Гиёҳвандлик – кони зарар!

31-10-2019, 10:29 admin Мақолалар 645

Ислом шариатидаги барча кўрсатмалар одамлар ўртасида ўзаро меҳр – муҳаббат, инсоф - адолат, эзгу ахлоқ ва ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Шу сабабдан шариат инсонни жамиятнинг равнақига ўз ҳиссасини қўшадиган бўлиб етишиши учун катта эътибор беради. Аллоҳ таоло Ўзининг илми ва ҳикмати билан инсон зурриётини барча махлуқотлари орасида азиз, мукаррам қилиб яратган, ақл ва нутқ билан бошқа жонзотлардан устун қилган. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: Исро сураси 70 оятда
яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” .
Энди, бир тафаккур қилиб кўрайлик: бандаларига меҳрибон ва раҳмли Зот инсон наслини Ўзи яратган бошқа барча махлуқотларидан афзал, азиз ва мукаррам қилиб қўйибди. Унга ҳаёт неъматини, турли ноз-неъматларни, ҳатто минишга уловлару денгиздаги кемаларгача муҳайё этиб қўйибди. Бундан ташқари, яхши ҳаёт кечириши, умргузаронлик қилиши, соғлом ва бақувват бўлиши учун фойдали, керакли ризқ-рўзни ҳам ато этиб қўйибди. Бунинг эвазига эса, фақат Ўзига итоат ва ибодат этишни, Пайғамбари орқали юборган амр-фармонларига сўзсиз бўйсунишни, ҳаром ишлардан ва емишлардан узоқда бўлишни буюрган. Аллоҳга имон келтириб, Унинг ваҳийларига бўйсунганларни дунё ва охиратда мукофотлаши, бунга куфр келтирганларни охиратда аламли азоблар билан жазолаши ҳақида ҳам огоҳлантирган.
Демак, банданинг олдида икки йўл: Аллоҳга бўйсуниш ва фақат ҳалол нарсаларни истеъмол қилиш ёки нафси ва шайтон сўзига юриб, Аллоҳнинг чегараларини бузиш ва бахтсизлардан бўлиш йўли турибди. Биринчи йўлни танлаганлар чин мўминлар бўлиб, уларнинг мукофоти фақат жаннатдир. Иккинчи йўлни танлаганлар эса осийлар ва фосиқлар бўлиб, уларнинг охиратдаги оқибатлари аянчлидир.
Ҳозирги давримизга келиб, инсонларнинг Аллоҳнинг ҳақ йўлидан чекинишлари айрим кимсаларнинг ўз жонларига, молларига, жамиятдаги мавқеларига катта зарар келтирувчи иллатларга мубтало бўлишларида кўринмоқда. Буларнинг энг ёмони, энг хатарлиси - “аср вабоси” дея машъум ном олган гиёҳвандлик балосидир.
Гиёҳвандлик шунинг учун хатарлики, у инсонни Аллоҳ буюрганидай ҳалол яшашдан маҳрум этади, унинг одамлар орасидаги обрўсини йўқотади, оиласини парокандалик ботқоғига отади, соғлигига жиддий путур етказади, ўзини эса жиноят йўлига бошлайди.
Энг фожиалиси, Аллоҳ берган ҳаёт неъматининг заволга учраши, эрта ўлим топиши каби кулфатларга учрайди.
Бугунги кунда гиёҳвандлик балоси чегара, ўлчов, миқёс билмайдиган бир ҳолатга келди. Унинг касофатидан Ер юзида миллионлаб инсонлар ҳаёт билан эрта видолашмоқда, соғлиғидан ажрамоқда, оилалар бузилиб кетяпти, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони кун сайин, соат сайин ортиб бормоқда. Олдинига шунчаки кўнгилхуши, оддий қизиқиш, билан бошланган “гиёҳдан бир тотиб қўйиш” кейинчалик унга батамом ўрганиш, усиз тура олмаслик, кунлик “доза”га пул топиш учун ҳар қандай жиноятдан тап тортмаслик каби улкан жиноятларга олиб бормоқда.
Буни жаҳон оммавий ахборот воситалари тарқатган статистика маълумотлари ҳам яққол исботлаб турибди.
Бугунги кунда дунё бўйича икки юз ўн миллион нафардан ортиқ гиёҳванд (банги) рўйхатга олинган.Одам гиёҳванд моддалар асирига айлангач, ўрта ҳисобда беш йилдан ортиқ умр кўра олмас экан. Бирор мамлакат аҳолисининг етти фоизи гиёҳванд моддалар истеъмолига ўтган бўлса, ўша мамлакатнинг келажаги ҳалокат ёқасида туриши аниқланган.
Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, бир гиёҳвандни даволаш учун йилига 8–12 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ керак бўлади.
Аллома Ибн Ҳажар ал-Маккийнинг "Фатовои Исломийя" асарида инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига гиёҳвандлик иллати етказадиган 120 хил жиддий зарар санаб ўтилган.
Ислом динида ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш қаттиқ қораланган. Гиёҳвандликка учраганлар эса ҳар икки ҳолатдаги зарарда ҳам айбдордирлар. Аллоҳ таоло инсонга бежизга ақл-идрок, фаҳм-фаросатни ато этмаган. У ақл ёрдамида нима зарару нима фойда эканини аниқлаши, зарардан узоқда бўлиши талаб этилади. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом маст ва ақлни карахт қилувчи ҳар бир нарсанинг ҳаром экани ҳақида огоҳлантирганлар. Карахт қилувчи нарсаларга эса наша, тарёк, кўкнор каби гиёҳванд моддалар киради. Демак, бундай нарсалар шариатимизда ҳаром қилинган ва мусулмонларимиз, ёшларимиз бундай ҳаром нарсаларнинг яқинига ҳам келмасликлари лозим. Чунки бундай ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш ўз жонига қасд қилиш, ўзини ўзи ҳалокат чоҳига отишдан бошқа нарса эмас. Қуръони карим оятлари бундай огоҳлантиради: Бақра сураси 195- оят
яъни: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг”.
Имом Бухорий ривоят қилган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло бундай марҳамат этган: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”. Ҳазрати Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:
яъни: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”.
Динимизнинг бу қабиҳ иллатга кескин муносабати гиёҳвандликнинг инсон жисмига, руҳига, наслига ва ахлоқига ўта катта зарар етказиши туфайлидир. Гиёҳвандлик йўлига кириб қолганлар яхшини ёмондан, фойдани зарардан ажрата олмай қолади. Улар нафсларини бир мартагина қондириш учун ҳар қандай мудҳиш жиноятга қўл уришга тайёр туришади. Гиёҳвандлар ўғрилик, товламачилик, қотиллик қилишдан, “дори”сига пул топиб бера олмаган ота-оналари, яқинларига зулм қилишдан, хорлашдан ҳам қайтишмайди. Гиёҳвандликнинг зарари уларнинг ўзларигагина эмас, келажак авлодларига, зурриётларига ҳам катта зарар етказади, уларнинг фарзандлари кўпинча майиб-мажруҳ, ақли ноқис, руҳий хаста ва абгор бўлиб туғилишади.
Гиёҳвандликнинг зарарларини санаб адоғига етказиш қийин.
Биринчидан, гиёҳванд моддалар инсон ақлини заифлаштиради, ишдан чиқаради. Иккинчидан, инсон танасининг турли хасталикларга чидамлилиги, яъни иммунитетини кетказади.
Нисо сураси 29 - оятда эса бундай зикр этилади:
яъни: “...ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”.Аллоҳ таоло буюряптики, эй инсонлар, ўз жонларингизга қасд қилманглар, турли ҳолатларда ўзларингизни ҳалокатга ташламанглар. Шундай экан, бирор инсон ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам жабр қилиши, зарар етказиши мумкин эмас. Кишининг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб, ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳдир. Оила ёки давраларда жамоат жойларида оддий сегарт чекиш болаларимиз ва атрофдагиларга соғлигига тез таъсир этади. Ибн Сирин (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўзини ҳалокатга отиш Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизлик белгисидир”, - деганлар.
Учинчидан, хотирани пасайтириб, ҳамма нарсага бефарқ қилиб қўяди.
Зеро Расулуллоҳ (с.а.в.) “Исломда ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир”- деганлар.Инсоннинг ҳаёти, соғлиги, моли ва бошқа неъматларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг омонатидирки, унда ҳаддан ошишга ҳаққи йўқ.
Тўртинчидан, киши юрак, қон-томир ва асаб тизимини ишдан чиқаради. Бешинчидан, ҳозирги пайтда бедаво саналган ОИТС касаллигига асосан гиёҳвандлар чалинишади. Булардан ташқари, афюн моддаларни мунтазам истеъмол қилиш кўзни хиралаштиради, тишларни касаллантириб тўкиб юборади, ошқозон-ичак, жигар, ўпка фаолиятини бузади. Бангилар ўта ялқов, оиласига, аҳли-аёлига бефарқ, диний аҳкомларни бажаришга мутлақо бепарво бўлиб қолади.
Ақлни кетказувчи гиёҳванд моддаларни сотиш ва тарқатишнинг ҳукми уларни тановул қилишдан ҳам оғирроқдир. Мўмай пул топиш, текин даромадга эришиш учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган айрим кимсалар бу мудҳиш қилмишлари билан ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қанчадан-қанча ёшларни ҳаётдан эрта кетишларига, майиб-мажруҳ бўлишларига, турли жиноятларга қўл уришларига сабаб бўлишаётганини билишармикин?!

Динимизда бир кишини ўлдириш бутун инсониятни қатл этишга тенглаштирилган.
Бундай ёвуз кимсалар қанчалаб оилаларнинг барбод бўлишига, жамият корига ярайдиган ёшларни тубанликка юз буришига сабаб бўлишяптики, уларнинг бу жиноятини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.Азиз тумандошлар ҳукуматимиз томонидан ушбу зарарни даф этиш, унинг домига тушишнинг олдини олиш йўналишида қатор хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда. Маҳаллалар ва қишлоқ фуқаролар йиғинларининг фаоллари, кенг жамоатчилик, ҳожи ота-оналар, дин ходимлари, матбуот вакиллари, хуллас ҳам бир ёқадан бош чиқариб, бу аср вабосига қарши курашишлари, гиёҳ моддалар савдоси билан тез бойиб кетишни истаган ҳолда қанча-қанча кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётганига бефарқ бўлмасликлари керак
Динимиз ҳалолликка, покликка, юксак ахлоққа чақиради, бунинг замирида эса инсон саломатлигини, наслини, бахтини ҳимоя қилиш ётади. Гиёҳвандлик балоси инсонни буларнинг ҳаммасидан бирданига жудо қилади. Бундай касалликка чалинганлар энг аввало далдага, насиҳатга, тиббий муолажага муҳтождирлар. Шунинг учун ота-оналар, маҳалла улуғлари, кенг жамоатчилик ёшларнинг юриш-туриши, ким билан дўстлашаётгани, бўш вақтини қаерда ва қандай ўтказаётгани, уларнинг кўча-кўйларда бемаҳал, сабабсиз тентираб юришлари каби ҳолатларга ҳамиша ҳушёр бўлишлари, буларни асло назоратдан четда қолдирмасликлари лозим.
Сизнинг қўшни маҳалла ёки қўшнинггиз шу илатга мубтало бўлган бўлса бефарқ ёки лоқайт бўлманг эрта у сизни фарзандингизни чорлаши мумкин !Шундагина азиз ва ардоқли фарзандларимизни ёшлар бахтига чанг солиб турган гиёҳвандлик балосидан ўз вақтида қутқариб қолган бўламиз.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг Ўзи буюрганидай ҳалол ва пок яшашимизни насиб этсин, фарзандларимизни гиёҳвандлик, ичикиликбозлик, кашандалик каби зарарли иллатлар домига тушиб қолишдан асрасин,Зикр қилинган ояти карима ва ҳадислар маъно – мазмунига амал қилиб,саодат аҳлидан бўлишини муваффақ айласин!


Қизилтепа туман бош имом хатиби З.Орипов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш