Ота-боболаримизнинг айтишларича, қадимда танча-сандал атрофида маънавий суҳбатлар бўларкан. Улар оила даврасида билган китобларидан ўқиб, фикр алмашишар экан. Шарқ халқларининг энг севимли китобларидан бири Кайковуснинг “Қобуснома”си бўлган. Фарзандга ўгит, маслаҳат, панд услубида ёзилган бу рисола неча йиллардан буён ўз қийматини йўқотган эмас. Негаки, бу асардаги ибратли ҳикоятлар умуминсоний қадриятларга мос ва хослиги учун ҳам яшовчандир.
Бу асарни мутолаа қилган ҳар бир инсон авф этиш гўзал фазилатлардан эканига иқрор бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, гўзал хулқ нима?”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавобан ушбу оятни ўқидилар: “Авф-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг” (Аъроф, 199). Сўнгра: “Гўзал хулқ – узилган(қариндошинг)га боғланмоғинг, бермаганга бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғингдир”, дедилар.
Халқимизда “Беайб Парвардигор” деган ҳикмат бор. Инсон хатодан ҳоли эмас. Одамлар бир-бирларининг хатоларини кечириши, тузатиши уларнинг олийжаноб хулқ эгаси эканидан далолат беради. Кечириш қалбларимизни гина-кудуратлардан, хафагарчилик ва озорлардан сақлайди.
Робия Адавиййа роҳматуллоҳи алайҳо вафотлари яқинлашгач, Ҳасан Басрий ҳазратлари ва шогирдларига шундай васият қилган эканлар: “Авф қилишда иккиланманг, ўзингиздан бошқа ҳаммани кечиринг, лекин ўз нафсингизни асло кечирманг. Зеро, у (гуноҳларга мойил бўлиб, Аллоҳнинг ғазабига ва дўзахга тушишингизга сабаб бўлиши мумкин бўлган) асл душманингиздир! Ҳаммани кечиринг! Зеро, комил инсон бошқаларнинг дўзахда азобланишига сабабчи бўлишга асло рози бўлмайди”.
Кўриниб турибдики, кечиримлиликнинг фазилати катта экан. Катталар бу масалада фарзандларимизга ибрат бўлайлик. Биз бир-биримизни авф этсак, келгуси фарзандларимиз ҳам бир-бирларини кечирадилар. Шу орқали яқинлик бардавом этади.
Шодиёр ҲАМРОЕВ
Хатирчи туман “Хўжа Холмуҳаммад”
жоме масжиди имом-хатиби