Дунё яралибдики муқаддас ислом дини ҳақ дин эканлиги тарихда бир неча бор ўз исботини топган. Инсонларга муаллим этиб юборилган барча Пайғамбарлар яъни, Одам алайҳиссаломдан бошлаб, сўнгги пайғамбар жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча Пайғамбарлар битта дин - ислом динига даъват қилганлар. Тарихда кузатилмаган бирор-бир Пайғамбар ислом динидан бошқа динга даъват қилганлари. Баъзиларига Роббилари томонидан китоб ва саҳифалар юборилган, лекин барчасида битта динга даъват қилиш буюрилган.
Хўш, Ислом ўзи қандай дин?
Ислом динида фақат якка Аллоҳга ибодат қилишга, унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка унинг буюклиги ва қудратига, сиз ва бизни, жамики махлуқоту-мавжудотни яратган, ўн саккиз минг оламнинг Роббиси эканлигини қалбан тан олиб, унга ибодат қилмоқликка буюради. Тақдир яъни (яхшилик хам ёмонлик) ҳам Ундан эканлигига ишониб, ҳожатларимизни фақат Ўзидангина сўрашликка буюради. Жанобимиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳнинг ҳақ элчиси эканликларини ва сўнгги пайғамбар эканликларини тан олмоқликка ислом дини буюради.
Ислом дини инсонларни покликка, ҳалолликка, бировга озор бермасликка, ўзганинг молига кўз олайтирмасликка, ҳалол касб қилиб, ҳалол ризқ топмоқликка, ота-онага ҳурмат-эҳтиром, уларни эъзозламоқликка, каттага ҳурмат, кичикка иззат, яшаб турган юртига муҳаббатли, доимо инсонларга яхшилик қилишлик ва қариндош уруғларга силаи раҳм қилишлик ҳамда ибодатларини ўз вақтида адо этмоқликка буюради. Шунингдек, ҳасад, ғийбат, фисқу-фасод, иғво, туҳмат қилмоқлик, бировларни ноҳақ ранжитиш, ота-онани ранжитиш ва уларга оқ бўлиш, риё, зино, судхўрлик, ҳаром йўл билан дунё орттириш, ноҳақ ўзганинг молини ўзлаштиришдан, инсонларни тўғри йўлдан адаштириш, Аллоҳ берган бу умр неъматини беҳудага сарф қилишликдан қайтаради.
Зеро, ҳадиси шарифда: "Инсонларнинг яхшиси инсонлар учун фойдаси кўпроқ етгани, яъни динига, жамиятга кўп манфаати етганидир". Зеро, дин инсонлар зийнатидир, дин маърифатимиз таянчидир, дин аждодларимиз меросидир.
Муҳтарам Биринчи Призидентимиз: "Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айро ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, илоҳий тушунчалар, ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз", -дея бежиз таъкидламаганлар.
Хўш, биз бугун қайси йўлдамиз?
Мана, бугун тинч ва ҳур озод юртда яшаяпмиз, бугун ҳар-бир соҳада юксалиш, илдамлаш яққол кўзга ташланиб турибди. Бундай имкониятлардан вақтида фойдаланмоғимиз лозим, чунки барча неъматларни шукрини адо этиб, борида қадрига етмоғимиз керак, қадрига етилмаган барча неъмат куни келиб олиб қўйилиши мумкин.
Таассуфки, бугун барча имконият эшиклари баралла очилиб турган бир пайтда биз билан ёнма-ён яшаётган баъзи юртдошларимиз қандайдир "ваъдалар"га ишониб, турли оқимларни гирдобига тушиб қоляптилар. Уларнинг сароб ваъдаларига ишониб, ўзларини хатарга қўйяптилар. Малъун кимсалар бизнинг соф, муқаддас динимизни ниқоб қилиб, инсонларни онгини заҳарламоқдалар, буни вақтида англаб етмоғимиз керак. Уларнинг танлаган йўллари охири вой, жаҳаннамга етакловчи йўл эканлигини тушунмоғимиз керак. Аллоҳ берган умр неъматини беҳудага сарф қилмаслигимиз керак.
Келинг, бир яхшилаб ўйлаб кўрайлик: бу умр неъмати вақти келиб тугаб, олиб қўйилса биз бунга тайёрмизми? Нимамизга ишониб биз жуда-ҳам ҳотиржаммиз?
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
"Кейин сизлар албатта (дунёда берилган) барча неъматлардан (уларни қаердан олиб, қаерга сарф қилганларингиз тўғрисида) сўроқ қилинурсизлар". (Такасур, 8)
Шундай экан, бугун имкониятларимиз борида неъматларни кадрига етайлик.
Бугунги кунда фан-техника тараққийлашиб, илдамланиб бораётган бир пайтта, жуда кўп имкониятларга эгамиз. Илгари бундай имкониятлар йўқ даврларда ҳам жуда кўплаб, юртимиздан дунёни титратиб, лол қолдирган забардаст олимларимиз бўлган.
Бундай тараққий этган техника даврида биз ундан унумли фойдалана оляпмизми? Келинг, буни интернет мисолида кўрайлик. Интернет тармоқлари инсониятга жуда катта қулайлик ва тезлик олиб кирди. Истаган вақтингизда дунёнинг турли мамлакатлари билан хабарларни сонияда алмашиниш мумкин, видео алоқалар, ҳоҳлаган маълумотингизни юклаб олиш имкониятлари ва дунё хабарлари ва янгиликларини ўз вақтида доимий равишда билиб олишингиз мумкин. Аксарият инсонлар берилган умр неъматини қадрига етмасдан туну-кун интернет тармоқларидан бошларини кўтармай шўнғиб кетишган, уларнинг кўпчилик қисми кераксиз маълумотлар алмашинуви, минталитетимизга тўғри келмайдиган, ёшларимизни маънавиятини бузадиган фильмларни юклаш ва шу ўринда ҳар-хил ақидапараст оқимлар мафкурасига тобе бўлиб аниқ мақсадга йўналтирилган мафкуралар экспортининг иштирокчиси ва истеъмолчиси бўлиб қолмоқдалар. Шуни афсус билан айтиш керакки, интернетдан нотўғри фойдаланиш XXI аср вабосига айланди, чунки инсонлар беҳуда ахборотларга керагидан ортиқча вақт ажратишмоқда. Илгарилари янгидан янги кашфиётлар устида мижжа қоқилмаса, ҳозир интернет тармоқлари учун мижжа қоқилмаяпти. Ота-оналаримиз бизни камолимиз учун кечалари тиним билмай тер тўкишган, бизларчи? тонггача интернет устида "тер тўкаяпмиз"... Агар биз бир неча кун бетоб бўлиб қолсак, ота-оналаримизнинг кўзларига уйқу келмаган. Ҳаққимизга дуо қилиб, астойдил камолимизни сўрашган. Бизларчи? ота-онамиз учун бедормизми? Аслида интернет учун астойдил бедормиз... Айрим ҳолларда интернетга кетказаётган вақтимизда ота-оналаримиз ҳожатлари юзасидан юмушларини айтишса вақтимизни қизғанамиз ва керак бўлса ўдағайлаб берамиз.
Биз бежизга юқорида ислом дини ҳақида сўз очмадик, бизнинг муқаддас динимизда беҳудага кетказилган ҳар бир дақиқа учун сўраламиз ва бизнинг динимиз дин ниқоби остидаги қабиҳ ниятли террорчиларни қаттиқ қоралайди.
Келинг, кўксимизда юрагимиз уриб турган вақтда Аллоҳдан қўрқиб охиратимиз ва дунёимиз учун, олдимизга тўғри мақсад қўйиб, ўз йўлимизни ўзимиз барпо қилайлик. Беруний, Бухорий, Термизий, Фаробий ва бошқа кўплаб даҳолар бешигини тебратган юрт яна шундай алломалар бешигини тебратишга қодир, иншааллоҳ.