Шарқона одоб – ахлоқ маънавият пойдевори

7-01-2020, 11:48 admin Мақолалар 1 052

Инсонниг асл отаси – бу унинг адаби. Балки адаб бебош фарзанд учун отадан ҳам яхши тарбиячидир! (Маҳмуд Замаҳшарий)


Луқмони Ҳакимдан:
- Насиҳатларингизнинг кўписини ёшларга, аммо ёши каттароқларга камроқ насиҳат қиласиз, бунинг сабабини билсак бўладими?, – дея сўрашди. Луқмони Ҳаким шундай жавоб бердилар:
- Боғбон ерни юмшатиб кўчат ўтқазиб, унинг атрофини хас – хашакдан, зарарли ёввойи ўтлардан тозалаб, керак бўлган вақтда сув билан ўғит бериб турса, тез вақтда дарахт етилади, унумли, серҳосил бўлади. Болани ҳам ёшлигидан бошлаб яхшилаб тарбия қилинса, гўзал ахлоқли, одобли этиб ўстирилса, у бола нафақат ўзига, ота – онасига бахт – саодат келтиради, жамият учун фойдали, керакли инсон бўлиб етишади, дедилар.
Шундай экан ҳар биримиз тарбия, одоб – ахлоқ борасида масъулиятли бўлишимиз, бунга қўл учи – тил учида эмас, бутун қалб – вужуд билан ҳис қилиб, англаб етган ҳолда ёндашмоғи даркор. Ҳар нарсадан ҳам аввало ахлоғимиз, одобимиз, тарбия – маданиятимизни гўзал қилмоғимиз, дастурхонимизда егулик бўлмасада адабимизни юксалтириш йўлидаги барча чора – тадбирларни ўз – ўзимизда қўлламоғимиз бизни янада юксалтиради, комилликка етаклаб, яхшиликлар билан қаршилаштиради.
“Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшилликка ундалса ва ўргатилса унинг устида ўтаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота – онаси ҳамда одоб, таълим –тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”. Тарбия ҳақидаги Имом Ғаззолийга тегишли бўлган ушбу ўгит айниқса бугунги кун ота – оналари, бугунги кун ўқитувчилари, бугунги кун ёшларига ва албатта бизга тегишлидир.
Ҳозирги вақтда ёшларни буюк аждодларимиз каби гўзал хулқ ва одобли, кенг қамровли - билимли, дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган даражада камолотга эришишларини, юксак маънавий мезонлар билан уйғунлашган умуминсоний қадриятларни чуқур ҳурмат қилиш руҳида улғайишларини таъминлаш борасида барча бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилиши энг муҳим ва энг долзарб вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади, чунки ҳозирги глобаллушув даври, техника даврида истаймизми йўқми ёшларимиз, фарзандларимиз, қўйингки, ҳатто ўзимизнинг ҳам тарбия ва одоб – ахлоқимизга мувофиқ бўлмаган информациялар, турли хилдаги ножоиз, хунук ахбаротлар кириб келмоқда, кўп йиллик тарихга эга ўзбек миллатининг ўз урф – одатлари, маданияти, тарбия йўли, маънавияти бор бўлсада, афсуски баъзи ҳолларда “Оммавий маданият” ўз таъсирини етарлича кўрсатмоқда. Ҳар биримиз шуни унутмаслигимиз керакки МИЛЛИЙЛИККА ТАҲДИД – КЕЛАЖАККА ТАҲДИД солажактир.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида бундай дейдилар: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”(Имом Муслим ривояти). Ҳуснихулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки ҳуснихулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф-муҳитга ундан фақат манфаат етади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Амин саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзи – марваридлари ҳам барчамизга маълум ва машҳурдир: “Қиёмат кунида мезон тарозусида энг оғир келадиган амаллардан бири – бу Аллоҳ таолодан тақво қилиш ва ҳуснихулқликдир”. Яна бир ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Ей умматларим! Сизлар бир-бирингизни ҳеч қачон молу- давлат, хайр-у эҳсонлар билан батамом миннатдор қила олмайсизлар. Бинобарин, очиқ юзлик ва хушхулқлик билан бир-бирларингизнинг розиликларингизни топишга ҳаракат қилингизлар”, – дейилган (Имом Баззор ва Байҳақий ривояти).
Шунинг учун бўлса керак фарзандларга чиройли одоб-ахлоқ ва илмни ўргатиш нафл ибодатдан кўра афзал ва савоблироқ, деб кўрилади. Яхши фарзанд мевали дарахтга ўхшайди, фасллар қанча алмашмасин у гуркирайверади, қор – ёмғир, дўл – довул келса-да, эгилса – букилса, баъзан синсада ўзидан аввал ўтиб кетган ота – онасига унинг садақаи жорияси узлуксиз етиб туради. Бу ҳам албатта, берилган гўзал ахлоқ – одоб, тарбия биландир. Яхши хулқ-одоб белгилари ўн хил бўлади: Биринчиси – хайрли ишларда одамлар билан зиддиятга бормаслик. Иккинчиси – ҳис-туйғу ва эҳтиросларга берилмаслик. Учинчиси – ўзгаларнинг камчиликларини қидирмаслик. Тўртинчиси – бировларнинг бахтсизлигига ҳамдард бўлиб, уни тўғри тушуниш. Бешинчиси – агар айбдор ўз айбига иқрор бўлса, уни авф этиш. Олтинчиси – муҳтожларга ёрдам кўрсатиш. Еттинчиси – кишилар тўғрисида ғамхўрлик қилиш. Саккизинчиси – ўз нуқсонларини кўра билиш. Тўққизинчиси – одоб-ахлоқли бўлиш. Ўнинчиси – хушмуомала бўлиш. Сарвари олам шундай марҳамат қилганлар: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”, (Имом Ҳоким ривояти).
Шарқ алломалари ўз асарларида фарзандларга тарбия ва таълим бериш, уни маърифату маданиятга етаклаш муаммоларига эътибор берилган. Уларнинг ёшларни ҳалол меҳнат билан ҳаёт кечиришга ундайдиган, холис ва эзгу ишлар билан эл – юртга наф етказадиган, тириклик мазмунини теран англаб, тўғри хулоса чиқарадиган инсонлар бўлишига ундовчи ҳаётий қарашлари, ҳикматларнинг аҳамияти беқиёсдир.
Азалдан Шарқ - олимлари, мутафаккир – уламолари билан айниқса машҳурдир. Балки шунинг учун бўлса керак, Шарқона одоб – ахлоқ кўп миллатларда ўз аҳамияти, ҳурмат – эътиборига эга. Ажаб эмаски, Шарқда етишиб чиққан кўплаб олим-у уламолар барокатидан, фазилатидан Шарқона одоб – ахлоқ маънавиятимиз пойдевори бўлиб хизмат қилган бўлса. Аллоҳ таоло юртимиздан келажак авлодлардан ҳам авлиёю муфассирлар, муҳаддису фақиҳлар ва бошқа соҳаларда етук олимлар чиқишини насиб этсин. Ҳамда бизни ҳам ушбу пойдеворнинг бир парчаларидан қилсин. Амийн Я Роббил Аъламийн!

Кармана тумани бош имом – хатиби М.Юнусов

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш