Ўғил бола тарбияси.

5-05-2021, 11:19 admin Мақолалар 1 544

Ўғил бола тарбияси.

Инсониятни яратиб, оила бўлиб яшашга рағбат этган, ўғил-қиз фарзанд бериб ота-оналик мавқеи билан шарафлаган Аллоҳга беадад ҳамду санолар, шукроналар бўлсин! Инсониятнинг улуғ тарбиячиси, муаллими, намунали оила бошлиғи бўлиб ҳар ишда ўрнак бўлган зот Расулуллоҳ с.а.в га давомли салоту саломлар бўлсин.
Оила муқаддаслиги азалдан саналиб келинади. Лекин фарзандга муносабат турли тарихий даврларда турлича бўлиб келинган. Айниқса қиз фарзанд хурсандчилик саналмаган. Исломгача қизлар ҳатто, тириклай кўмилган. Ислом келгандан сўнг аёл- қизларнинг ўрни кўтарилди. Қизлар тарбияси доимий суҳбат марказида бўлиб келади. Ўғил бола тарбияси ҳақида ҳам бироз фикр юритсак. Оилада жуфтликдан фарзанд туғилиши, ёки фарзандсиз бўлиши, фарзанднинг ўғил ёки қиз бўлиши, баъзан фақат ўғил, баъзан фақат қиз туғилиши Аллоҳнинг ихтиёрида.
Оилада фарзанд туғилса, Аллоҳга ҳамд айтиш суннатдир. Оилада фарзанд тарбияси ота-отанинг энг маъсулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзан ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбияда ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ с.а.в. нинг қўйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.
Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади:
“Набий с.а.в: “Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?” дедилар”.
Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан ота-она тарбияси сабабли бу софликка путур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. Тарбия берилмаса, инсон тарбияли, одобли бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Бола тарбияси мутахассислари: “Боланинг тарбиясини туғилиши билан бошлаш керак”, дейилади.
Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида “одоб”ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, “овқатланиш одоби” дейиш ўрнига “овқатланиш маданияти” дейилади. Исломда инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Дунёдаги одобга бағишланган асарларнинг асосини Ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилган асарлар ташкил қилади.
Тарбияда аввало, ота-онанинг ўзи фарзандга намуна булиши лозим. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, -деган нақл бор. Ўғил бола учун айниқса, отанинг тарбия ўрни муҳимдир. Ота ичувчи, чекувчи бўлса, бола ҳам бу ҳолни кўриб бориб улғаяди. Бироз тетиклашгач, у ҳам аввало яширинча бу ишларни қилиб кўришга уринади. Кейинчалик, рағбати кучаяди. Натижада эътиборсиз ота-она сабаб ўғил ичувчи, чекувчи, сўкадиган бўлиб ўсади. Ота-она алдаса, урса,сўкса, одобдан йироқ ишлар қилса, бола уни кўриб, ўзига қабул қилиб улғаяди. Агар ота-она ҳаёли, одобда оила юритса бола бу ҳолни ҳам ўзида мужассам этиб улғаяди. Айниқса, ўғил болани “кўча тарбиясига”, турли кўнгилочар барлар таъсирига, тунги ёки интернетнинг ғарбона таъсирига яқинлаштирмаслик лозим. Агар бу каби салбий иллатлар билан тарбияланса, келажакда яхши ўғил, яхши куёв, яхши ота бўлолмайди. Ажримларнинг кўп фоизи шундай йигитларга ҳам бориб тақалмоқда.
Қобусномада шундай насиҳат келади: “Эй фарзанд, икки тарафдин ҳам сенинг аслинг ва насабинг покдур ва улуғдур. Бобонг Малик Шамсулмаолий Қобус бинни Вушмагир Аъшақ Фарҳодоннинг набирасидур, Аъшақ Фарҳодон Гилон мамлакатининг подшоҳи бўлган. Гилон мамлакати авлод-аждодингга ундан ёдгор бўлиб қолди. Сенинг онанг султон Маҳмуд Ғозий бинни Насриддин Сабуктагиннинг фарзанди ва менинг момом Дайлимийлар подшоҳи Ҳасан Ферузоннинг қизидур.
