Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

15-12-2016, 14:05 Istamjon Khamrayev Рўза 4 098

Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Муборак Рамазон ойи кириб келмоқда. Бизларни ушбу улуғ кунларга етказган Аллоҳ таолога шукроналар бўлсин. Халқимиз учун меҳр-шафқат, саховат ва мурувват, қаноат ва шукроналик, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик рамзи бўлган бу муборак ой барчамизга қутлуғ бўлсин.
Рамазон ойи кириб келиши билан барча мусулмон халқлар ҳаёти хайр-барака ойига айланиб қолади. Яхшиликлар кўпайиб, ёмонликлар чекинади. Бу муборак ойнинг фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун рўза ибодати ва унинг аҳкомларини яхшироқ ўрганишга ҳаракат қиламиз. Бу улуғ кунлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, буюк аждодларимиз рамазон ойига катта эътибор беришганига, ихлос ила хурсандчиликлари зиёда бўлишганига гувоҳ бўламиз. Бунинг сабаби Аллоҳ таоло бу муборак ойни бандалари учун кўп яхшиликларни жамлаган раҳмат кунлари, ажрлар бир неча баробар қилиб бериладиган, даражалар кўтариладиган, хато ва камчиликлар кечириладиган ойлигидир.
Бу ойнинг яна бир фазилатларидан бири Қуръони каримни бу ойда нозил қилинганлигидир.
Муборак Рамазон ойи кириб келишидан бир неча кун олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба ўқидилар. Унда қуйидагиларни Ибн Ҳузайма ўзининг сахиҳида Салмон Форсийдан ривоят қилган ҳадисда келтиради:
"Эй инсонлар сизларга муборак улуғ ой соя солиб келмоқда. Бу ой шундайки унда минг ойдан яхши кеча бор. Аллоҳ субханаҳу ва таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечасини қоим қилишни эса нафл ибодат қилди. Аллоҳ субханаҳу ва таоло бу ойда банданинг яхши хислатли ишга юзланишини бошқа ойларда бажариладиган фарзнинг савобига тенг қилди. Бу ойда Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирадиган бир фарзни, бошқа ойлардаги Аллоҳ субханаҳу ва таолога яқинлаштирадиган етмишта фарзнинг савобига тенг қилди".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган бу сўз, у кишининг ҳадисига қулоқ солган итоаткор саҳобалари орасида туриб бутун авлодга хитоб қилингандир. Расулуллоҳнинг Рамазон олдидан қилган бу хутбаси Аллоҳга иймон келтирган ҳар бир киши зиммасида собит бўлган икки ҳақни ўзида яширган ушбу муборак ойнинг баёнини ўзида сақлагандир.
Икки ҳақнинг бири, бу муборак ойда бошқа ойлардаги ибодатлардан ажралиб турувчи тоатларни қоим қилиш бўлиб, биринчи навбатда кундузларини рўза тутиб, кечаларини бедор ўтказишдир. Аллоҳнинг китобидаги илоҳий баёнот мана шу ҳақга эътиборимизни қаратади.
"Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз". (Бакара, 183 оят)
Аммо иккинчи ҳақ бу ойнинг ҳурматини ва маросимларининг риоясини қилиш ҳамда ёмонлик, жиноят ва гунох билан бу ойнинг ҳурмати, муқаддас маросимлари савобини камайтирмасликдир.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам бу ойда қилинган оддий бир нафл ибодат учун улкан ажрга эга фарз ибодатини савобини, фарз ибодати учун эса етмиш фарзнинг савоби берилишини айтмоқдалар. Бу эса ҳар бир мўмин мусулмонни бу ойда янада кўплаб савобли амалларни қилишга ундайди.
Рамазон ойи ижтимоий муносабатларда ҳам муҳим аҳамият касб қилади. Бу ойдаги амалларнинг, ҳадисда айтилганидек, савоби етмиш баробар ёки ундан-да кўп бўлгани учун мусулмонлар бу ойда хайрия ишларини янада жадаллаштириб юборадилар. Зеро бу уларга азиз Пайғамбарлари томонидан қолдирилган суннатдир. Бу кайфият ҳатто ёш болаларга ҳам таъсир қилади. Кўп шаҳарларда болалар уйма-уй юриб «Рўза келди» айтишади. Закот ҳам, кўп мусулмон мамлакатларда, жумладан, бизнинг ватанимизда ҳам мана шу ойда берилиши одат бўлган.
Ифторликлар ҳам ижтимоий алоқаларни кучайтиришда, мусулмонларнинг ўзаро бир-бирлари билан борди-келди қилишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу боис динимизда бу ишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким бир рўзадорни ифторлантирса, унга ўшанинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди», – деганлар.
Энг асосийси, мусулмонлар масжидларда тўпланиб таровеҳ намозларини адо этишади. Унда ҳаммалари бир сафда туриб хатми Қуръон қилишади. Ҳеч бўлмаганда, йилда бир бор тўпланиб, Парвардигорларининг Каломини бошидан охиригача тинглашади.
Рўзадор киши очлик-чанқоқлик тортганда, егиси келган нарсаларни ея олмаётганда ўзидан кўра камбағалроқ инсонларнинг ҳолини эслайди, уларнинг ихтёрсиз равишда истаган нарсаларидан маҳрум бўлгандаги кечинмаларини ўз танасида ҳис этади. Бу билан унинг қалбида фақирларга нисбатан шафқат ва мурувват руҳи пайдо бўлади. Уларнинг ҳам истаклари рўёбга чиқиши учун қўлидан келган мурувватни қилишга тайёр бўлади.
Рамазон ойи “Қалбларни поклаш, ахлоқни сайқаллаш ойи”, деб эълон қилганлар Уламоларимиз. Имом Бухорий ҳазратлари ривоят этган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ёлғон, бўҳтон сўзни ва унга амал этишни тарк этмаса, унинг емай-ичмай тутган рўзасига Аллоҳнинг ҳожати йўқ”, дея марҳамат қилдилар”.
Яна рўза одобларидан: рўза тутишни ният этган одам кечалари қорнини ҳаддан зиёд тўйдириб юбормаслиги, балки у кифоя қилгудек таом ейишлиги керак. Зеро, одам боласига қориндан кўра ёмонроқ тўладиган идиш йўқ. У кечанинг аввалида тўйиб олса, кечанинг қолган қисмида ўзига фойда ола олмайди. Шу каби у саҳар пайтида ҳаддан ортиқ тўйиб овқат еб олса, пешин вақтигача ҳеч бир фойдали амал қила олмайди, кўп ейишлик ялқовлик ва фаолиятсизликни келтириб чиқаради. Натижада кўп таом истеъмол этиш ирода этилган мақсадни зое этади, чунки рўзадан мақсад очлик ҳиссини татиш ва иштаҳани тарк этишдир.
Рўзанинг энг зўр хикматларидан бири у туфайли рўзадор соғлиғини тиклаб олади. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Рўза тутинглар - саломат бўласизлар” деб марҳамат қилганлар.
Бир вақтлар рўзани соғлиқ учун кони зарар, деб эълон қилган эдилар ва одамларни мажбурлаб рўзаларини очтиришар эди. Энди эса, рўза тутиш айнан соғлик учун фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолиш ҳақида кўп ва хўб гапирмоқдалар.
Рўза ўша ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва самарали намунасидир.
Рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги энди ошкора айтилмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртлар табиблари очлик яъни, рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Рўза тутмоғингиз сиз учун яхшиликдир”, деган ояти ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Рўза тутинглар - саломат бўласизлар”, деган ҳадислари мўжизаси исбот бўлмоқда.
Азал азалдан ота боболаримиз бу ойни орзиқиб кутишган, бу ойни сўнгини кўзда ёш билан кузатишган, Яратган келаси Рамазонга етказармикин, гуноҳлардан покловчи бу ойда савобли амалларни қилиш яна менга насиб этармикан деган ўйда бўлишган. Аллоҳ таоло бизларни шундай кунларга яқинлаштиряпти экан, бу кунларни ғанимат билишимиз лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазони шариф ва унинг файзу футуҳидан насиба олмоқликни барчамизга муяссар айласин.


Дилшод Эргашев
Кармана туман бош имом хатиби
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш