ЯХШИЛИК ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

24-08-2019, 05:38 admin Мақолалар 805

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир яхшилик садақадир”, дедилар”.
Яхшилик, у қандай бўлмасин – каттами, кичикми, номи яхшилик бўлса, пулидан ёки молидан садақа қилиб, савоб олгандек бўлаверади.
Биздан пул ва мол сарфлаб, овқат пишириб, одамларни тўплаб едирсам, савоб оламан деган бўш фикр пайдо бўлиб қолган. Лекин оддий ҳолатларда қилинадиган яхшиликлар учун ҳам савоб олиш мумкинлиги ҳақидаги билимимиз камроқ. Кўп ҳолларда билсак-да амал қилмаймиз.
“Садақа” албатта пул, мол сарфлаш билангина бўлмайди. Агар шундай деб ўйлаган одам бўлса, қаттиқ янглишишлик билан адашибди. Муқаддас ислом динида каттами, кичикми, ҳар қандай маъруф ишни, яъни яхши ишни қилиш билан ҳам садақанинг совобига эришилади.
Шунинг учун ҳар биримиз каттами – кичик, арзийди, арзимайди, демасдан, яхшилик борки, ҳаммасини қилишнинг пайидан бўлишимиз керак ва ўша қилинган яхшиликнинг ҳар биридан бизга садақанинг савоби етиши, номаи аъмолимизга ёзилиши, охиратда манфаат беришини унутмаслигимиз лозим.
Ҳар бир яхшиликнинг бошланиши албатта оиладан бошланади. Чунки ҳар бир инсон аввало оилада шакиллана боради. Оилада дунёга келади. Шунинг учун ҳам ҳар қандай дин бўлсин, ҳар қандай жамият бўлсинки улар оиладаги соғлом турмуш тарзи тарафдоридирлар. Чунки оилада тўғри таълим – тарбия олиб ўсган бола шунчаки ўз оиласига эмас, балки бутун бир жамиятга манфаатли бўлади. Худди ўз ўрнида носоғлом турмуш тарзини кўриб ўсган вужуд ҳам фақатгина оиласи ва яқинларигагина эмас, бутун жамиятга, мамлакатга зарар етқаза олиши мумкин. Шунинг учун давлатимизда ҳам, соф Ислом динимизда ҳам, қолаверса бошқа турли динларда ҳам оила мустаҳкамлиги, унинг тинчлиги – осойишталиги, руҳияти, соғлом турмуш тарзи, унинг кайфияти, таълим – тарбия жараёнларига бевосита аралашади, ғамхўрлик қилади ва оилада ўсаётган ҳар қандай жон учун зарурий дастурлар тузиб чиқади.
Бизнинг мамлакатимизда кўп йиллар давомида ислом дини амал қилганлиги учун ҳам, бизда оиладаги таълим – тарбиядаги маданият ҳам ислом дини билан уйғунлашиб кетган. Масалан: бола дунёга келгандан кейинги қилинадиган диний амаллардан бўлган; болани биринчи эшитадиган нарсаси қулоғига гўзал қироат билан айтиладиган азондир. Ўзбек халқининг ярмисидан кўпи ислом динига эътиқод қилади ва урф – одатларимиз, маданиятимиз ҳам исломга монанд. Статистик кузатувлар натижасида шуни аниқлашибдики, бизнинг халқ энг кўп эҳсон, садақа, кўплаб хайриялар қиладиган давлатлар қаторида етакчи ўринларда турар экан. Албатта, бу қувонарли. Чунки бизга шарқона тарбия билан биргаликда ислом дини маданияти ҳам қон – қонимизга сингиб – қоришиб кетгандир. Ҳар бир қилинган яхшилик учун ўндан тортиб етти юзгача – балки ундан ҳам кўпроқ ажр-у савоб олиши саҳиҳ ҳадислар билан ворид бўлган. Аллоҳ таолонинг бандалари учун қилган марҳаматини кўрингки, ибодат қилиш бир яхшилик, ҳалол яшаш, ҳалол ризқ топишга уриниш, ҳалол луқма ейиш ҳам бир яхшилик. Ибодатни тўкис адо эта олмаса, эҳсон, садақа, хайрия қилолмаса, ҳаттоки самимий табассуми учун ҳам ажр олаверади, Роббимиз ҳатто шуни ҳам бир яхшилик деб қабул этади ва Ўз фазлича мукофотлайди, иншаАллоҳ. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек яхшилик тушунчаси авволо оиладан бошланади, аввало оиладан тарқалади. Оила бошлиқларининг ҳали чучук тилда ҳам эплаб гапира олмайдиган жажжи болакайларга ҳам саломдан бошлаб одоб – ахлоқни танита боришлари ниҳоятда гўзал яхшиликлардан бири ҳисобланади.
Абу Масъуд Ансорийдан ривоят қилинади:
“Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
Менга миниш учун бир улов беринг, қийин аҳволда қолдим”, деди.
“Менда ҳозир сенга берадиган улов йўқ, лекин сен фалончининг олдига бор, шоядки, сенга улов берса”, дедилар.
У борган эди, мазкур киши унга улов берди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб, хабарини берди.
Шунда у зот:
“Ким бир яхшиликка йўлласа, унга ўша яхшиликни қилувчига берилган ажр мислича ажр берилади”, дедилар”.
Яхшилик қилиш ниҳоятда савобли иш. Шу билан бирга, ана шундай яхшиликка далолат қилиш, ишорат қилиш, унга йўллаб қўйиш ҳам ниҳоятда яхши ишдир. Ўша яхшиликни қилган одам қанча савоб олса, мазкур яхшиликка далолат қилган одам ҳам ўшанча савоб, ажр олади.
Шундай экан, ҳар биримиз қўлимиздан келганича яхшилик қилайлик ва қўлимиздан яхшилик келмай қолган бўлса, ҳеч бўлмаса яхшиликка далолат қилайлик, унга йўл кўрсатувчилардан бўлайлик.
Яна бир ҳадиси муборакда:
Наввос ибн Смъон Ансорийдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот:
“Яхшилик – ҳусни хулқдир. Ёмонлик – кўнглингни ғаш қиладиган ва одамлар кўриб қолишини ёқтирмаган нарсанг”, дедилар”.
Ҳақиқатан, бу маъно яхшилик ва ёмонликни фарқлашнинг энг осон, лекин буюк бир ҳикматга эга ўлчовидир.
Инсоннинг хулқи гўзал бўлса, нафақат инсонлар ва оила аъзолари билан, балки ҳайвонот ва наботот олами, ҳатто атрофидаги асбоб анжомлари билан ҳам ҳусни хулқ билан муомалада бўлади.
Сўфийларнинг бир мисоли бор. Улар: “Пиёла билан ҳам ҳусни одоб бор”, дейишади. Ҳусни одобинг бўлса, пиёлангни синдирмайсан, четини учирмайсан, кир қилмайсан, доимий равишда фойдаланасан, одобинг туфайли манфаатинг бардавом бўлади.
Ҳусни хулқинг бўлмаса, пиёлангни бир уриб синдирасан. Бошқага эмас ўзингга зарар бўлади.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Яхшилик ҳусни хулқдир” деганларида олам – олам маъно бор экан.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмонлик ҳақида ҳам баён қилдилар. Ким бўлишидан қатъи назар, ёмонлик қилган кишининг кўнгли ғаш бўлади. Биров кўрмасин дейди. Ҳатто ўтакетган ичкиликбозлар ҳам ичкиликни яшириб ичади. Сотиб олса, бир нарсага ўраб, қўлтиғига қистириб олиб чиқишади. Улар ана шу ичкиликнинг ёмонлигини билганлари учун шундай қилишади.
Яхшиликлирнинг шундайлари ҳам борки, уларнинг даражаси бошқалариникига қараганда юксакроқ – манфаатлироқдир. Улар қуйидагилар; фарзандларга яхшилик қилиш, ота онага яхшилик қилиш, эрига, аёлига, ака – ука, опа - сингил ва бошқа яқин қариндошларигадир. Бу рақамларни яна ҳам кўпроқ давом эттиришимиз мумкин, бироқ оилага тегишли бўлган қисми айнан шулар бўлганлигидан йуқорида зикр этилганлари билан чекланамиз.
Ибн Умардан ривоят қилинади:
“Аллоҳ уларни оталарига ва болаларига яхшилик қилганлари учунгина аброр (яхшилар) деб номлагандир. Худди ота – онангнинг сенда ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам сенда ҳаққи бор”.
Аллоҳ таоло Ўзи севган бандаларидан баъзиларини “аброр” деб номлаган. Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу мазкур бандаларни Аллоҳ таоло нима сабабдан бу ном ила номлаганини баён қилмоқдалар. Аллоҳ таоло мазкур бандаларини ота – оналарига ва болаларига яхшилик қилганлари учун “аброр” – “яхшилар” деб атаган экан.


Кармана тумани “Жалоир” жоме масжиди имом хатиби Абдулвоҳид Ҳакимов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш