“Таваккул” иймон-ихлос билан, сабабларини шай қилиб, барча ишларини, фикру мулоҳазаларини Аллоҳ таолога топширишдир. Таваккул инсондан юксак иймон ва эътиқод, мустаҳкам ирода талаб қилади. “Ўйловчининг ўйи битгунча, таваккалчининг иши битибди” деган мақол халқимиз орасида бекорга айтилмаган. Таваккулнинг энг нозик, яхшилаб тушуниб олиш керак бўлган томони шуки, ишини Аллоҳга топшириб, яна ғайрат ва ҳиммат билан ҳаракат ҳам қилиш, қатъият билан мақсад сари интилиш ҳам шарт бўлади. Чунки, мен таваккул қилдим деса-ю, ўзи ҳаракат қилиб интилмаса, бу таваккул бўлмайди.
Таваккул қила олиш инсонга улуғ бахтдир. Инсон кўнглини ризқ-рўз ғами, кийим-кечак ташвиши билан дунё матоҳларига машғул қилса, илм ва касб-ҳунарни эгаллашига вақт кам қолади. Натижада олий мақсадлардан узоқлашади ва гўзал хулқу одобларни ўрганишдан бебаҳра қолади.
Агар нафсинг сани етмиш бошингдан,
На бўлғай фойда етмиш ёшингдан.
Ишинг гар нафс муродин изламак сан,
Агар саксанга умринг етса, саксан.
Ушбу байтларида ҳазрати Сўфи Аллоёр ҳазратлари ўз нафсига қул бўлганларни маломат қилмоқдалар. Инсоннинг ички-ю ташқи дунёсини эгаллаб олган нафси, агар инсон ёши етмишга кирса ҳам нафсининг изми-иродасида юрса, бу ҳаётда яшашидан на ўзига ва на бировга фойда бўлмас. Ишинг бу нафсингни ҳоҳишларини бажариш бўлса, икки дунё саодати учун амал қилмаган бўлсанг, ёшинг саксонга кирса ҳам орттирган мол-давлатингни қўриқлаб умрини ўтказувчи ҳайвон кабидирсан.
Ҳазрат Ҳусайн ибн Мансур Ҳалложга бир йигит:
- Ҳазрат менга инасиҳат қилсангиз! деди. Шунда ул зот:
- Ўз нафсингга ишлов бер, уни яхшилаб тайёрла! Аллоҳга таваккул қил ва нафсингни бирон яхши иш билан машғул қилиб қўй! Агар нафсингни машғул қилмасанг, у сени ўзининг истаклари билан машғул қилиб қўяди, - дедилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Инсоннинг баъзи гуноҳлари борки, уларга фақат дунё тирикчилигини ўтказиш учун чекилган қайғу ва ҳалол меҳнат каффорот бўлади”.
Дунё тирикчилигини Аллоҳга таваккул қилиш билан охират тирикчилигига айлантириш мумкин. Рўзғорни бутун қилиш, кийим-кечак ва бошқа эҳтиёжларни ҳалол йўл билан топиш, мазкур ҳадис ҳукмига кўра ибодатдир.
Демак, ҳар бир қиладиган ишимизда аввало Аллоҳ таолога таваккул қилиб, яхши бўлишини Ўзидан кутиб, астойдил ҳаракат қилсак, бу ишимиз ибодат ўрнида бўларкан.
Хатирчи туман “Оқ масжид”
жоме масжиди имом хатиби Мўйдинов Юсуф