Уламоларга озор беришнинг хатари

19-04-2022, 19:31 admin Мақолалар 454

Уламоларга озор беришнинг хатари (Уламоларнинг даража ва фазилатлари)

3. Ҳақиқий уламолар манфаати оз, мужодаласи кўп илмлардан сақланиб, тоатларга тарғиб қилувчи, охиратда фойда берадиган илмнинг таҳсили учун ёрдам берадилар.
Имом Ғаззолий бу ҳақда шундай дейдилар: “Амалларга тегишли илмдан юз ўгириб, баҳсу-мужодала билан машғул бўлган киши кўп касалликларга мубтало бўлиб, моҳир табибга вақти зиқлигида рўбарў келган ва унинг кетиб қолиш хавфи бўлса ҳам, ўзини қийнаб турган дардларини қўйиб, турли дориларнинг хусусиятлари ва тиббиётнинг ғаройиб масалаларини сўраш билан машғул бўлган касалга ўхшайди. Бу иш ақлсизликнинг айни ўзгинасидир”.
Заҳҳок ибн Муҳозим айтадилар: “Мен салаф олимларининг бир-бирларидан тақводан бошқа нарсани ўрганганларини кўрмадим. Бугунги олимлар эса фақат калом илминигина ўрганмоқдалар”.

4. Ҳақиқий уламолар ейиш-ичишда исрофга, кийинишда ҳаддан ошишга ҳамда уй-жой жиҳозларида чиройли бўлишга майл этмайдилар.
Бу каби дунёвий ишларда ўртачаликни устун қўйиш ҳамда бу йўлда салафи солиҳларга ўхшаш ва уларнинг барчасида кифоя қилгулик миқдор билан чекланишлик лозим.

5. Ҳақиқий уламолар ҳукмдорлардан узоқроқ бўлиб, имкони борича уларнинг ҳузурига кирмайдилар. Чунки дунё зийнатли ва кўркамдир. Султонлар ҳузурига кириб юрувчи киши ё уларнинг чиройли ҳаётларига қараб ўзидаги Аллоҳ берган неъматни кам санайди, ёки уларни шариатга хилоф амалларини инкор этишдан сукут қилиб, уларга хушомад қилувчи бўлади, ёки уларнинг розилигини топиш ва уларни мақташ учун гапида такаллуф ҳамда сохтакорлик қилади. Хулоса қилиб айтганда, уларга аралашиш ёмонликларнинг калитидир. Охират олимларининг йўллари эса, бу каби иллатлардан эҳтиёт бўлишдир.
Суфён Саврий айтадилар: “Жаҳаннамда бир водий борки, унда фақатгина ҳукмдорларни зиёрат қилувчи қори-олимлар турадилар”.

6. Ҳақиқий уламолар фатво беришга шошилмайдилар, имкони бўлса фатво беришдан бутунлай сақланадилар ва эҳтиёт бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ернинг энг яхши ва энг ёмон жойи ҳақида сўралганларида, ”билмайман” деб жавоб берганлар. Ҳатто Жибрийл алайҳиссалом тушганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сўрадилар, у ҳам “билмайман”, деб жавоб берди. Токи, Аллоҳ таоло ернинг энг яхши жойи масжидлар ва энг ёмон жойи бозорлар эканини билдиргунига қадар шундай давом этди. (Имом Аҳмад, Абу Яъло, Баззор ва Ҳоким ривояти)
Шаъбий айтадилар: “Билмайман, дейиш илмнинг ярмидир”. Кимки билмаган нарсаси ҳақида сўралганида, Аллоҳ ризоси учун сукут қилса, унинг савоби жавоб берганнинг савобидан оз эмас. Чунки билмаслигини эътироф этиш нафсга жуда оғир. Зеро, салафларнинг одатлари шундай эди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қачон фатво сўралса: “Одамларнинг ишларини ўз зиммасига олган анави амирга бор ва буни унинг бўйнига қўй”, дер эдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса шундай деганлар: “Одамлар сўраган барча масалаларга фатво берадиган киши мажнундир”.
Абу Ҳафс Нисобурий айтадилар: “Ҳақиқий олим савол сўралган пайтда, қиёмат куни унга: “Қаердан олиб жавоб бердинг?” дейилишидан қўрққан кишидир”.
Иброҳим ат-Таймийдан бирор савол сўрашса, йиғлашни бошлар ва: “Бошқани тополмай менга кунларинг қолдими?!” дер эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан қачон бир масала сўрашса: “Саййидимиз Ҳасан Басрийдан сўранглар”, дер эдилар.

(Давоми бор)
Конимех тумани бош имом хатиби: Р.Яндашев.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш