Закот

3-06-2019, 11:13 admin Мақолалар 187

[justify]Закот орқали ўзига тўқ кишиларга молиявий ибодатни адо этиш ва эҳтиёжмандларга моддий ёрдам олиш имконини яратиб берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин! Закот ҳақидаги илоҳий таълимотларни ўз умматларига англатиб, уни татбиқ қилиш йўлларини кўрсатиб берган ҳабиб Пайғамбаримизга энг пок салавоту саломлар бўлсин.
Закот – исломнинг бешта асосий устунларидан бири бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили Шаввол ойида рамазон рўзаси ва фитр садақасидан сўнг фарз қилинган. Қуръони каримнинг ўттиз икки оятида закот беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр қилинган. Бундай ҳол намоз билан закот ўртасидаги узвий бир алоқа борлигини кўрсатади. Аллоҳ таоло айтади:
(وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ (سورة النّور/56
яъни: “(Эй, мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора (шунда) раҳм қилинсангиз” (Нур сураси 56-оят).
(خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ (سورة التّوبة/103
яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Тавба сураси 103-оят).
(وَآَتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ ... (سورة ﺍﻷﻧﻌﺎﻡ/141
яъни: “Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз” (Анъом сураси 141-оят)
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
(عن ابن عمر رضي الله عنهما قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم بُنِي الإسْلاَمُ عَلَى خَمْسٍ شَهَادَةِ أنْ لاَ إلهَ إِلاَّ اللهُ وَأنَّ مُحَمَّداً رسولُ اللهِ وَإقَامِ الصَّلاَةِ وَإيتَاءِ الزَّكَاةِ وَحَجِّ البَيْتِ وَصَوْمِ رَمَضَانَ .( رواه البخارى
яъни: “Ислом беш асос устига қурилгандир. Улар: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва ҳақиқатда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасидир”, дедилар.
Қадрли намозхонлар! Киши закот беришга ҳақли бўлиши учун унда қуйидаги шартлар топилиши керак:
1. Мукаллаф бўлиш. Закот берадиган киши мусулмон, озод, ақлли ва балоғатга етган бўлиши керак. Мусулмон бўлмаган, ақли заиф кишиларга ва болаларга закот фарз эмас. Мусулмон бўлмаган киши закот беришга масъул эмас.
Ҳанафий фуқаҳолар фикрига кўра, закот беришга масъул бўлиш учун ақлли бўлиш ва балоғат ёшига етган бўлиши шартдир. Чунки ақли заиф кишилар ва болалар намоз ва рўза каби ибодатларни бажаришга масъул бўлмаганликлари сингари закот беришга ҳам мажбур эмаслар. Закот бу ибодатдир. Ибодатда масъуллик эса балоғатга етиш ва оқ-қорани ажратиш даврига етишиш билан бошланади.
2. Нисоб миқдоридаги молга эга бўлиш. Нисоб – Исломнинг бирор нарса ҳақида ўлчов, чегара ва аломат тайин қилган миқдоридир. Нисоб мол-мулкдан закот берилиши шарт бўлган миқдорни билдиради. Закот масаласида олтиннинг нисоби йигирма мисқол-85гр, кумушнинг нисоби икки юз дирҳам-595гр, йилнинг аксар қисмида яйловда боқиладиган қўй билан эчкининг нисоби қирқ, қорамол (сигир ва қўтос)нинг нисоби ўттиз, туянинг нисоби эса бештадир.
3. Нисоб миқдоридаги мол аслий эҳтиёждан ортиқ бўлиши. Аслий эҳтиёж ва қарздан ортиқ нисоб миқдорида моли бўлмаган кишига закот фарз эмас. Закот бериладиган моллар қаторига киритилмайдиган асл эҳтиёжларга, закот берувчининг ўтирган уйи, уй учун керакли ашёлар, қишлик ва ёзлик кийимлар, керакли асбоблар, китоб, улов ва хизматчи, бир ойлик – бошқа бир саҳиҳ ривоятга кўра бир йиллик – моддий эҳтиёж ёки оила харажатларидан иборатдир. Олинган қарзга тўланадиган нақд пуллар ҳам шу ҳукмдадир.
Шунга кўра ҳожати аслий бўлган нарсаларни ушбу бандларда келтириш мумкин:
1. a) Яшаш учун ишлатиладиган уй, боғ, полиз ва экин экиладиган ерлар.
б) Миниладиган ва қўшга кўшиладиган ҳайвонлар ва ҳозирги пайтда уларнинг ўрнида ишлатиладиган автомобиль, хизмат воситаси, трактор, сув мотори ёки ҳунармандларнинг иш асбоблари, ишлаб чиқариш учун қўлланиладиган машиналар, дастгоҳлар, фабрика ва бошқа асбоблар. Буларнинг қийматидан эмас, балки чиқадиган даромадидан закот берилади.
в) Урф-одатга мос кийим ва уй ашёлари, гилам, мебеллар, олтин ва кумушдан бўлмаган идиш-товоқлар, холодильник (совутгич), кир ювиш машинаси ва бошқа қўлланиб келинаётган турли хил электор асбоблари.
г) Олимларнинг хусусий кутубхонаси.
д) Бир кишининг ўзи ва унинг қарамоғида бўлган оила аъзоларининг бир ойлик –ёки бир йиллик – одатдаги ҳаражатлари.
е) Нисоб миқдорига етмаган олтин, кумуш, нақд пул ва тижорат моллари ва қарзга тўлаш учун олиб қўйилган моллар.
Ҳанафий фуқаҳоларимиздан Ибнул Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ: “Яшайдиган уй, кийиладиган кийим, уй ашёлари, улов ҳайвонлари ва ишлатиладиган аслаҳалар учун закот йўқдир”, деган.
4. Нисоб миқдоридаги мол ўсувчи бўлиши. Молнинг кўпайиши зоҳиран бўлмаса ҳам унинг кўпайиш имконияти бўлиши етарлидир. Бу жиҳатдан нисоб миқдоридан ортиқ бўлсада кўпаймайдиган молларга закот бериш керак бўлмайди. Кўпайиш ёки ҳақиқатда ҳам амалга ошади ёки уни кўпаяди деб ҳукм қилиш билан бўлади.
Молнинг тижорат, туғиш ёки деҳкончилик қилиш билан кўпайиши “ҳақиқатда кўпайиш”дир. Шунга кўра тижорат мақсадида қўлда сақланаётган нарсалар ва чорва моллари учун закот бериш лозим бўлганидек, наслини (болаларини) ва сутини олиш учун яйловларда боқиладиган ва (соима-йилнинг кўп вақтида яйловда ўтлайдиган ҳайвон) деб аталадиган моллар ҳам закот чиқариладиган қаторига киради.
Қўлда мавжуд бўлган олтин ва кумушда эса “ҳукман кўпайиш” хусусияти бор. Чунки бу икки модданинг ўзи билан эҳтиёж қондирилмайди, балки улар тижоратда қўлланиш, молларни айирбошлашда восита сифатида эҳтиёжни қондиради, бу жиҳатдан улар кўпайиш, ортиш ва тижорат қилишга қулайдир. Бунинг натижаси сифатида қўлда бўлган олтин ва кумуш нақд пул, тақинчоқлар, улар билан тижорат қилишга ният қилинса ҳам, қилинмаса ҳам, ҳатто улар нафақага, уй-жой сотиб олишга сарф қилиш учун тўпланган бўлса ҳам, нисоб миқдорига етиши билан закот чиқаришга тегишли саналади.
5. Молнинг тўлиқ мулк бўлиши. Закот берадиган киши молнинг тўлиқ эгаси бўлиши билан бирга, ўша молни ўзи тасарруф ҳам қила олиши керак. Тасарруф қилиш (эгалик) – молнинг феълан мулк эгасининг қўлида бўлиши ёки унга ўзи ҳукм қилиши ва фойдаланиш унинг қўлида бўлиши демакдир.
Шунга кўра мол эгаси молга эга бўлсаю, тасарруф қилиш унинг ихтиёрида бўлмаса ёки тасарруф унда бўлиб, моликлик бўлмаган нарсалардан закот берилмайди. Масалан, эридан маҳр олиши керак бўлган хотин уни қўлига олмагунча закот беришга масъул бўлмайди. Чунки у маҳрга эга бўлсада, ҳали тасарруфга эга эмас.
Шунингдек, гаровга олинган ва қўлда бўлган гаров молга ҳам закот берилмайди. Чунки бу қарзнинг ўрнига олинган молдир. Бундай мулкда мол эгасининг тасарруф қила олиш ҳуқуқи йўқ. Қарздор бўлган киши ҳам, қарзини бериш учун тўплаган моли учун закот беришга масъул эмас. Чунки киши бу каби молга эгалик қилсада, ҳукман молга эгалиги йўқ киши ҳисобланади.
6. Бир йил ўтиши. Рўза ва ҳаж ибодатларида бўлганидек, закот масаласида ҳам қамарий ойга асосан амал қилинади. Закотнинг фарз бўлиши учун нисоб миқдоридаги молга қамарий бир йил ўтиши керак.
7. Қарздор бўлмаслик. Қарз берувчи томонидан сўралиши мумкин бўлган қарзлар закотнинг фарз бўлишига тўсқинлик қилади. Бу қарз ваъда қилинган мол савдосидан пайдо бўлиши мумкин бўлганидек, қарзга пул олиш ёки бошқа бир кишига кафил бўлиш сабабли ҳам юзага келиши мумкин. Қарз нима сабабдан пайдо бўлган бўлса ҳам, одамлар томонидан сўралиш эҳтимоли бўлса, аввал қарзни узиш керак. Қарзлар узилгандан кейин кишида нисоб миқдорига етадиган мол қолмаса, закот бериш шарт бўлмайди. Одамларга тегишли қарзлар олдин тўланиши ёки уларга тўланадиган нақд пул ёки тижорат молини ажратиб қўйилиши керак. Аммо одамлар томонидан сўралмайдиган назр, каффорат ва ҳаж каби қарзлар бўлса, улар закотнинг фарз бўлишига тўсиқ бўла олмайди.
Аммо “Раддул мухтор” китобида: “Қарзнинг мавжудлиги деҳқончилик маҳсулотларининг ушри ва ер солиғини беришга тўсиқ бўла олмайди” дейилган.
Закотнинг фарз бўлиш ва адо қилиниш вақти. Асосий эҳтиёжлари ва қарзларидан ташқари нисоб миқдорида, закот берилиши керак бўлган ва унга бир йил ўтган молга эга бўлган киши, унинг закотини кечиктирмасдан бериши керак бўлади. Закот беришга масъул бўлган киши узрсиз ҳолда закотини кечиктирса, гуноҳкор бўлади. Чунки закот-одамларга берилиши керак бўлган бир ҳақдир, у камбағал кишининг эҳтиёжини қондириш мақсадида фарз қилингандир. Тўланиш давридан кечиктирилса, фарз қилинишдан кўзланган мақсад тўла амалга оширилмаган бўлади.
Закотни бериш вақтлари молнинг турига қараб белгиланади:
1) Олтин, кумуш, пул ва турли тижорат молларининг закоти ва яйловда боқиладиган чорва молларининг закоти ҳар йили бир марта қамарий йил тугагандан кейин берилади.
2) Деҳқончилик маҳсулотлари ва меваларнинг закоти йил бўйи маҳсулотнинг такрор олинишига қараб ҳосилдан берилади. Буларда бир йил ўтиш шарти йўқ. Ҳосил оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам йиғиб-терим кунида закот фарз бўлади. Маҳсулот етиштирилишига кўра унинг закоти икки хил миқдорда адо қилинади:
а) Ўз-ўзидан ўсувчи анҳор ёки ёмғир суви билан суғориладиган ерлардан олинадиган махсулотлардан: 1/10 (ўндан бир-ушур).
Б) Ташқаридан суғориш, ўғитлаш каби куч ва ҳаражат сарфланиб қўлга киритиладиган маҳсулотлардан: 1/20 (йигирмадан бир) берилади.
3) Асалнинг закоти закот бериладиган миқдорда асал ҳосил бўлиши билан ушр-1/10 ўндан бир фарз бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Асалдан ҳар ўн мешчадан бир мешча”, дедилар.
Кон-дафиналарнинг закоти эса закот бериладиган миқдорда кон қазиб чиқариш билан фарз бўлади. Унда хумс яъни 1/5-бешдан бир закотга берилади.
Моли нисобга етган кишининг закотини йил тўлмасдан олдин ўз хоҳиши билан олдиндан бериб қўйилиши жоиздир. Чунки бундай пайтда киши закотнинг фарз бўлиш сабаби амалга ошгандан кейин тўлаётган ҳисобланади. Закот беришни йилнинг охирига қолдирилиши мол эгаларига қулайлик учундир. Шунинг учун камбағал кишининг бирор нарсадан олдин фойдаланишини таъминлаш мақсадида вақти келамасдан олдин ҳам закот берилиши мумкин. Бу ҳолат ҳали ваъдалашган вақт келмасдан қарзни узишга ўхшайди.
Закот кимларга берилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
(إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ (سورة التّوبة/60
яъни: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ(томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси 60-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада закотни олишга кимлар ҳақдор экани очиқ ва аниқ баён қилди. Демак улар мазкур саккиз тоифадир. Закотни ана шу саккиз тоифага ёки улардан бирига берилади. “Мухтасари виқоя”да улар қуйидагича баён қилинган:
Закот қуйидагиларга сарфланади: Фақир, яъни нисобдан оз моли бор одамга. Мискин, яъни ҳеч нарсаси йўқ кишига. Закот омилига амали миқдорича берилади. Мукотабга ўзини озод қилиши учун ёрдам берилади. Қарзидан ортиб қоладиган моли нисобга етмайдиган қарздорга берилади.
Закотни кимларга бериб бўлмайди: Закотни нисоб миқдоридаги моли бўлган бой кишига бериш мумкин эмас. Шунингдек закот берувчи ўзининг ота-онаси, бобо-момоси ва улардан юқоридагиларга, ўзининг ўғил-қизларига ва улардан пастдагиларга, эр-хотин бир-бирига закот бериши мумкин эмас.
Кимларга берган афзал: Ушбу саволга “Фатавои ҳиндия” китобида шундай жавоб берилган: “Закот, фитр ва назр садақаларини беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингилларга берилади. Сўнг уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар сўнг уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар. Касбдошлар кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар.
Яна “Баҳрур роиқ”да: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.
Закот бермаслик гуноҳи кабира. Закот Ислом рукнларидан бири бўлгани учун ақиданинг ажралмас қисмидир. Шунинг учун закотни инкор қилган диндан чиқиб кофир бўлади. Лекин инкор қилмасдан зиқналик қилиб бермаган қаттиқ гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таоло охиратдаги азоб ҳақида шундай хабар беради:
(وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلَا يُنْفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَبَشِّرْهُمْ بِعَذَابٍ أَلِيمٍ . يَوْمَ يُحْمَى عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ فَتُكْوَى بِهَا جِبَاهُهُمْ وَجُنُوبُهُمْ وَظُهُورُهُمْ هَذَا مَا كَنَزْتُمْ لِأَنْفُسِكُمْ فَذُوقُوا مَا كُنْتُمْ تَكْنِزُونَ (سورة التّوبة/34-35
яъни: “Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг! (Мазкур олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизитилиб, улар билан пешоналари, ёнлари, орқалари куйдирилган куни: «Бу ўзларингиз учун сақлаган хазинангиздир. Сақлаган хазинангиз (мазасини) тотингиз!»(дейилади)” (Тавба сураси 34-35-оят).
Закот берувчининг одоби. Закот берувчи катта бир имтиҳондан ўтаётганини ҳис қилиб туриши лозим. Шунинг учун закотга молининг энг яхшисидан берсин. Аллоҳ таоло айтади:
(لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ (سورة آل عمران/180
яъни: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Молининг энг ҳалол-покидан берсин. Чунки ҳадиси шарифда: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир. Фақат пок нарсани қабул қилур”- дейилган (Имом Бухорий ривояти). Бераётган нарсасини оз санасин. Чунки берган нарсани катта санаш билан одамда мақтаниш ва ўзига бино қўйиш каби салбий иллатлар пайдо бўлиб амални бекор бўлишига олиб боради. Миннат қилмасин! Чунки бу билан фақир кўнглини синдириши ва ўз амалини бекор қилиб қўйиши мумкин. Аслида у фақирга эмас, фақир унга яхшилик қилган бўлади. Закотни беришга лойиқ одамни топиб берсин. Чунки ҳақиқатда ҳақли ўрнини топиб берса, садақанинг ажри ҳам шунга кўра етти юз баробар ёки ундан-да зиёда қилиб берилади. Албатта, Аллоҳ Восиъ ва Алимдир.
Закот олувчининг одоби. Закот олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз тоифадан бири бўлиши лозим. У закот берувчига ташаккур айтиб, унинг ҳаққига дуо қилсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга шукр қилмаган киши Аллоҳга ҳам шукр қилмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
У ўзига мубоҳ бўлган миқдорнигина олсин. Эҳтиёжидан ортиғини олмасин. Агар қарздор бўлса, қарзидан ортиғини олмасин. Ўзига берилган нарсага назар солсин. Ҳалол бўлмаган нарса бўлса, мутлақо олмасин. Чунки бировнинг молидан чиқарилган закот, закот эмас. Агар шубҳали нарса бўлса, ўзини олиб қочсин. Иложсиз қолганда ҳожатига ярашагина олсин.
Муҳтарам жамоат! Алҳамдулиллоҳ, муборак Рамазон ойининг биринчи кунларидан бошлаб, мустақил мамлакатимизда жоме масжидларда таровеҳ намозлари адо этилиб, юзлаб масжидларда юртимизда етишиб чиққан ёш мужаввид қорилар иштирокида хатми Қуръонлар ўтказилмоқда. Бу ҳам бўлса истиқлолимиз шарофатидан эканлигини унутмайлик.
Азизлар, мана шундай пайтларда Ватанимиз тинчлигининг бардавом бўлишини, халқимизни осойишталик, хотиржамлик, фаровонликда ҳаёт кечиришини, ёшларимизни тавфиқини, ҳидоятини, инсофини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сўраб, уларни ислом ахлоқи-одобига муносиб бўлишини, ўрганган илму ҳунарлари билан мустақил ватанимизнинг тараққиётига ҳисса қўшадиган, ватанни, тинчликни, мустақилликни қадрига етадиган бўлиб вояга етишини чин ихлос билан сўрайлик. Зеро, барчамиз тинчлик ва хотиржамликда бўлиш Яратганнинг бемисл неъмати эканини яхши биламиз. Аллоҳ таолонинг бандалари ўртасида ўзаро тинчлик-тотувлик ва бирдамлик руҳи барқарор бўлсагина уларнинг дунёю охиратлари обод, тоат-ибодатлари мақбул бўлади.
Рамазон ойи ўз номи билан покланиш ойи. Яъни бу ойда қалбларимизни кибру ҳаводан, ҳасаддан, бахиллик, адоват каби иллатлардан фориғ қилайлик. Айни пайтда, “Кимда ким бир кишига енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга қиёматда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти), деган ҳадиси шарифга амал қилиб, Рамазони шарифнинг серфайз дамларини ғанимат билиб, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга, ёши улуғ кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват, саховат кўрсатишга шошилайлик.
Ушбу раҳмат ва мағфират ойида берадиган закотларимизни хайрли ишларга сарфлайлик. Ўзига тўқ кишиларимиз маҳаллаларининг обод ва пок бўлишига, хусусан, ободонлаштиришга, таъмирталаб биноларни тартибга келтириш, деворларини оқлаш, томларини тузатиш, кўча-куйларни тозалаш, асфальт ётқизиш, ариқларни пок-озода сақлаш, манзарали дарахт ва гулларни кўпайтириш каби савоби улуғ ишларга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшсинлар. Зеро, сахийларни Аллоҳ таоло яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда янада саховатли бўлиб кетар, шамолдан ҳам кўпроқ яхшилик қилар эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда тонг оттирганида икки фаришта тушади. Улардан бири: “Ё Аллоҳ, инфоқ қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, дейди. Иккинчиси “Ё Аллоҳ, хасис-зиқналарга талофат бергин” дейди”, дедилар.
Шу сабабли, муборак Рамазон ойида янада саховатли бўлиб, сахийлик сифатини ҳам ўзимизга касб қилайлик. Муқаддас ояти каримада таъкидланганидек, “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”. Биз эзгу ишларни қанча кўп қилсак, меҳр-оқибат кўрсатсак, Яратганнинг Ўзи бизни турли бало-офатлардан, ёмонликлардан асрайди, куч-қувват ато этади, йўлимизни очиб беради.

ЎМИ Навоий вилоят вакиллиги матбуот хизмати

[/justify]
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Видеожамланма
Видео: Тоҳиржон Рўзиев. Жумъа мавъизаларидан.
Фотолавҳалар
Дардини берган шифосини ҳам беради, иншааллоҳ!
Отинойилар нигоҳида!
Ватанни ҳимоя қилиш – дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқ
Қабристонлар тозаланиб обод этилмоқда!
Мадрасада ота-оналар билан учрашув бўлди
Учқудуқ туманидаги "А.Навоий" МФЙда "Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш" бўйича профилактика тадбири ўтказилди
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш