Мен Навоий ҳақида илк бор отамдан эшитганман...
Ўшанда бола эдик. Узун қиш кечаларида бутун оиламиз билан сандал атрофида ўтирар, отам Навоий ғазалларидан ўқир эдилар. Тушунмасам-да, ғазаллардаги дилимга таниш оҳанглар мени ром қиларди...
Отам яхшигина рассом ҳам бўлганларидан, колхоз идораси, мактаб, боғча кабилар учун ул-бул нарсалар чизиб турардилар. Бир куни Навоий расмини чизиб беришларини илтимос қилишди. Отам чиздилар – қўлида китоб ушлаб, узоқларга нигоҳ ташлаб одимлаётган, этакларини шаббода ҳилпиратаётган нуроний сиймо... Бу жонли сурат ҳали-ҳануз кўнг ўнгимда...
Бир куни отам “Навоий” деган жигарранг муқовали китобча олиб келдилар. У бобомиз ҳаёти ва ижоди ҳақидаги ҳикоялар тўпламидан иборат эди. Қўлимдан қўймай ўқигандим. Ҳатто унда келтирилган байтлар ҳалигача эсимда...
Болаликда юрагимга тушган Навоийга бўлган меҳр кейин ҳам сўнмади. Олийгоҳда ўқиб юрган кезларимда дилимга яқин сўзларини таниш, маъноларига етиш учун улуғ шоирнинг асарларини ўрганишда давом этдим. Дастлаб, Навоий тили – шеъриятидаги инжа сўзлардан лол бўлиб юрган бўлсам, энди сўзларнинг мантиғидан ҳайратланардим. Ижод мулки ҳазратнинг обид, зоҳид бир инсонлигидан, ишқ аҳли эканидан дарак берарди...
Яқинда “Ситтаи зарурия” китобининг таржима нусхасини ўқиб қолдим. Навоий унда илоҳий низом билан ҳаракатланаётган борлиқ, бандаликка риоя қилиш орқали Аллоҳга яқинликни топиш, икки олам саодати ҳақида теран мулоҳазалар юритади. Инсонга хитоб қилиб:
“(Шундай асл инсонсанки), сенинг тупроғингни олиб келиш учун фаришталар ҳаммоллик қилдилар;
Сенинг (тан) мулкингни яратиш учун фалак майдонлик вазифасини ўтади. Яратилишинг тилсимига қудрат қўли меъморлик қилди. Ўша тилсимга ҳикмат хазинасини кўмиб қўяр экан, ундан фаришталар ҳам бехабар қолдилар;
Қуту қувватлари зикрдан иборат бўлган олий гулшан қушлари (фаришталар) ҳам ёқимли овоз билан сенинг ҳузурингга бош қўйдилар (сажда қилдилар)...”
Бу сўзлар қалбимга титроқ солди. Бизни инсон қилиб яратди!.. Оламлар ичра аълоси қилди. Англаш илмини берди, фитрати пок бўлган фаришталар ҳам қаршимизда бош эгиб, хизматимизга буюрилди. Осмонлар биз учун кўтарилди, ер манзил-макон қилиб оёқларимиз остига тўшалди. Қуёш, ой, юлдузлар биз учун нур сочади. Анвойи неъматлар ичрамиз... Аллоҳ нега бизни бунчалар сийлагани ҳақида эса ўйлаб кўрмаймиз ҳам... “Ажаб эмаски, руҳинг ўлгану сен нафс учун тирик юрибсан. Жонга руҳнинг файзини сўраш ўрнига нафсингнинг ҳузур-ҳаловатига мубталосан”. Шоирнинг бу ҳақ сўзлари ила юзлашиб, “Нафсим (туфайли) хато қилганимда ишим қўрқувдан ўт солувчи фиғон чекиш, киприкларимдан ёш тўкиш бўлди”... Дилим Навоийдан миннатдор бўлди...
“Сўз баёни ҳамиша нафли бўлса ҳам, узайиб кетса, малоллик келтиради ва мақсаддан узоқлашиб кетади”, деганларидек, сўзимни мухтасар қилдим.
Зебуннисо Ҳусайн қизи
манба:muxlis.uz