“Садақа” сўзи луғатда Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу маьно закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади.
“Садақа” уламолар истилоҳида Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш нияти ила тириклик чоғида эвазсиз мулк қилиб беришдир.
Роғиб Асфиҳоний айтади: «Садақа инсон ўз молидан қурбат нияти ила чиқарган нарсадир. Закотга ўхшаб. Аслида ихтиёрий мол чиқаришни садақа дейилади. Фарз мол чиқаришни закот дейилади. Гоҳида ҳар бир яхшилик ишни ҳам садақа дейилиши бор.
1.Садақа унинг қилувчиси қолдирган нарсага яхши ўринбосар бўлишни таъминлайди
Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Банда садақасини гўзал қилса, албатта, Аллоҳ унинг орқасидан қоладиганларга ўринбосарни гўзал қилади», дедилар».
Бир умр садақа қилиб ўтган одам вафот этса, орқасидан қолган болаларининг таъминотига Аллоҳ таолонинг ўзи кафил бўлар экан. Бу фарзандлар оталарининг садақани кўп қилганлиги сабабидан, унинг вафотидан кейин ҳам Аллоҳнинг риоясида бўлар эканлар.
2. Садақа хатоларни ўчиради ва у ила Аллоҳ гуноҳларни мағфират қилади.
Икримадан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша(р.а)га: «Садақа қил, эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради», дедилар».
Шарҳ: Ҳамма нарсани куйдириб кетаётган оловни сув ўчиради. Инсонни икки дунёсини куйдириб кетаётган гуноҳларини эса садақа ўчиради. Бас, билиб-билмай қилган гуноҳларим-хатоларим ўчиб турсин, деган инсон бева-бечораларга, фақир-фуқароларга, етим-есирларга ва муҳтожларга садақа қилиб туриши керак. Ана шунда мақсадга эришади. Садақа фақат маълум катта ҳажмда бўлиши шарт эмас. Бир дона хурмо бўлса ҳам садақа бўлаверади. Садақа оч қолган инсоннинг қорнини тўйдиради. Садақа уни қилган одамнинг хатосини ўчиради.
3.Садақа ёмон ўлимни қайтаради.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради», дедилар».
Демак, банданинг садақаси қабул бўлиб қолса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмон ўлимни даф бўлиши бор нарса экан. «Садақа – радди бало» деган ҳикмат шундан келиб чиққан. Шунинг учун ҳар бир банда яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, балки кичик бир амал билан ҳам улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши, тушуниши ва шунга яраша амал қилиши керак экан.
4.Садақа қиёмат куни ўз эгасига соя солиб туради.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳар ким қиёмат куни одамлар ўртасида ҳукм чиқарилгунча садақаси соясида бўлади» деганларини эшитдим». Язийд: «Абул Хайр бирор кунни ҳам садақасиз ўтказмас эди. Ҳеч бўлмаса, бир бурда қотган нон ёки бир дона пиёз бўлса ҳам», деди». Қиёматнинг даҳшатли жазирамасида ҳамма соя излаб зор юрган пайтда банданинг бошига бу дунёда қилган садақалари соябон бўлиб туради. Ким охиратдаги сояси қуюқ бўлишини, охиратнинг куйдирувчи иссиғидан сояда жон сақлашни истаса, кўпроқ садақа қилиши керак. Абул Хайр розияллоҳу анҳу мана шу ҳадиси шарифни эшитиб қолган, одамларга ривоят қилган, унинг маъносини ўзига тўлиқ сингдирган, яхши билган. Шунинг учун Аллоҳнинг берган куни садақа бериб юрган. Жуда ҳеч нарса топа олмай қолса, бир дона пиёзни бўлса ҳам садақа қилиб, шу ҳадисга амал қилган, қиёматдаги соясини кўпайтирган экан.
5.Садақа бурҳондир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сокинлик ўлжадир. Уни тарк қилиш жариймадир. Намоз нурдир. Садақа бурҳондир. Рўза метин қалқондир. Одамлар икки турлидир. Жонини сотиб ҳалок қилувчи ва фидя тўлаб қутқариб олувчи», дедилар».
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирилаётган ушбу ривоятдаги гаплар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан олинганига ҳеч шубҳа йўқ.
«Садақа бурҳондир».Мўмин киши томонидан бу дунёда ўз мол-мулкидан қилган садақасининг бурҳон бўлиши бир неча хил бўлади. Аввало, молу-мулкидан савоб умидида садақа қилиш - киши иймонининг тасдиғи учун ҳужжатдир. Чунки иймонсиз, мунофиқ одам садақа қилмайди. Қиёмат куни мўмин бандадан мол-мулкини нимага сарф қилгани ҳақида сўралса, бу дунёда қилган садақаси унга бурҳон-ҳужжат бўлади. Қаранг, садақа қилиш - қанчалар яхши иш! Аллоҳ таоло берган мол-дунёни унинг йўлида садақа қилган банда шунчалар бахт-саодатга муяссар бўлар экан. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга кўрсатган лутфу карами. Фақат шу имкониятдан тўғри фойдаланишимиз керак, холос. Мол - мулкимиздан оз бўлса ҳам муҳтож биродарларимизга садақа қилайлик. Шоядки, ўша қилган садақамиз иймонимизнинг тасдиғи бўлса, қиёмат куни мол - мулкни нимага сарф қилганимиз ҳақида сўралганимизда бизга бурҳон бўлса ёки сиймомиздаги бир аломат бўлиб, бу саволдан қутқариб қолса.Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмон бандаларини садақа қилишга тарғиб қилган. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан бирингизга ўлим келиб «Эй Роббим, агар мени оз муддатга тахир қилиб турсангда, садақа қилиб солиҳлардан бўлиб олар эдим», дейишидан олдин Биз сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилиб қолинглар» («Мунофиқун» сураси, 10-оят).
Куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлигида ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб «мени бир оз ўлдирмай тургин, садақа қилиб, аҳли солиҳдан бўлиб олай», дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, садақаларни қилиб аҳли солиҳлардан бўлиб олиш керак. Ана ўшанда ўлим элчиси ҳам ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Ҳа, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади.
Мубинов Жамолиддин
Нурато туман “Янги турмуш” масжиди имом хатиби