Бас, эй фарзанд, аслингнинг қадру қимматини бил ва асли кам одамлардин бўлмағил”.
Бас, эй фарзанд, ҳамиша давлатлиғ ва нематлиғ ва роҳатлиғ бўлмоқ тиласанг, солиҳ одамлар билан ҳамсуҳбат бўлғил. Зинҳор намозни енгил тутмагил, руку ва саждани бажо келтиргил ва намозни енгил тутмоқ дин ва дунёни бермакдир.
Эй фарзанд, билгилким, рўза андоқ тоатдурким, бир йилда бир ой бўлур. Билгилким, рўзада яхшироқ иш улдурким, ўзинг кечлик таомиға қаноат этиб, кундуз нонин очларға ва ожизаларга бергайсан.
Бу ўгитлар доимо ўғилнинг ёдида сақланмоғи учун диний китоблари орасида “Қобуснома” ҳам бўлишини истардим. Чунки китобда бошдан охири қадар ўғилга панд-насиҳат беради, тарбия олади.
Ҳар бир фарзанд аслини, наслини билмоғи, эъзоз тутмоғи лозим. Ўзлигини унутса, хорликка юз тутиши тайиндир. Шунинг учун ота-она ўғилни комилликда тарбиялаб, илм ҳунар ўргатиб, уйлантиришда ўзига мос, оқила, илмли, ҳаёли тарбия топган қизни унга жуфт қилиш лозим.
Туронзамин не-не ўғлонларни ўстирмади. Дин юлдузи Нажмиддин Кубро, ватан фидойиси Ж.Мангуберди, тиб султони ибн Сино, арабларни устози Замахшарий, муҳаддислар султони Имом Бухорий, мардлар суворийси Амир Темур, Темурмалик, дину диёнат пешволари Абу Ҳафс Кабир, Абулайс Самарқандий, Хўжа Аҳрор каби адоғи узоқ боболаримиз сизу бизнинг илдизимиз. Бобуру Навоийнинг илдизи ҳам шу Туронзамин саналади. Ўтмишини англаган ўғилнинг келажаги порлоқ бўлади. Шунинг учун аввало, оилада ота ўз ўрнини билмоғи лозим, тарбияда намуна бўлмоғи лозим. Асрлар давомида энг яхши тарбия манбаи ўтмиш битиклари-дурдона китоблар бўлган. Қайсики оилада китобхонлик яхши йўлга қўйилган бўлса, тарбия, одоб сайқалланиб бораверади.
Ота-она фарзандини “гўдаклик” ёшида кийиш, ичиш, соғлиги учун масъул саналади. “Болалик” ёшида одоб-ахлоққа пойдевор шу ёшда қўйилади. Ота-она бу ёшда ўта мъсулиятли бўлиши талаб этилади. Ота-она 14 ёшдан кейин “ёшлик” босқичи бошланади. Олдинги босқичлардан Аллоҳга меҳр, қўрқув шаклланган бўлса, ёшлик босқичида фарзанд етук Иймон эгаси бўлиб етишади. Бу босқичларда ота-она гўзал намуна бўлиб, фарзанди қалбини сайқаллаши талаб этилади. Зеро, Расулуллоҳ с.а.в: “Ҳеч бир ота-она фарзандларига гўзал тарбия ва яхши одобдан ортиқ бир туҳфа инъом этолмайди”,-деб марҳамат қилганлар.
Фарзанд тарбияси узоқ ва сабр билан етиштириладиган мева. Бу мева етук бўлгач, ота-она унинг Хушбуйлигидан, мазасидан, мукаррам бўлиб баҳра олади. Ҳар ота-она ўғилнинг асл эр йигит қилиб тарбиялаши жамиятнинг талаби ҳамдир.
Эр йигит бўлиб вояга етган ўғлон Ватанининг фидойиси бўлади, наслининг ғурур-шаъни бўлади, ота-онасининг кўз қувончи, юрак мадори бўлади, кичик жамият аъзоси-бир беканинг севган ёри бўлади, Туғилажак фарзандларининг комил таянчи бўлади. Шунгача бўлган жараёнда ота-она сергак бўлинг, намунада комил бўлинг, тарбияда собит бўлинг. Шукроналик ва сабр ортидан Ўғил ўстирасиз. Юзингиз ёруғ, қалбингиз осойиш бўлади.
Юрт корига ярайдиган, асл ўзбекнинг ориятли, ғурурли, қадри баланд йигитлари, куёв эмас ўғиликка номзод, бегликка номзод, ота-она, опа-сингил ор-номуси бўлган Йигитлар доим бор бўлсин!
Ғарбнинг саноғини синдириб,
Ўзи бекга Аллоҳ ёр бўлсин!
Хатирчи туман, “Зарафшон”МФЙ
отинойиси Исломова Марзия.скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш