Бахтсизлик нишонаси

24-12-2018, 06:33 admin Мақолалар / Ислом олами 966

Аллоҳ таолонинг инсониятга берган энг буюк ва қимматли неъмати иймондир. Ҳар бир мўъмин-мусулмон инсон бу неъматни умрининг охиригача саломат сақлаши энг катта бахт ҳисобланади. Ўз қадрини билган ва икки дунёсини обод бўлишини истаган ҳар бир инсон иймони бақувват бўлишига сабаб бўладиган хайрли амалларда бардавом бўлиши керак бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам иймонни қувватли бўлишига сабаб бўладиган омиллардан бири ҳаёлигини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар: “Иймон етмишдан ортиқ бўлаклардан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг паст даражаси йўлдаги азият етказадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймондан бир бўлакдир” (Имом Муслим ривояти).
Али (каррамаллоҳу важҳаҳ) айтади: “(Авратга) қараган кишига ҳам, (авратини) кўрсатган кишига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин.”
Салафлардан бири ўғлига шундай насиҳат қилган экан: “Агар нафсинг катта гуноҳга чақирса, кўзингни осмонга қарат ва сени кўриб турган Зотдан уял. Агар буни қилолмасанг, ерга қарат ва уни устида юрган кимсалардан уял. Олий Зотдан қўрқмасанг, ердаги одамлардан уялмасанг, ўзингни ҳайвонлар қаторида ҳисоблайвер”.
Фузайл ибн Иёз айтади: “Эшигингни ёпасан, пардаларингни туширасан, одамлардан уяласан, аммо ҳар бир махфий нарсани билувчи улуғ Зотдан ҳаё қилмайсан”.
Имом Абулҳасан Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ ҳаё уч қисмга бўлинади деганлар:
Биринчиси Аллоҳдан ҳаё қилишдир. У Аллоҳ таолонинг барча амр ва фармонларига итоат қилиш ва қайтарган нарсаларидан ўзини тийишдир.
Иккинчиси одамлардан ҳаё қилишдир. У одамлар билан чиройли муомала қилиб, тил ва қўл орқали етадиган озорлар билан уларни ранжитмасликдир.
Учинчиси киши ўзидан ҳаё қилишдир. У ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўзини ножўя ва ноўрин ҳаракатлардан сақлашидир.
Ҳаёли инсон гапирар экан, оғзидан ёмон сўзлар чиқиб кетишидан, бошқаларнинг сирини ошкор қилишдан ўзини тияди. Ҳаёсизликда ўзгаларнинг инсоний ҳақларини поймол қилиш бор. Ҳаё ўз эгасини жаннатга киришига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ҳаё – иймондандир, иймоннинг жойи эса – жаннатдир. Беҳаёлик эса – жафодандир, жафонинг жойи – дўзахдадир” (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга қандай ҳаё қилишни ўргатганлар. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай дейилади: “Аллоҳдан чинакам ҳаё қилинглар”, – дедилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, биз ҳаё қиламиз, алҳамдулиллаҳ”, – дейишди. Шунда у зот: “Йўқ, у (намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳажга бориш каби амалларингиз) ҳақиқий ҳаё эмас. Ҳақиқий ҳаё – бош вa ундаги (кўз, қўлоқ, бурун, оғиз, тил каби) бaрчa aъзoни (Aллoҳ қайтаргaн нaрсалaрдaн) сaқлaш, қoрин ва ундаги (озуқа, фарж сингари) бaрчa aъзoни (ҳаромдaн) тийиш ҳамда ўлимни ва ундaн кeйинги чириш (aзoб-уқубaт)ни эслашдир. Ким охиратни хоҳласа, ҳаддан зиёда дунёга ҳирс қўймасин. Кимки буларга амал қилсa, Aллoҳдaн ҳaқиқий ҳaё қилибди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, кўзини номаҳрамларга қарашдан, қулоғини номақул гап-сўзларни эшитишдан, тилини ғийбат, ёлғон, бўҳтонлардан, қорнини ман қилинган нарсаларни истеъмол қилишдан, бошқа аъзоларини эса ҳаромдан тийган ва ўлимни эслаб юрган кишигина ҳақиқий ҳаё қилган ҳисобланади.
Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади деганлар: бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эди.
Афсуски, баъзи бир ота-оналар фарзандларини таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи ва шарм-ҳаёсига бепарво бўлмоқдалар. Натижада, айрим ёшларимиз ғарб маданиятига тақлид қилиб, ҳаё чегарасидан чиқиб кетмоқда, уларнинг оғзидан чиқаётган сўзларга ўзлари уялмасалар-да, атрофдагилар ноқулай аҳволга тушиб қолмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло фаҳшни ҳам, фаҳш сўзни сўзловчини ҳам севмайди. Ояти каримада шундай дейилади: “Айтинг: «Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди” (Аъроф сураси, 33-оят).
Биз фарзандларимизни замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялаш билан бирга, шу кунимизда кенг тарқалган, беҳаёликни тарғиб қиладиган воситалар ва йўллардан ҳимоя қилишимиз керак. Сир эмас, айрим ёшларимиз телефон аппаратлари ва бошқа воситаларда порнографик маҳсулот (расм, видео, кино)ларни сақлашмоқда ва бу ҳам етмагандек бошқаларга тарқатишмоқда. Бу нарса давримизда ёшларни ўз домига тортувчи катта балога айланиб улгурди.
Йигит-қизларнинг кийиниш маданияти ҳам миллий қадриятларимизга тўғри келмай қолмоқда. Бу ҳолат миллатимизнинг маданияти, миллийлиги йўқолиб боришига сабаб бўлаётган омиллардандир. Ёшларни бундай аҳволга солаётган нарса нима бўлиши мумкин? – деб ўйлаймиз. Бунга сабаб оиладаги муҳит. Халқимизда бир гап бор: “Қуш уясида кўрганини қилади”. Ҳақиқатдан ҳам, фарзандлар энг кўп маълумотни ота-онасидан йиғади, ота-она беҳаё сўзларни гапирса, уруш-жанжал қилса, фарзандлар улардан ўрганади. Оиладаги муҳит носоғлом бўлса, фарзандга катта таъсир кўрсатади.
Таажжуб фитналикдир бу замона,
Тушубдир эрлар аҳволи ёмона.
Сўфи Аллоҳёрнинг бу мисраларида қанчалик ҳозирги замон билан уйғунлик мавжудлигидан ажабланмиз. Чунки замонамиз аёллари ҳозирда ахлоқбузар сериаллардан ўрнак олишмоқда. Бу ҳақиқат, чунки ҳадеб бир хил ҳолат, бир хил мавзуни кўравергач, шу мавзуга мойиллик пайдо бўлиши аниқ. Кўринишидан бу сериалларда аёллар ҳуқуқи ҳимоя қилинаётгандек, аммо бундай сериалларнинг асосий мақсади аёлларни ботқоққа ботиришдан бўлак ҳеч нарса эмас. Эрга итоатсизлик, ота-онага ҳурматсизлик, уларга оқ бўлишлик, эри бўла туриб бегона эркакларга суйкалишлик, бегона йигит билан уйдан қочишлик каби воқеалар бу сериалларда асосий мавзу бўлиб хизмат қилади. Сериал қаҳрамонлари эса бу юзсизликлари учун ўрнак қилиб кўрсатилади.
Ислом дини адолат ва шарму-ҳаё дини. Хуллас энг гўзал хулқларни йиғиндиси бўлган диндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен гўзал хулқларни тамомига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилдим” деганлар ва тамомига ҳам етказганлар. Шунга амал қилишни маънавият дейилади.
“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби К.Шодмонов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш