Наврўз!

21-03-2019, 07:27 admin Мақолалар 1 008

Халқимизнинг "Ҳамал кирди — амал кирди", деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва Ойнинг ўн икки бурждан бири — Ҳамал (ҳомиладор қўй)га кириши билан "Наврўз" — "Янги кун", у билан бирга эса янги йил, янги фасл — баҳор кириб келади. Наврўз ва янги йил келиши биланоқ баҳор нафасидан борлиққа қайта жон киради. 5000 йиллик тарихга эга бу байрам инсон ички олами ва унинг табиат билан уйғунлиги рамзидир.

Истиқлол ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳалари, айниқса, маънавий-маърифий соҳалардаги кенг им­кониятлар эшигини очди. Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан юртимиз яна жонажон Наврўзга бағрини очди. Асрлар оша эзгулик, нафосат ва яшариш байрами бўлиб келган бу қадимий байрам мустақиллик йилларида янада ўзгача тароват касб этмоқда.

Маълумки, Ислом тақвимлари Ой ва Қуёш календарларига бўлинади. Аллоҳ биз бандалар ҳисоб-китобни, йил, ой ва кунлар ададини билмоғимиз учун Қуръони каримда буржларни зикр қилиб, улар билан қасам ичади. Каломуллоҳда "Буруж" номли сура ҳам мавжуд бўлиб, унинг 1-оятида Аллоҳ айтади: "Қасамёд этаман (ўн иккита) буржларга эга осмон билан". Бу ўринда буржлардан мурод — осмондаги Қуёш ва Ой буржларидир. "Фурқон" сурасининг 61-оятида эса Парвардигор шундай марҳамат қилади: "Осмонда буржларни бунёд этган ва унда чироқ (Қуёш) ва нурафшон Ойни пайдо қилган зот бара­котли (буюк)дир".

Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг "Исро" сураси, 12-оятида шундай зикр қилади: "Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз". Улуғ муфассирларимиз мазкур оятнинг "йиллар саноғи" қисмини қамарий (Ой) тақвим (бинобарин, диний юмушларда), "йиллар ҳисоби" қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилиб, фатво ёзиб қолдирганлар.

Ҳадиси шарифда ҳам зироатчилик билан шуғулланиш улуғ иш эканлиги кўп маротаба такрорланган. Чунки деҳқонлардан барча манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни барча жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шу боис, касблар ичида Ислом уламолари нуқтаи назарида деҳқончилик энг афзал касб ҳисобланади. Жобир (р.а.)дан ривоят қилинган Ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) шундай лутф этганлар: "Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир" (Имом Муслим ривояти). Шунинг учун ҳам қиёмат кунида жаннатийлар жаннат эшиклари олдида тўпланиб, ким биринчи киради, дейилганида деҳқон, дейилади. Табиийки, деҳқончилик қилиш учун унинг тақвимини яхши билиш керак. Аксинча, экин экиш, дарахт ўтқазиш вақтини билмаслик зироат ва боғ­дорчиликнинг касодга учрашига сабаб бўлади. Шунга кўра, Наврўзни баҳор байрами, деҳқончилик юмушлари бошланганлиги нуқтаи назаридан нишонлаш юртимизда азалдан урф бўлган. Бухорода қадимдан анъанавий тарзда "сайли гули сурх", "лола сайли" каби халқ байрамлари ўтказиб келинган. Бу сайилларда амирлар ҳам иштирок этишган. Улуғ муҳаддислар ва мутасаввифлар маҳалласи бўлмиш "Гулобод" мавзеининг бўлганлиги халқимиз азалдан экин-тикин ва боғдорчилик ишлари билан шуғулланганлигидан дарак беради.

Археологларимиз қанчадан-қанча деҳқончилик маданияти маконларини топиб ўрганишган. Қадимги Хоразм, Фарғона, Зарафшон воҳасида суғорма деҳқончилик юксак тараққий этиб, асрлар давомида такомиллашди. Маълумки, Наврўзда деҳқонлар экин экишни, ерга уруғ қадаш юмушларини бошлаб юборишади. Ваҳоланки, ерга уруғ қадаш бизда ибодат даражасига кўтарилган.

Деҳқончилик бизга аждод­лар­дан мерос. Юртимиздан ети­шиб чиқ­қан буюк тариқат намояндаларининг аксарияти, жумладан, Хожа Муҳаммад Бобо Самосий —боғбон, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ўз ерларига буғдой, мош ва бошқа экинлар экиб, тирикчилик қилганлар. Хожа Аҳрор ва Жўйбор шайхлари даромадининг бир қисми асосан зироатдан бўлиб, ундан халқ оммаси ҳам баҳраманд бўлган. Хожа Аҳрор Валий ўз омборларида сақланаётган беҳисоб ғаллаларни фуқаронинг ризқи, деб ҳисоблаган. Жўйбор шайхлари эса мамлакатда дон тақчиллиги сезилганда ўз омборхоналаридаги ғаллаларни муҳтожларга тарқатишган. Ариқ қазиш, ер ўзлаштириш, боғ барпо этиш борасида бу икки хонадон аҳлининг хизматлари алоҳида эътиборга молик. Амир Темур бобомиз янги ерлар ўзлаштириб, деҳқончилик қилишга алоҳида эътибор берган эди. Унинг даврида янги ўзлаштирилган ерлардан уч йилгача солиқ олинмаган.

Ўрта аср масжид, мадраса ва хонақоҳларга вақф қилинган ерлар зироатидан келадиган даромад шу диний муассасалар иқтисодий пойдеворини ташкил этган. Улуғ уламоларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, "Фатовои заҳирия"да шундай дейи­лади: "Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур".

Наврўз ислом оламида маҳбуб билингани каби Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илмлар соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш Ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақ­бул эканлигини таъкидлашган. Улуғ мутасаввиф Ҳаким Термизий "Солнома" асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза "Ал-Муҳит ул-бурҳоний фил фиқҳ ан-нуъмоний" қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган. Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, Ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган.

Деҳқончилик тақвимига оид ойларга қараб деҳқонларимиз, боғбонларимиз зироат ва кўчат тадоригини кўришади. Жумла­дан, тўқ­сон деган мавсум 5 де­кабрдан 5 мартгача давом эта­ди. 21 январь — қанталоғди куни. "Қанталоғдидан кейин қиш бўлмас, қанталоғдидан сўнг ерда қор турмас" ҳикмати оғиздан-оғизга ўтиб, асрлар оша деҳқонлар орасида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Қанталоғди дейилишига сабаб шуки, қиш мавсумида айиқ қирқ беш кундан тўқсон кун ухлайди. Қирқ беш кундан кейин иккинчи томонига ағдарилиб ухлашга одатлангани учун тўқсон куннинг иккинчи ярми қанталоғди, деб юритилган. 22 декабрдан 20 февралгача чилла мавсуми кечади. Унда асосан, ернинг шўри ювилади. Чиллада сув бермаган деҳқон йил бўйи яхши ҳосилдан маҳрум бўлади. Қавс ойида 21 ноябрда кўчатлар ўтқазилади. "Ниҳол дар қавс, қалам дар ҳут" (Ниҳол ўтқазиш қавс ойида, қаламча қилиш ҳут ойида) ибораси деҳқонлар учун дастурил­амал бўлиб хизмат қилган. Кузнинг сунбула ойи (22 августдан 21 сентябргача), асосан, кузги буғдой экишга тайёргарлик кўриш, буғдой экиладиган ерларни суғориш, мезон ойи (22 сентябрдан 21 октябргача) эса буғдой экиш мавсумидир. Ақ­раб ойи (22 октябрь) кирганда, қўйлар урчитилади. Қўзиларнинг туғилиш муддати беш ой эканлиги инобатга олинса, уларнинг қиш изғирин­ларидан соғлом ва нуқсонсиз ўтиб, баҳорда туғилиши ғоят манфаатлидир.

6 мартдан 13 мартгача "айёми ажуз" (халқимиз тилида "аямажуз") ҳафталиги бўлиб, "айём" тилидан "тўқсон" мавсумига қарата айтилган ибора машҳурдир: "Тўқсан, бир кунимча йўқсан". Яъни, шу "айёми ажуз" ҳафталигида тўқсон мавсумида бўлмаган об-ҳавонинг кескин ўзгариши кузатилади. Шунинг учун халқимизда "аямажуз" ҳафталигида шамоллаб қолмаслик ва дардга чалинмаслик мақсадида ўзини эҳтиёт қилиб юриш, беҳуда чўмилмаслик, кир ювмаслик одатлари сақланиб қолган. 14 мартдан 20 мартгача "Оби раҳмат" ҳафталиги бўлиб, унда Аллоҳнинг изни билан, албатта, осмондан раҳмат сувлари ёғилади. Бу сувларни кишилар табаррук ҳисоблаб, ўрик шарбати, қандобларга улардан қўшишган ва Наврўз куни шарбатлар дастурхон кўркига кўрк бағишлайди. Ҳатто денгиздаги садафдор (ракушка)лар шу кунларда сув тепасига чиқиб, оғизларини очиб, шу ёмғирни кутишади. Оби раҳмат ёмғиридан бир томчи тегса, унда дур пайдо бўлади, кўпроқ томчи олса, унда оддий кичик марварид пайдо бўлиши айтилади.

Вилоят бош имом-хатиби Т.Рўзиев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш