Залворли юк

30-01-2018, 13:06 admin Мақолалар / Янгиликлар 1 223



Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 80 йиллигига бағишланади

Ўлим ҳақ, ундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Бироқ, гап қанча яшашда эмас, қандай яшашда. Шундай инсонлар борки, вафотидан кейин ҳам номи абадий яшайди. Халқ уларни эъзозлайди, ибрат маёғи сифатида қабул қилади. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти марҳум юртбошимиз ҳам ана шундай қаҳрамонлардан эди. У киши миллатга мадад, ёшларга қанот бердилар. Ҳаётдан кўз юмишлари эса биз учун катта мусибат бўлди. Шу вақтгача бирор марта халқнинг бунчалик йиғлаганини, ич-ичидан эзилганини кўрмагандик. Уйқуларда ҳаловат йўқ, ёшу қари бирдек қайғуда, кўзларда нам, юракда ғам. Бу залворли юкни кўтариш анча қийин бўлди. Бу инсон энг оғир дамларда бутун ўзбек халқига қанот бўлди, далда берди, оталарча мурувват кўрсатди. Халқ буни кўрди, англади, ҳис этди,  тан олди. Қанийди ҳамма у кишидек бўлса, деб ҳавас қилганлар қанча. Энг яқин, энг қадрли, жондан азиз кишисини йўқотганларнинг сўзларига бир қулоқ тутинг-а, этларингиз жимирлаб кетади:
Отажон, тириклигингизда ўзингизга ҳайкал ўрнатдингиз. Сизнинг хотирангиз минг йиллар давомида келажак авлод қалбида миллат қаҳрамони Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Темур Маликлар қатори, юртимизнинг довруғини оламга ёйган Хоразмий, Форобий, Бобурлар сафида абадий муҳрланиб қолади... 
Сиз том маънода истиқлол йўлбошчиси, ҳуррият етакчиси бўлдингиз, миллат келажаги, ватан тараққиёти, юрт ободлиги, халқ осойишталиги учун жонингизни аямадингиз. 
Етимлар, ногиронлар ва қарияларнинг ҳолидан хабар олдингиз, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилдингиз, яшашга, келажакка теран кўз билан боқишларига умид уйғотдингиз. 
Сиз ўзбек моделини ишлаб чиқиб, қисқа вақт мобайнида юртимизнинг номини ҳар жабҳада кўкларга кўтардингиз. 
Бир аср мобайнида истибдод зиндонида ётган, ҳалокат ёқасига келиб қолган, дину диёнати, урф-одатлари, миллий қадриятларидан ажралаёзган, ота-боболарини, ҳатто ўзининг кимлигини англай олмайдиган даражага бориб қолган миллатнинг қўлидан тутиб ҳурриятга олиб чиқдингиз. Исмингизга мос ҳолда жасорат кўрсатиб, ҳайит кунларини дам олиш деб эълон қилдингиз. Ота-боболаримизнинг харобага айланган қадамжоларини тикладингиз, қанча-қанча масжидларни очдингиз, мадрасалар фаолиятини йўлга қўйдингиз. Ёшларнинг таълими учун кенг имкониятлар бердингиз. Тинчлик, фаровонлик йўлида кўп курашдингиз. Бу борада ҳатто қўшни мамлакатларни, дунё ҳамжамиятини ҳам юксак минбарлардан туриб огоҳликка чақирдингиз, ҳушёрликка даъват қилдингиз. Кўрсатмаларингизга риоя этганлар асло кам бўлмади.

Сизнинг кўрсатмаларингиз, оқ фотиҳангизни олган минглаб ўғил-қизларимиз дунёга танилди, миллат шаънини ҳимоя қилди, чиндан ҳам биз аслида ким эканимизни яққол исбот этди.

Ғамхўрлик, мурувват, юртга садоқат, миллат шаънини ҳимоя қилиш, келажак авлодга эътибор, фидойилик, жонкуярлик, ватанпарварликни юртдошларимиз сиздан ўрганди.

Сиз вафот этган ўша машъум кунда юртимизда фаолият юритаётган барча масжидда ғойибона жаноза намози ўқилди. Макка ва Мадинада зиёратда юрган ватандошларимиз ҳам бу жанозада иштирок этиб, ҳақингизга дуо қилишгани, ҳар бир вилоятда юзлаб хатми Қуръонлар бағишлангани халқимизнинг сизга бўлган меҳридан, баркамол авлод тарбияси, миллий қадриятларни тиклаш йўлидаги жасоратингиз самарасидир.

Сизнинг вафотингиз дунё оммасини қайғуга солди. Бу бағрикенглик, дўстлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашдаги олийҳимматлигингиз натижасидир. 

Барча вазирлик ва идора ходимлари бош-қошлигида мамлакат миқёсида хотира маросимлари ўтказилди, эҳсонлар қилинди. Абадий ором топган қабрингиз зиёратгоҳга айланиб, пойингизга ҳар куни турфа гуллар қўйилмоқда, тиловат ва дуолар қилинмоқда. Тонг саҳардан то кун ботгунча зиёратчиларнинг кети узилмайди.

Ватандошларимиз сизни чин муҳаббат билан юрагида эъзозлайди. Уларнинг изтиробини сўз билан таърифлаш қийин.
Ранго-ранг гуллар ифорига бурканаётган қабр буюк мамлакатнинг буюк фарзанди, улкан ислоҳотларни амалга оширган, элим деб, юртим деб яшаган, “Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, кам бўлмаймиз ҳам”, “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак” деган шиорларни илгари сурган, ўзбек миллатини ҳар томонлама жаҳонга танитган мустақиллик меъмори бу ерда мангу қўним топганидан далолат беради. Улуғ давлат арбобининг сиймоси қалбимизда боқий яшайди.

Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш