“Ахтам саҳоба” жоме масжидининг аввалги биноси тахминан хижрий 1336 йилларда қуриб тугатилган экан. Бу маълумот масжид биносининг юқори қисмида мавжуд бўлган ёзувлардан олинган. Кексаларимизнинг айтишларича Собиқ иттифоқ даврида ҳудуддаги кўп масжидлар қатори ушбу масжид ҳам ташландиқ холга келиб колхоз омборхонаси сифатида ишлатилган. Ҳудудда 12та масжид бўлган бўлиб, Собиқ иттифоқ даврига келиб ҳаммаси бузилиб ташланган. Ажаб эмас-ки қалбида имони бор инсонлар томонидан ушбу Ахтам саҳоба масжидини омборхона сифатида ишлатиб бузилиб кетишини олдини олиб қолишган бўлса. Масжиднинг номи азалдан “Ахтам саҳоба” номи билан атаб қелинган. Масжид ёнидаги қабристонда Ахтам саҳоба ҳазратларининг рамзий қабрлари ҳам мавжуд. Масжид номи билан боғлиқ бошқа маълумот йўқ. Истиқлолдан кейин масжидимиз Диний идора рўйхатидан ўтиб, масжидда жума намозлари ўқилиб бошлади. 1998 йилга келиб масжид тегишли ташкилотлар томонидан қулаш холатида деб фойдаланишга яроқсиз деб топилди. Сўнг ҳомийларни жалб қилиб имкон даражасида таъмирлаш ишлари олиб борилди. 2000 йилга келиб адлия бошқармасининг 68 сонли гувоҳномасига асосан қайта рўйхатдан ўтказилди. Бир неча мутахасисларнинг фикрига кўра эскириб қолган масжид биносини бузиб, ўрнига янги замон талабларига мос равишдаги масжид биносини қуриш лозимлиги айтилди. 2009 йилнинг март ойида масжид жамоасининг розилиги ва вилоят бош имом хатиби Н. Атоевнинг рухсати билан эски масжид биноси бузилди ва шу йилнинг ўзидаёқ янги масжид биносининг қурилиши бошланди. Ҳозирги кунда масжид тахоратхона ва қўшимча бинолари қурилиши тугатилиб, масжид хонақохининг том қисми ёпилиб гумбаз ва шиферлаш ишлари олиб борилмоқда.