Меҳрнинг чексиз кучи!

18-09-2020, 15:31 admin Мақолалар 490

Баъзи ҳодисалар қанчалар бизни ранжитса, баъзилари шундай яхши инсонлар орасида яшаётганимиздан фахрланишга ундайди. Қуйидаги воқеа яхшилар ҳақида. Сиз хам ўқиб фикр билдиринг.
Бозор қилиб шошганча такси томон борар эканман, бир аёл елкамга қўлини қўйди. Мен беихтиёр у томон қарадим. Лекин аёлни танимадим. Аёл кўзларида ёш билан мени қучоғига тортди. Қаттиқ қучиб олиб йиғидан аранг ўзини тўхтатди.
-Мени танимадингизми?-деди аёл хўрсиниб.
Йўқ холажон танимадим, лекин кўзимга иссиқ кўриниб кетдингиз. Минг бор узр.
Шу сўзларни айта туриб 3 йил олдинги ҳолат кўз ўнгимда гавдаланди.
Туманимиздаги юқумли касалликлар шифохонаси. Ундаги хонадошимнинг ҳолати. Касалликни енгил тури билан оғриб шифокорлар кўригига бордим. Улар ётиб даволанинг, касаллик ўтиб кетибди. Асоратлари қолиши мумкин деб шифохонанинг бир палатасига жойлаштиришди. Хонага кириб жойлашар эканман бир жувоннинг қорайиб кетган териси, кўзлари киртайиб ич-ичига ботиб кетган, ариқлигидан суяклари чиқиб кетган ҳолатини кўриб алланечук бўлиб кетдим. Нимжонгина жуссасини бироз қимирлатиб мен томон қаради ва салом берди. Ҳамсуҳбат хонадош келганидан хурсандлиги билинғб турарди. Бу ҳолни кўриб эсанкираб қолиб унинг боши устида парвона бўлиб турган онаизорни пайқамабман.-Яхшимисиз қизим-деган гапни эшитиб ўзимга келдим. Ҳол-аҳвол сўраб краватимга ётдим. Орадан бир соатлар ўтиб жувонни кўргани болалари ва турмуш ўртоғи келди. Мен билан сўрашиб жувонга юзланган эри қувноқ ҳолда у билан сўрашиб шифокор ёзиб берган қоғозни олиб дорихонага чиқди. Болаларини кўриб жувон бирам хурсанд бўлди. Буни унинг юз ифодасидан билиб олиш қийин эмас эди. Болалар бирам интизомли, шўхлик қилиш йўқ, эркаланиш йўқ, уларда катталар ҳис қилаётган қандайдир ғашлик мужассам эди гўё. Ҳали иккаласи хам мактаб ёшига етмаган бу гўдакларни ҳаёт қандай синовлари билан бундай ҳолга келтириб қўйганлигидан ҳайратга тушдим. Жувон худди катта ёшдаги болаларга тайинлагандек гўдакларига бир юмушларни буюриб улар билан хайрлашди. Турмуш ўртоғи шошганча дорилар пакетини аёлига тутқазиб болаларини олиб чиқиб кетди. Жувоннинг онаси бизга дастурхон ёзиб овқатланишга чақирди. Мен бироз иккиланиб жувоннинг ёнига бордим. Чунки унга туриш мумкин эмас эди. Бирга овқатланганимизни кўрган онанинг юзларига кўз ёшлар шашқатор бўлиб оқди. Лекин буни қизидан яширишга ҳаракат қиларди. Менинг аҳволим бу жувонга нисбатан яхшироқ бўлгани учун она қизини менга топшириб уйига кетди. Жувон билан ёлғиз қолдик. Унинг бутун танаси қандай қийналаётганини айтиб турсада, асло нолимади. Қўлига тўқиш ипини олиб чаққонлик билан женфир тўқий бошлади. Орада қонсиз лабларини қимирлатиб сўз қотди. Опажон менга қараётган шифокоримга женфир тўқияпман деди мулойимлик билан. Ахир қўлимдан келадигани шу. Жувон қўлларини тўқишдан тўхтатмай мен томон қаради. Опа мен билан овқатланишдан қўрқмайсизми? Ахир уйдагиларимдан бошқа ҳеч ким менга яқин йўламайди. Қанчадан қанча шифохоналарга ётдим. Одамларнинг тили билан айтмасада юз ифодасидан уларнинг ичини билиб оладиган бўлганман. Лекин сизнинг самимий ва қўрқмай мен билан овқатланганингиз мени ҳайрон қолдирди-деди жилмайиб. Мен унга токим Аллоҳ хохламаса танамизнинг бирор жойига тикан ҳам суқилмаслигини айтдим. Ва унга Аллоҳнинг синовларига сабрли бўлсак албатта мукофотини олишимиз мумкинлигини айтиб юпатдим. Касаллик ҳам бир неъмат. Ёнингизда юрган онангиз, фарзандларингиз, турмуш ўртоғингиз энг юксак Аллоҳнинг неъматларидандир. Сиз умидсиз бўлманг. Олдинга қараб интилинг, барча яқғнларингиз учун тузалинг. Мана шу Меҳр сизни қоронғуликдан ёруғликка олиб чиқувчи йўлдир дедим. Жувон ярқ этиб мен томон юзланди. Опажон сизга раҳмат, сўниб бораётган қалбимга умид бағишладингиз деди. Кунлар шу зайлда ўтаверди. Жувон мендан ҳар кун, ҳар тун насиҳат қилишимни сўрарди. Унинг кўзлари қувонч ва меҳрдан, умиддан порлаётганди. У энди бемалол ўрнидан турар, менга яқин келиб Аллоҳнинг каломидан ўқиб беришимни илтимос қиларди. Бир куни жувоннинг қайнонаси уни кўргани келиб ҳайрон қолди. Келинининг тузалаётганидан хурсанд бўлиб мени қучоғлаб ўпди ва миннатдорчилик билдирди. Қизим Аллоҳ қилган барча яхши амалларингизни қабул қилсин. Ўғлим сиз ҳақингизда кўп гапиради. Келинимнинг кундан кунга яхши томонга ўзгараётганига сизнинг ҳиссангиз катта бўлаётганини айтяпти деди. Бу Аллоҳнинг иродаси дедим аёлни юпатиб. Аёл мени четга тортди ва келинининг ҳаётини сўзлаб берди. Ўғлим ва келиним бундан 8 йил олдин севишиб турмуш қуришган эди. Уларга ҳамманинг ҳаваси келарди. Нима бўлди-ю келиним шу касаллик билан оғриб қолди. Шифокорлар умидингни уз, энди дори дармон қилишнинг фойдаси йўқ дейишига қарамай кеча-ю кундуз ишлаб топгани дори-дармонга кетяпти. Ҳақиқатдан ҳам эри 2 жойда ишлар экан. Уйда қўлга илинадиган ҳеч нарса қолмабди. Қайнота-қайнона бир кун келиб қизимизни олиб кетамиз, бошқага уйланинг дейишибди. Куёв кўнмабди. Бизни энди фақат ўлим бир-биримиздан айириши мумкин. Мен аёлимни тузалишига ишонаман дебди. Бир кун қайнота қўлида пакет билан кириб келибди. Ранглари ўчган. Куёвига пакетни бериб уйга кирди. Оёқлари шалаббо ҳўл. Оёқ кийим кийишга ярамай қолган, аммо янги поябзал олиб куёвига олиб келибди. Чунки эр ҳам аёлимни қаратаман деб ўзига кийим олмас, жувоннинг ота-онаси ҳам шу аҳвол. Қайнотани аҳволи куёвнинг қалбини эзиб юборди. Ўзингиз кийинг менда кийишга нарсаларим кўп деб қайтариб бериб юборди. Қизи 7 ёшда уй юмушларини барчасини қилади. Укасига қарайди, уйни сарамжон тутади, ҳамма жой тозаликдан ялтиллайди. Онасининг беморлиги улардан болалигини тортиб олгандек гўё, улар тенгқурларига ўхшаб шўхлик қилиб ўйнашмайди, отасига ўйинчоқ олиб беринг деб хархаша қилишмайди. Катталар каби мулоҳаза қилашади. Улар эрта улғайиб, қалби зада бўлган беғубор мурғак гўдаклардир. Бу гапларни эшитар эканман йигитга разм соламан. Аёлини эзозлаши, ҳатто чарчаганини яшириши мени ўзига жалб қилди. Кунда 2 марта хабар олишга ҳам улгуради. Сен қандай бўлмасин тузалишинг керак дея ҳорғин, киртайган кўзлари билан аёлига умидла тикилади. Улар кетишгач жувон билан ёлғиз қолганда шу яқинларингизни меҳри сизни шу дунёда тутиб турибди. Аллоҳ раҳмли. Тангри ҳеч кимга тоқатдан ташқари юкни юкламайди. Аллоҳга ишонинг ва фақат шифони ундан сўранг дедим ва шифохонадаги ҳаётим поёнига етиб уйга қайтдим. Шу жувоннинг ҳаётига қизиқиб бошида кўп сўраб-суриштирдим. Кейинчалик ўз юмушларим билан бўлиб кетдим. Бугун эса мени қучиб йиғлаган аёл шу жувоннинг қайнонаси эди. Унинг мени қучиб йиғлаши қалбимни остин-устун қилди. Келини вафот этган бўлса керак деб секин юзига тикилдим ва мен сизни танидим, жуда яхши танидим дедим титраган овозда. У эса ўзида йўқ хурсанд эди. Келиним тузалиб кетди деди қувониб. Ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланяпти. Яна бир қизлик бўлишди. Ўша шифохона, сиз билан ҳамсуҳбат бўлганингиз келинимда у кунлар туб бурилиш бўлди деди хурсанд ҳолда қайнона. Бу гапларни эшитар эканман қанчалар бахтиёр эканлигимга Аллоҳ гувоҳдир. Аёл мен билан илиққина хайрлашди. Бемор аёлини еру кўкка ишонмай тинмай қаратган ҳақиқий мард инсон, бор-будини фарзандига сарфлаган ота-она, болалик гаштини сура олмаган икки гўдакнинг ҳозирда қанчалар бахтиёр ҳолатини тасаввур қилиб ич-ичимдан севиндим.
Уларнинг бу бахтлари умрларининг охиригача давом этишини Аллоҳдан сўраб дуо қилиб қолдим.


Шоназарова Меҳригул
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш