Боғий тушунчаси

1-12-2021, 14:30 admin Мақолалар 286

Боғий тушунчаси
Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам деди: “Агар устингизга баъзи аъзолари кесилган бошлиқ бўлиб, сизларни Аллоҳнинг китобига бошласа, қулоқ осинг ва итоат этинг”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деди: “Мусулмон киши яхши кўрган ёки ёмон кўрган нарсасида бўлсин (бошлиққа) итоат қилмоғи лозим. Аммо гуноҳ ишга буюрилганда мустаснодир. Агар маъсиятга буюрилса, (ўша бошлиқни) тинглаш ҳам (унга) итоат қилиш ҳам йўқ”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деди: “Кимки бошлиғида ёмон кўрган нарсасини кўрса, унга сабр қилсин. Чунки бирор киши жамоатдан бир қарич ажралиб вафот этса жоҳилиятда ўлибди”.
Шубҳасиз, мусулмон киши ўз раҳбарига итоат этиши, унинг ҳаққига хайрли дуо қилиши ва бунинг акси бўлган боғийликдан сақланиши лозимдир.
Ислом уламолари фикрига кўра, шариатда боғийларга қарши кураш (жанг) олиб боришга рухсат берилган бўлиб, мусулмонлар мазкур жараёнда ўз раҳбари томонида бўлиши ва унга ҳар томонлама ёрдам беришлари лозим. Шунингдек, боғийларга қарши олиб борилган курашларда ўз раҳбари томонидан туриб ўлдирилган мусулмон “шаҳид” ҳисобланади. Улар тарафдан ўлдирилганларга эса жаноза намози ўқилмайди. Бу ҳақда Бурҳониддин Марғиноний шундай дейди: “Давлатга қарши боғий бўлган ва йўлтўсарлик билан шуғулланганлар ўлдирилса, уларга жаноза намози ўқилмайди, чунки ҳазрати Али розияллоҳу анҳу боғийларга жаноза ўқимаган эди”.
Агар боғийлар тўғри йўлга қайтсалар, улар билан жанг қилинмайди. Раҳбар уларга қарши кураш олиб боришдан олдин уларни тутган йўлларидан қайтариш ва ўз итоатига киришга таклиф қилади ва қарши чиқиш сабабларини сўрайди. Шунда улар ҳал қилиш мумкин бўлган ишни талаб қилсалар ва бу талаб жамият манфаатига зид бўлмаса кўриб чиқилади, акс ҳолда рад этилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонлардан икки тоифа жанг қилса уларнинг ўртасини ислоҳ қилишга буюриб, Хужурот сурасининг 9 оятида шундай дейди: “Агар икки мусулмон тоифаси жанг қилсалар уларнинг ўрталарини аввало ислоҳ қилинг”. Аслида боғийлар билан жанг қилишдан кўзланган мақсад ҳам уларни ўлдириш эмас, балки итоатсизликдан қайтариш ва тўғри йўлга бошлашдир. Шунинг учун раҳбар уларга қарши уруш очишдан олдин тўғри йўлга чақиради.
Боғийларга ёрдам бериш ёки уларга қурол-яроқ сотиш мумкин эмас. Чунки улар сотиб олган қуроллар билан одил раҳбарга қарши чиқади. Шу сабабли жумҳур уламолар боғий ва фитначиларга қурол-аслаҳа сотиш ҳаром эканлигини такрор ва такрор таъкидлайди. Имом Аҳмад: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна вақтида қурол сотишдан қайтарган”, – дейди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримни Моида сурасининг 2 оятида: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!”, – дея ёмонликка кўмак беришдан қайтарган.
Мусулмон раҳбарга қарши чиқмаслик ҳақида ақида китобларда ҳам кўрсатмалар мавжуд. Жумладан, “Шарҳ ақоиди Таҳовий”да қуйидагилар баён этилади: “Раҳбар ва бошлиқларимизга гарчи жабр қилсалар ҳам қарши чиқишни маъқул кўрмаймиз. Уларни дуоибад қилмаймиз, уларга итоат қилишдан бош тортмаймиз. Модомики гуноҳ ишга буюрмас эканлар, уларга итоат қилишни Аллоҳ таолога бўлган фарз итоат деб биламиз. Уларга салоҳият ва офият тилаб хайрли дуолар қиламиз”.

Конимех тумани бош имом хатиби: Р.Яндашев.
https://t.me/joinchat/AAAAAFLpIinp9zqmIIhY-w
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш