўмилиб ётибдилар. Лекин уларнинг саҳифаларига ҳамон оқ ёки қора деб ёзилмоқда. Ўзларидан кейин ташлаб кетган асарлари ва зурриётлари сабабидан бўлаётган ҳисоботлар уларга ер устидан ҳамон етиб бормоқда.
Бас, ҳар бир инсон бу дунё ҳаётидан жўнаб кетаётганида ўз фарзандларини, ўғил-қизларини қандай ҳолда қолдириб кетаётганига эътибор берсин. Агар яхши тарбия берган ва Аллоҳ хоҳлаганидек вояга етказиб кейин уларга мен сизларни Аллоҳ айтганидек тарбиялаб зиммамдаги масъулятни бажардим десалар, ана энди улар бу дунёдан ўтиб қабрда ётсалар ҳам Аллоҳ таоло уларга тўхтовсиз савоблар ва солиҳ амалларни юбориб туради. Чунки фарзандлари томонидан қилинган амалларнинг яхшилиги ўзларига ёзилишдан олдин ўтганларига ҳам ёзилиб боради. Аммо инсон ўғил қизларига эътиборсиз бўлиб, уларни бу ҳаёт сўқмоқларида ўзлари билганларидек яшашларига бепарво ташлаб қўйса, Аллоҳни унутишларига ва Аллоҳ қайтарган шармсиз кўринишда билган ишларини қилишларига ҳам индамай жим қараб турса ва улар олдидаги бажариши керак бўлган масъулиятни унутса,унинг бу ишлари ўзига азоб беради. Аллоҳ таоло бундай ота-онани ниҳояси йўқ азобга солади. Мана шу Аллоҳ азза ва жалла: “Албатта, Биз, Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз. Ҳар бир нарсанинг ҳисобини очиқ-ойдин имомда олиб қўйганмиз”, деб айтган сўзининг маъносидир.
Тўғри бу инсон ҳаж килган, рўза тутиб намоз ўқиган эди, ўз ўрнида Аллоҳни зикр ҳам қилган эди. Лекин у вафот этиб қабрда ётсада гуноҳлар унинг тепасига ёмғир бўлиб қуйилаётганини ҳис қилади. Бу қаердан келяпти, у вафот этиб амал қилишдан тўхтаган эдику? Ҳа бу гунохлар хоҳлаган ишларини қилиб юрган ўғил-қизлари томонидан келяпти. Инсон бу ишларни билиши лозим. Ислом дини масъулият динидир. Ўзаро бирдамлик ва биргаликда ҳал қиладиган диндир. Аллоҳ таоло ҳар бир кишини ўзи, оиласи, дўстлари ва ундан бошпана топган кишилари сабабидан сўроққа тутади. Агар мусулмонлар Аллоҳ таоло зиммаларига топширган масъулиятларнинг ўндан бирини бажарсалар эди, ҳамма ерда ҳар доим жамият гуллаб яшнар эди. Лекин, бугунга келиб мусулмонлар ўз масъулиятларини унутдилар. Аллоҳ таоло улар зиммасига юклаган бирорта масъулиятни тўлиқ бажармаяптилар. Айримлар ўзларича, киши ўзининг зикр тасбеҳини айтиб, уйида тинч ҳотиржам ўтирса, Қуръонини ўқиса, ҳар йили ҳажга борса ва ўзига тегишли бўлган ишнигина қилса бўлди, Аллоҳ таоло ундан ўғил-қизлари тўғрисида сўроқ савол қилмайди, деб ўйлайди. Ким айтди сизга буни? Қиёмат куни ҳақида келган ҳадисни эшитмаганмисиз. Киши киёмат кунининг майдонида, бу кун учун тайёрлаб келган яхши ишларини эслаб турганида, бирдан унинг ўғил-қизлари ва зурриётлари унинг (ана шу яхшиликларига эгалик киладиган) ҳужжатларини тортиб оладилар. Уни маҳкам боғлаб Аллоҳнинг олдига шиддат билан тортиб борадилар ва Унга: “Эй роббимиз бизнинг ҳаққимизни ундан ол. Сен унга насиҳат қилишини буюрганингда бизларга насиҳат қилмади, унга (яхшиликка) чақиришини буюрганингда бизни чақирмади, тарбиялашга буюрганингда бизни тарбияламади”, дейдилар.
Ана энди у ерда бу отанинг даъволари фойда бермайди...”
Ҳар бир инсон масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаётда тўғри яшашини ва янглишиб қинғир йўлларга кириб кетмаслигини яратган Аллоҳдан сўрайман.
Тоҳиржон РЎЗИЕВ
ЎМИ вилоят вакили,
Вилоят бош имом хатиби