Миллийликка таҳдид – миллатга таҳдид

3-01-2020, 09:39 admin Мақолалар 602

Юрт борки ўз тарихи бор. Миллат борки, ўз қадрияти, урф-одати, анъана ва маданияти бор. Бу урф одатлар, қадрият ва маданиятлар миллатнинг савиясини, заковат ва фаросатини, эътиқоди ва ишончини ўзида акс эттириб туради. Бу иборалар қисқа қилиб МИЛЛИЙЛИК деб аталади.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, биз яшаб турган юрт аҳлининг миллий урф одатлари, анъана ва қадриятларининг жудаям кўп қисми муқаддас Ислом динимиз таълимотлари билан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннат деб қолдирган амаллари билан чамчарчарс боғлиқ бўлиб кетган. Чунки, ота-боболаримиз Ислом динини маҳкам ушлаганликлари сабабли, суннатларга қаттиқ эътибор берганликлари сабабли оилада, жамиятда шаклланган гўзал ахлоқлар, одоб ва маданиятлар миллий урф одат номи билан сақланиб қолган. Мисол учун, ота-онани ва ёши катталарни ҳурмат қилиш, кичикларни иззат қилиш, меҳмонга мулозамат қилиш, аёлларимиздаги ибо-ҳаё, эркаклардаги ғурур, ор-номус, ўзаро салом алик, қўни қўшничиликдаги олди-бердилар, ўзаро ҳашарлар, бемор кўргани бориш, хурсандчилик ва мусибат вақтида ҳассакашлик қилиб туриш ва ҳоказо.... каби амаллар бизга оддийгина ўзбекона урф-одат бўлиб кўринсада, бу таълимотлар остида айнан Ислом динининг талаблари турибди.
Бугун кўпчиликка миллийлик ҳақида, миллий ғоя ва миллий маданият, қадрият ҳақида сўзласанг энсаси қотиб, суҳбатни бошқа томонга бургиси келади. Кўпчилик эса, миллийликнинг асл моҳиятини англаб етмайди. Аслида, биз келажак ҳақида гапирар эканмиз, порлоқ келажакни орзу қилар эканмиз, миллийлигимиздан айро тарзда бу орзуни амалга оширишдан қўрқишимиз керак. Чунки, миллийликдан айро тушишимиз, Исломдан айро тушишимиз деганидир. Миллий қадриятларга бепарволик, Исломий таълимотларга бепарволик деганидир. Битта миллий қадриятни тарк этиш, битта суннат амални тарк этиш деганидир. Қисқа қилиб айтганда миллийлигимизга бепарво бўлиш, ҳалокатга юз тутиш ва Ислом динидан узоқлашиш деганидир. Агар ҳаётимиздан битта миллий урф одат, қадрият чиқиб кетадиган бўлса, унинг ўрнига бир ғайридиннинг урф одати, Ислом таълимотига, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига зид бўлган бир одат кириб келади. Бу эса, келажагимиз учун ниҳоятда хатарлидир. Чунки, келажак бу бизнинг зурриётларимиз билан, жондан азиз фарзандларимиз, набираларимиз билан қурилади. Ўз пушти камаримиздан бўлган бу авлодни Исломий таълимотлардан узоқлаштирган ҳолда, “Оммавий маданият” дея аталиб, Аллоҳнинг ғазаби сари чорлаётган тубан ва қоронғу йўл устида ташлаб кетишга наҳот рози бўлсак? Наҳот авлодларимиздан бир жинсли никоҳга рози бўладиган, ҳайвонлар ила оила қуришни маданият деб номлайдиган, никоҳни, одоб ва ахлоқни, қуда – андачиликни, меҳр оқибатни “эскилик сарқити” дея номлайдиган бадбахтлар чиқишига жим қараб турсак?
Ўйлайманки, хеч ким бунга рози бўлмайди. Ҳеч қайси ота она ўз жигарбандини жаҳаннам азобида куйишини ҳохламайди. Бунинг учун эса хозирдан ҳаракат қилишимиз керак. Фарзандларимизга миллийлик деган тушунчани сингдиришимиз шарт. Агар бу ишни биз қилмасак, ўрнимизга бу ишни бошқалар бажаради. Кейин кеч бўлади. Биз нафақат ўз урф одатларимизни, балки динимизни ҳам йўқотамиз. Келажагимизни йўқотамиз. Ҳаловатимизни йўқотамиз. Йўқотган нарсаларимизни қайта тиклаш учун эса умримиз етмайди. Тўғри, бу иш осон бўлмайди. Чунки, ғарб ва европа давлатларидан кириб келган қанча-қанча урф одатлар, “оммавий маданият” ниқоби остидаги бир қанча ҳаракатлар ўз кучини кўрсатиб, анчагина кишиларни ўз таъсирига тортишга улгуриб бўлди. Бироқ, бу бизни таслим бўлишга, “Энди кеч бўлди, нимаям қила олардик”, деган баҳонани рўкач қилишга сабаб бўлмайди. Ҳаким зотлардан бири шунда деган эди: “Агар ҳаво қаттиқ исиб ёки совиб кетса мен ҳароратни мўтадил қилишлик учун яшаб турган юртимдаги бир катта тоғ устига ҳаво иситгич ёки ҳаво совутгич қўя олмайман. Чунки, бунга маблағим ҳам, шароитим ҳам тўғри келмайди. Бироқ, фарзандларим ва яқинларимнинг, ўзимнинг ушбу ҳаводан азият чекишимизга ҳам жим қараб туролмайман. Мен қўлимдан келадиган ишни қиламан. Яъни, ўз уйимга, кичкинагина хонадонимга ҳавони мўътадил қиладиган бир воситани ўрнатаман. Ташқаридаги иссиқ ёки совуқ менга ва оиламга таъсир қилмайди”.
Хулоса шуки, ҳар ким ўз оиласини ташқаридаги зарарли об-ҳаводан сақлаш учун ўз шароитидан келиб чиқиб ҳаракат қилса, ўз оиласи учун муносиб шароит яратиб берса олам гулистон бўлади. Чунки, жамият оилалардан, кимларнидир жондан азиз фарзандларидан ташкил топгандир. Қолаверса, биз энг аввало ўз аҳлимиздан, фарзандларимиздан сўраламиз. Қилаётган тўйларимиз, кўраётган концертларимиз, қарсак чалаётган томошаларимиз ҳақида ўйлаб кўрайлик. Биз маблағимизни нимага сарфлаяпмиз? Хузур қилиб кимни олқишлаяпмиз? Қилаётган ушбу амалимиз орқали ниманинг ривожига ҳисса қўшяпмиз ёки ниманинг келажагига болта уряпмиз? Энг аосийси, ким тарафдамиз? Кимга исён қиляпмиз ёки кимни рози қиляпмиз? Дин учун, миллат учун, ватан ва халқ манфаати учун ўз ҳиссамизни қўшмаяпмизми, лоақал зарар келтирмайлик.
Алҳамдулиллаҳ, бугун юртимиз тинч. Халқимиз форовон ва хотиржам. Чегараларимиз мустаҳкам. Ташқи душман ёмонлигидан омондамиз. Бироқ, бизга қарши бўлаётган маънавий хуружлар, миллийлигимизга бўлаётган ҳар хил таҳдидлар нафақат бизга, балки, келажагимизга қарши, ўзбек деган миллатга, Ислом деган муборак диннинг таълимотларига қарши очилган пинҳона уруш эканлигини унутмайлик. Ушбу йўлда бўлаётган таҳдидларга қарши матонат билан, ақл ва тафаккур билан, илм ва маърифат билан биргаликда курашайлик.

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек
Манба: Muslim.uz
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш