“Тарбия биз учун ё ҳаёт-ё мамот,ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат- ё фалокат масаласидир.”
Абдулла Авлоний.
Исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Интернетга ин қурган ўргимчаклар” китобида: “Юртимизга оломонча маданият асосан интернет орқали кириб келаяпти.
Бу ҳол одоб-ахлоқ, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат пасайиши каби кўплаб нохушликларни келтириб чиқараяпти...Ачинарлиси, мазкур “маданият” таъсирига берилиб қолганини ёки унинг қурбонига айланаётганини кўпинча ёшлар ўзлари сезмайди”-сатрлари ҳар инсонни сергакликка чорлайди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганига ҳам 26 йил бўлмоқда. Юртни озодлиги, ҳурлиги, халқни фаровонлиги ота-боболаримизга армон бўлди.
Фарзандларни илм-маърифатли қилиш учун қилган ҳаракатлари учун қатағон қилинди. Шундай машаққатлар эвазига келган ҳавас қилса арзигулик фаровон ҳаётимизни қадрлашимиз, ёт ғоялардан ёшларимизни онгини авайлашимиз лозим. Китоб муаллифини куйиниб, ёшларни оломонча маданият таъсирига берилиб кетаётганини ўзлари билмаётганига урғу бераяпти. Маҳалла, коллеж, мактаб маъмуриятлари, диний маслаҳатчилар, имом-хатиб ва отинойиларнинг ҳамкорликдаги ўтказадиган тадбир, давра суҳбатлари ва маърузалари орқали ёшларимизни ҳаётга лоқайд, енгил-елпи қараш, юрт равнақи ва ҳалқ тинчлигига бефарқ бўлиб ўсишлигини олдини олишлари долзарб вазифадир.
Афсуски, ҳозирда ҳам оломонча маданиятнинг ёшларимиз орасида 14-февраль, “Севишганлар куни” кўринишида нишонланмоқда. 14-февраль-«Валентин куни». Нима учун айнан шундай кун? “Муқаддас Валентин” ўзи ким? Бу ҳақда ОАВларида жуда кўплаб маълумотлар берилган. Католик черкови руҳонийлари тарихда учта авлиё Валентин ўтган. Ўшаларга тақлид қилишлик, юқоридаги саволларга жавоб топмасдан эргашишлик, ўзбек йигит-қизларининг, демакки, муслим ва муслималарнинг билиб-билмай, тушуниб-тушунмай бир-бирларига юрак шаклидаги ёки қанотли Купидон (грек афсоналаридаги муҳаббат маъбуди) тасвири туширилган номалар (откриткалар) ва телефон орқали севги хабар(СМС)лари жўнатишлари динимизга ва миллий менталитетимизга ҳам тўғри келмайди. Кўр-кўрона бошқа дин ва миллатга тақлид қилишни оқибати, ёшларни онгини заҳарлайди, иродасини сусайтиради ва ўзига-ўзлигига ишончи йўқолиб боради.
Расулуллоҳ алайҳиссалом айтадилар: “Ким ўзини бирон кавмга ўхшатса, бас, у ўшалардандир”- (Имом Ахмад ривояти).
Ушбу ҳадисда “ким ўзини бирон қавмга ўхшатса”, жумласини ким бирон қавмнинг кийиниши, юриш-туриши, ҳаёт тарзи ва бошқа урф-одатларига эргашса маъносида тушунсак бўлади.
Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг:
Олдига қўйганни емак-ҳайвон иши,
Оғзига келганни демак-нодон иши.
Ҳазрати Навоийни мисраларида рўпаро келган ҳар қандай нарсани миллий-диний қадриятларига тўғри келадими йўқми, кўр-кўрона амал қилиш ва тарғиб қилиш инсонийлик фазилатдан йироқдалигини айтаётгандай.
Мусулмонлар бир-бирига ҳиссиётларини, муҳаббатини, меҳрини, оқибатини намоён этишни бошқа, миллий ва диний қадриятларимизга мос келадиган кўринишлари мавжуд. Ёшларимизга тушунтирайликки, бошқа дин, бошқа урф-одатлар кўринишида кириб ва ривожланиб, динимизга ва миллатга соя солаётган Валентин кунига ёшларимиз муҳтож эмас.
14-февраль. Бу кунни “Валентин куни” деб эмас, балки буюк бобокалонимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд топган куни деб нишонлашни ёшларимизга тушунтиришимиз керак. Ёшларимизни Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг нафис қалам эгаси, илм-маърифатдаги ўрни, асарлари, шижоати ва маънавий меросини ўргатишимиз лозим.
Дарҳақиқат, Исломда инсонларни бирлаштирувчи, уларнинг ҳаётига файз киритадиган байрамлар ман қилинмайди. Аммо, Ислом бошқа динларга, масалан ғарб динларига кўр-кўрона эргашишдан қайтарилади. Зеро, «авлиё Валентин куни» ҳеч қандай диний асосга эга бўлмаган янгилик, яъни бидъатдир. Ислом бундай бидъатларни қоралайди.
Огоҳ бўлайлик, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида “Душманлардан қўрқма, нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма, нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ, улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади.”- дейилган.
Азиз юртдошлар, биз ҳам бепарво бўлмайлик, акс ҳолда ёшларни, фарзандларимизни қўлдан чиқариб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишига сабабчи бўлиб қоламиз.
Зайнилобиддинхон Қудратов
Пискент туман бош имом-хатиби