Ношукрлик

27-01-2017, 15:47 Istamjon Khamrayev Янгиликлар 2 030

Аллоҳ таоло инсонларни ахлоқий ва маънавий бузуқлик қилишдан тўсадиган энг асосий омиллар қаторида никоҳ битимини жорий этган.
Динимиз жамиятда вояга етган ҳар-бир ўғил-қиз фарзандларни ҳам эътибордан четда қолдирмай уларни ўз вақтида никоҳга жалб қилишга чақиради. Бугунги сўз юритмоқчи бўлган мавзуимиз инсонларнинг бахт-саодатининг кушандаси ва оилаларининг пойдеворига дарз етказаётган талоқ лафзи тўғрисидадир. Турмуш қурган ва турмуш қуриш арафасида бўлган ҳар бир мусулмон фарзанди никоҳ-талоқ масалаларидан хабардор бўлиши керак.
Талоқ – луғатда бўшатиш, қўйиш; истилоҳда эса эр-хотин ўртасидаги никоҳ битимини бузиш маъносини англатади. Ислом кўрсатмаларида гарчи баъзи ҳолларда талоқ қилишга ижозат берилган бўлса-да, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам талоқ беришни Аллоҳ ёқтирмаслиги айтилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга ёқимсизи талоқдир», деб марҳамат қилганлар (Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).
Демак, Аллоҳ таоло талоқ лафзининг ишлатилишини, оилаларнинг бузилиб пароканда бўлишини хоҳламайди. Шунинг учун Қуръони каримда ҳар қандай ҳолатда ҳам никоҳни сақлаб қолишга, оилани бузмасликка буюриб: «...Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин», деган (Нисо, 19).
Уламолар сабабсиз талоқ қўйишни мумкин эмас деганлар. Олим ибн Ҳумом бу ҳақда шундай деган: “Олимларнинг сўзларидан очиқ маълум бўладики, сабабсиз талоқ қўйиш жоиз эмас, чунки у никоҳ неъматига ношукурчилик ҳисобланади”.
Талоқ сўзи айтилган вақтда Аллоҳнинг Арши ларзага келиши ҳақида ҳам бир қанча ҳадиси шарифлар ворид бўлган.
Талоқ сўзининг маъносини тушунмай, ҳуда-беҳудага айтавериш гуноҳ саналиши билан бирга, ундай талоқ шариатда эътиборга олинади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарсанинг жиддийи ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: талоқ, никоҳ ва итоқ (яъни, қул озод қилиш)», деганлар. Ёшларимиз шуни яхши билишлари керакки, ҳазиллашиб айтилган талоқ ҳам шариатда эътиборга олинади. Ҳолбуки, ҳозирда бундай залворли лафз баъзи оғзи бўш ёшлар учун оддий сўзга айланиб кетган. Жаҳллари чиққанда уни осонгина айтадилар-да, кейин афсусланиб юришади.
Талоқни тушиши учун тўрт шарт топилиши керак. Улар: талоқ қўювчи етук ва ақлли бўлиши, талоқ қилувчи уйғоқ, ҳуши ўзида бўлиши, талоқ қилинган аёл билан шаръан никоҳдан ўтган бўлиши, талоқнинг нисбатини никоҳидаги аёлига бериши.
Дил ва хаёлда талоқни ўйлаш ё талоқ васвасасини пайдо бўлиши ё талоқ бериш ваҳмини юзага келиши ё тил билан талоқ лафзларини айтмай дилда талоқ қўйиш билан талоқ тушмайди.
Маълумки, эркак киши аёл кишига қараганда табиатан босиқ, мулоҳазали, жаҳли чиққанда ўзини тута оладиган бўлгани боис, талоқ айтиш ҳуқуқи эрга берилган. Албатта, хонадонга бош бўлиб, қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаш, оиланинг шаънини сақлаш эркаклар учун ҳам шарафли, ҳам масъулиятли бурчдир. Шундай экан, эркаклар ўз ҳуқуқларини суистеъмол қилмасликлари, ажралиш ниятлари бўлмаган тақдирда талоқ сўзини бекордан-бекорга айтмасликлари лозимдир. Оила бу муқаддас неъмат эканлигини бугун барчамиз фарзанд ва ёшларимиз онги-шуъурига сингдиришимизни ҳолат тақозо қиляпти ва мазкур муқаддас неъмат (оила) туфайли насл ва насабимиз давомчилари дунёга келаётганлигини эсда тутмоғимиз даркор.
Ривоятларда айтилишича, ҳар тонгда шайтон ўз малайларини одамлар орасига юбориб, кун охирида қилган ишлари бўйича ҳисобот олар экан. Шундай кунларнинг бирида малайлардан бири: «Мен бугун икки дўстни бир-бирига қайраб, душманга айлантирдим», дебди. Бошқаси: «Мен ака-укани юзкўрмас қилиб юбордим», деб айтибди. Учинчиси: «Мен эса икки кишини уриштирдим, оқибатда бири иккинчисини ўлдирди», дебди. Шу тариқа ҳаммалари ўз қилмишларини айтиб беришибди. Шунда шайтон уларга: «Сенлар мақтанишга арзигулик ҳеч қандай иш қилмабсанлар», дебди. Шу вақт малайлардан бири: «Мен бугун тинч-тотув яшаётган бир оиладаги эр-хотиннинг орасига тушиб, эрни хотинга қайраб, унга талоқ сўзини айттирдим», дебди. Шунда шайтон унга: «Ҳаммасидан ҳам сенинг ишинг мақтовга лойиқ бўлибди», деб ёнига ўтқазиб, унга иззат-икром кўрсатган экан.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларига гўзал муомалада, доимо хурсанд, уларга лутф кўрсатган ҳолда яшаганлар. Ҳадиси шарифларининг бирида “Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли-аёлларига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳли-аёлига яхшироғингиздирман” дедилар.
Азиз эркакларимиз аҳли-оиласига ва фарзандларига меҳрибон ва муҳаббатли ота бўлиши, муниса аёлларимиз эса ўз навбатида эрларига вафодор ёр ва жажжи фарзандларига эса меҳрибон она бўлиб, чиройли оила бўлиб яшашни ўйлашлари лозим.


Абдужалол Турдиев
Учқудуқ туман бош имом хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш