ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИНИ ТЎЛА АДО ЭТИНГ!

3-07-2020, 15:23 admin Мақолалар 713

Китобларни варақлаб ўтириб бир ҳикояга кўзим тушди:
“Қадим замонларда икки қўшни бўлган экан. Бири бой, иккинчиси камбағал. Бой киши камбағалнинг ҳолидан хабар олиб турар, тез-тез харажат қилиб, бегона одамлар орқали қўшнисиникига киритар, имкон топди дегунча уларга ёрдам қўлини чўзаркан. Камбағал киши ҳам қўшнининг бу мурувватидан хабар топиб, уни ғойибона дуо қиларкан.
Бир куни бой тижорат сафарига кетибди. Икки ойдан кейин қайтиб келиб, хотинининг қўлига бир халта олтин бериб, буни алоҳида олиб қўйишни таъйинлаб унга Ҳаж сафарига боришни айтибди. Кейин хотинидан шаҳарда нима гаплигини, қўшнисининг аҳволини суриштирибди.
Хотини гап орасида қўшнининг қизчаси оламдан ўтганини айтибди. Кейин эса:
-Келишингиз билан қўшнингизни сўрадингиз, сиз доим уларни ўйлайсиз. Улар эса таомларини ўғлингиздан қизғанишади...
Бой қўшниси билан гаплашиш асносида хотинининг ўпкасини унга билдирибди. Қўшни эса унга узрини баён қилиб:
-Бу ой жуда қийналдик. Очлик силламизни қуритди. Кичик қизимни жони нон, деб узилди. Бир куни ўтин териб келаётсам, йўлда ҳаром ўлган эчки ётибди. “Аллоҳим, зарурат менга бу ўлимтик гўштини ҳалол қилди” дея уни олиб келиб таом тайёрладим. Ўғлингиз ўша гўштдан емоқчи бўлганда бермадим. Чунки ўлимтик гўшти сизларга ҳалол эмасди... - дебди.
Бу сўзларни тинглаб, бойни дарду-дунёси қоронғулашибди. Гулдек гўдакнинг ўлимида ўзини айбдор сезибди. “Ўша сафарга бормасам, қўшним қийинчилик кўрмасди, қизчаси ҳам очликдан ўлмасди!” – дея ўзини маломат қилибди. Кейин эса ҳаж сафари учун йиққан пулини қўшнисига берибди...
Ҳикоя шу жойга етганда бир оз хаёл олиб қочди. Бир-бир қўшниларимни ёдга олдим, уларнинг қай бири бугун оч қай бири тўқ? Қай бирининг мушкулоти бор, қай бирининг боласи касал? Қайси бири шифосиз дардга чалинган, қай бирининг кўнгли ярим?..
Афсуски, бугун кўпчилигимизни бу каби саволлар қийнамай қўйган. Кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиганлар аксар ватандошларимиз эса қўшниларини ҳатто танимайдилар...
Шу ҳолимизда бизларни қўшниларга нисбатан сабрли бўлишга, шунингдек, уларга яхши муомала қилиб, хайр-эҳсон ва ҳадялар улашишга чорлаган Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га муносиб уммат бўла оламизми.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу борада биз умматларга бундай тарбия берганлар: “Қўшнининг ҳақи нималигини биласизми? Ёрдам сўраса, ёрдам берасиз. Қарз сўраса, қарз берасиз. Камбағаллашса рўзғорига мадад бериб турасиз. Омад кулиб боқса, уни қутлайсиз. Бошига мусибат тушса, таъзиясида бирга бўласиз.
Ундан рухсат бўлмаса, уйингизни унинг уйидан баланд қилиб қурмайсиз. Чунки уйингизни баланд қилиб қурсангиз, унинг нимасигадир тўсқинлик қилиб қўясиз. Унга азоб бермайсиз. Жоним измида бўлган Зотга қасамки, қўшни ҳақини фақат Аллоҳнинг марҳаматига ноил бўлган бандаларгина ўтай олади” (Имом Байҳақий ривояти)
Ўзингизни бир тафтиш қилиб кўринг, Сиз бу вазифаларни қай бирини бажаришни уддасидан чиқяпсиз. Бугун қўшнингизни оғирини енгил қилдингизми?
Ҳикоянинг давомида ўша бойга берилган ажр баёни келади. Ҳаж сафаридан келган ҳамшаҳарлари бойни кўриб ҳайрон қолишади:
“Ахир, Маккаю Мукаррамада олган совғаларингизни бизга бериб, кейинроқ бораман дедингиз-ку! Қандай қилиб бунчалар тез етиб келдингиз?!”
Аллоҳ таоло бир фариштасини бойнинг кўринишида Ҳаж сафарига жўнатган экан! Бу бир мўмин банда орзу қилиши мумкин бўлган энг буюк мукофот эмасму?!
Азизлар, шундай нусратларга, гўзал оқибатга эришишни истасангиз қўшни ҳақларига диққатли бўлинг! Шунда ўзингизга ҳам, оилангизга ҳам даргоҳи илоҳийдан файзу баракот ёғилади, иншоаллоҳ!


Навоий шаҳар “Орзу” МФЙ отинойиси Г.Усмонова

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш