Судхўрлик (рибо) – қийналган, ночор ёки тўсатдан оғир аҳволга тушиб қолган инсонларга пулни фоиз ундириш мақсадида қарз беришдир. Ҳаётнинг турли хил синовлари ҳар бир одамнинг бошига тушуши мумкин. Кимдир бирор фалокатга учраши яна кимдир оғир дардга чалиниши оқибатида яна кимдир уй ёки тўй қилиш мақсадида бировдан қарз олишга мажбур бўлади. Ночор, пулга муҳтож одамларни танг аҳволидан фойдаланиб бойлик орттириш мақсадида фоиз эвазига судхўрлар қарз берадилар. Қарздорлар қарзларини ўз вақтида қайтара олмасалар судхўрлар ҳатто уларни уй- жойларини тортиб олишгача боришади. Судхўрлик Қурьони карим ҳукми билан қайтарилган амаллардан бўлиб, у билан шуғулланиш улкан гуноҳдир. Ҳар қандай пул, маблағ ҳалол меҳнат билан топилиши керак. Аллоҳ судхўрликни қоралаб, рибо емасликни буюрган. Қурьони каримда очиқ-ойдин; “Эй мўминлар, ( берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз Аллоҳдан қўрқинг! (Шунда) шоядки, нажод топгайсиз!“ -дейилган. Судхўрликдан топилган пул, бойлик ҳаромдир. Ҳадисларда айтилишича; “Банда қорнига бир луқма ҳаромни ютган чоғидан бошлаб –қирқ кун дуоси қабул бўлмайди. Қай кишининг вужуди ҳаром луқмадан бунёд бўлган бўлса у вужуд жаҳаннам оташида ёнмоққа лойиқдир” - ва яна “Кимки ҳаром даромад билан давлат орттирса, сўнгра буни садақа қилиб берса, бунда унинг учун савоб йўқ. Гуноҳи ўз устида қолаверади” – дейилган. Аллоҳ таоло бир бандасига яхшиликни хоҳласа шу бандасига одамларнинг ҳожатларини тушириб қўяди. Аллоҳ ночор, қийналган, одамга яхшилик қилганни яхши кўради. Аллоҳ таоло айтган; “Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг;” Байь (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку! “ -деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байьни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза – насиҳат етгач, (судхўрликдан) тўхтаса у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади) (яьни, ўзи хоҳласа, авф қилар). Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар. Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб биладиган) кўрнамакни ва (судхўрлик қиладиган) жиноятчини севмайди” (Бақара 275-276-оятлар) ва “Эй мўминлар Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз (яьни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз)! “ (Бақара 278-оят ). Сумра ибн Жундубдан (р.а) ривоят қилган; “Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васалам) эрталаб намоздан сўнг, бизларга қараб; “Сизлардан бирортангиз (бу кеча) туш кўрдими, у тушга Аллоҳ хоҳлаганича таъбир айтилажак“ –дедилар. Саҳобалар ;” Йўқ –деб жавоб беришди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом); “Лекин мен бу кеча туш кўрдим, тушимда икки шахс келиб, мени муқаддас жойга чиқариб қўйишди ва юриб-юриб бир анҳор олдида тўхтадик. Анҳорнинг суви қон эди, унда бир киши тикка турибди, соҳилда яна бир киши, унинг олдида эса тошлар жуда кўп. Қачон анҳордаги киши чиқишга ҳаракат қилса, соҳилдаги киши тош отиб, уни ортига қайтаради, унинг оғзига тош отиб, уни қайта ўз жойига тушуриб юбораверади. Шу иш доим тўҳтамасдан такрор бўлиб турибди” - дедилар. Сумра ибн Жундуб; ”Анҳордаги киши ким?” –деб сўради. Расулуллоҳ (алайҳиссалом); “Рибо еювчидир (судхўр) –деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) рибо ейдиган ва шуни ейишга сабаб бўлган кишиларнинг ҳаммасига лаьнат айтганлар. Судхўрликка гувоҳ бўлган кишиларга, яьни “Фалончи пистончидан шунча қарз олди, фалон муддатга – устига шунча қилиб қайтариши лозим“ –деб ҳужжатлаштириб берган кишига ҳам лаьнат айтганлар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) шундай марҳамат қилганлар; ”Жаннатга кирдим ва эшиги устида ёзилган ушбу ёзувни кўрдим; “Садақага 10 та савоб, қарзга 18та савоб“ дедимки; Эй Жаброил, қандай қилиб садақага 10 та савоб, қарзга 18 та савоб бўлади. Дедилар; “Чунки садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушиши мумкин, лекин қарз фақат муҳтож одам қўлига тушади.“ ва яна “Кимки қийналиб қолган қарздорга муҳлат берса, ҳар кунига ўша берган пулини ёки молини садақа қилган баробарида савоб олади то муҳлат куни етгунча. Белгиланган кунга етгач яна муҳлат берса, ҳар кунига ўша молнинг икки баробарини садақа қилганни савобини олади. “Кимки пул қарз берса, ёки соғин сигирини қарз берса, ёки адашган кишига йўл кўрсатса, қул озод қилгандек савоб олур”. Аллоҳдан қўрққан банда гуноҳлардан тийилиб солиҳ амалларга қилишга интилади. Илоҳим Аллоҳ таоло барчамизни имон-этиқодли, ҳар жихатдан етук, Ўзини розилигини қозонган азиз мўминлардан қилсин. Савҳу хатоларимизни кечириб, қалбларимизни Ислом нури билан зийнатласин.
Навоий Шаҳар “Дўстлик” МФЙ отинойоси Ш.Сувонова
Навоий Шаҳар “Дўстлик” МФЙ отинойоси Ш.Сувонова