АЗОБ ФАРИШТАСИ

27-05-2025, 22:49 admin Мақолалар 32

Ровийлардан тинглаганим ибратли кўп ривоят,
Шеърга тизиб сўзлай сизга шундан битта ҳикоят :
Қадим ўтган замонларда Бухорои шарифдан,
Йўлга чиқмиш ҳаж ниятда учта йигит ғарб томон.

Ўттиз бешга бориб қолган, учови ҳам сал кам тенг,
Ибодатда мукаммалрок бир-биридан, балли денг.
Буюк ихлос, ният билан йўл олмишлар Маккага,
Шундай сафар насиб этсин сизга, бизга, ҳаммага.

Ўз юртида эл-улусни улар рози қилишган,
Холис хизмат, яхшиликни аъло касб деб билишган.
Энди фақат Тангри қолди, улар рози қилгудек,
Каъба насиб этса албат, бориб тавоф қилгудек.

Учаласи Бухоронинг уч еридан бўларкан.
Бири келган Карманадан, бири Вобкент томондан .
Ғиждувондан экан бири, кўп ибодат қиларкан.
Ибодатлар улуғини у намоз деб биларкан.

Машақатлар кўплигини билиб йўлга чиқмишлар.
Манзил йироқ, қанча азоб, ҳам риёзат чекмишлар.
Бухородан Маккагача неча йуллар юришди.
Кўп намозни бирга ўқиб, хўп суҳбатлар қуришди.

Ғиждувоннинг ширмой нонин, Кармана қўй гуштини.
Вобкент ёғли холваси-ю, Зарафшоннинг сувини.
Бирга баҳам кўришдилар, бор бисотлар ўртада.
Мусофирлик тақдир экан олис араб юртида.

Қанча кунлар, ойлар ўтди, азиятлар чекинди.
Маккатуллоҳ яқин қолди, йўл азоби бекинди.
Ниятлари холис экан, шукр қилиб Роббига,
Ҳаж амалин бошладилар, талпиндилар Каъбага.

Муздалифа, Арофат-у, Сафо, Марво--чиқишди.
Лаънат тошин отиб чунон, шум шайтонни йиқишди.
Каъбани хўп айландилар, тавоф қилиб бирма-бир.
Кўзлардан ёш оқди гўё, тўкилгандек оппоқ дур.

Ҳаж амали тугаб дўстлар, табриклашди бир-бирин.
Учовидан бирисини ҳеч ким билмасди сирин.
У ногаҳон қалкиб кетди, суяб қолдилар илдам.
Жони ногоҳ шарт узилди, ажал чиққандек ердан.

Икки ҳожи хайрон эди, шитоб келган ажалдан.
Дафн қилмок керак албат, урф бўлгандир азалдан.
Гўр қаздилар ҳамюртига, меҳнат қилиб теппа-тенг.
Худо рахмат қилсин марҳум, қабри бўлсин ёруғ- кенг.

Жазирама иссиқ эди, тер бошлардан қуйилди.
Қабр қазиб бўлинди-ю, анча тупроқ уюлди.
Жанозасин ўкиб аввал Ҳаққа дуо қилдилар.
Шариатнинг шартларини улар фарз деб билдилар.

Бисмиллаҳ деб, марҳум жисмин топширай деб тупрокққа,
Жазм қилди икки ҳожи, дуч келдилар қийноққа:
Бу қандайин синоатким, қабр ичида бирдан,
Пайдо бўлди қора илон, ёриб чиққандек ердан.

Иккиларди икки ҳожи,-"Энди не қилсак экан,
Не машақат бўлсаҳам-ки, бошқа гўр казсакмикан"?
Бошқа кабр қазидилар, анча кеч бўлиб қолди.
Озиб-тўзиб, кўп меҳнатдан чарчашиб ҳориб- толди.

Қабр битгач, ё алҳазар, боз илон пайдо бўлди.
Ажиб тақдир бу сеҳрига ҳожилар ҳайрон қолди.
Баҳайбат бир қора аждар қабр ичра ётарди.
Икки ҳожи ҳангу-мангу, ҳайрати ортар эди.

Икки қабр қазиганлар учинчисин қазмасму.
Қабр қазиш азалдан ҳам бандасига фарзмасми.
Жазм этдилар бошқа гўрни қазимоққа, алҳазар,
Аммо илон ваҳмидан ҳам юракда ҳадик-ҳазар.

Ногаҳонда нуроний бир бобо пайдо бўлди,
"Нечун қабр учтаю, маййит битта"?- деб, сўрди.
"-Эй бобожон сен сўрсанг Бухородан бўламиз.
Учта эдик , биттамиз шу Маккада қоламиз.

Ҳожи бўлдик учовлон, қувончдан қалблар тўлди.
Биримизнинг севинчдан юраги тўхтаб ўлди.
Учта қабр қазидик, баридан чиқди илон.
Ваҳимада иккимиз, гўё тандан чиқди жон"!

Бобо деди-"Юзта гўр қазисангда азобда,
Пайдо бўлар бу илон, бўлма бундан ғазабда.
Бу азоб фариштаси, кутиб олар дўстингни.
Қабр азобин берар, шилиб олар пўстини.

Асли дўстинг ким бўлган, не қилган бу дунёда.
Демак Аллоҳ кечирмас ишлар қилган зиёда.
Биров ҳақин еганми, ё урган тарозидан.
Ё фирибгар, ё қаллоб, ё тонгандир қарзидан.

Илон сизга тегмагай, қўяверинг тортинмай.
Маййит холи шу бўлди, кўрдингиз аҳволи танг.
Бу фаришта аслида кўринмасди кўзларга.
Бу муъжиза билсангиз ибрат бўлсин сизларга.

Демак сизнинг ҳажингиз Аллоҳим қабул этган.
Савобингиз кўпайган гуноҳлар сиздан кетган.
Шу сабабли фаришта кўринмишдир кўзларга.
Кирган илон шаклига, ҳожат йўқ кўп сўзлашга"!

Икки ҳожи маййитни авайлаб гўрга қўймиш.
Ибратли бу ҳолатдан кўрган каби худди туш.
Маъюс бўлиб икковлон Бухорога қайтмишлар.
Дўстларининг ўлганин завжасига айтмишлар.

Юрак ютиб ҳожилар бевага савол берди:
-"Айтинг келин ростини, эрингиз қандай эрди?
Ҳайратландик иккимиз Ғайри оддий ҳолатдан.
Маккадаги муьжиза,- қабр, илон, кулфатдан"!

Бева деди:-"Ҳа, эрим тегирмончи эдилар.
Ёзда олган буғдойни, қишда сотгум - дердилар.
Арпа унин ногаҳон буғдой унига қушиб,
Алдаб сотар эдилар, буғдой уни - деб, жўшиб."!

***

Бу қиссадан ҳисса шулдир азиз муслим биродар,
Биров ҳақин еган бўлсанг атайлабдан бирор бор.
Агар рози қилмасанг сен ,сендан жабр кўрганни,
Аллоҳ асло кечирмайди, минг бор ҳажга борганни !

Афсус, баъзи "ҳожи"ларнинг қилмишлари маломат.
Ҳажжи мабрур ҳожиларнинг амаллари аломат.
Ибрат олиб амал қилсак , жаннат кўшки мақомат.
Ҳазрат айтур азизларим, имон бўлсин саломат !!!

Навбаҳор туман "Арабхона катта" жоме масжиди имом хатиби ҲАЗРАТ ИСМОИЛОВ
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Навоий вилоятимиздан Ҳаж зиёратига  245  фуқаро жўнаб кетди.
Навоий вилоят имомларининг сайёр семинари Хатирчи туманида
Навоий вилоят имомларининг сайёр семинари  Учқудуқ  туманида
Фуқароларни қабул қилиш куни
Навоий вилоят имомларининг сайёр семинари Зарафшон шаҳри ва Томди  туманида.
Навоий вилоят имомларининг сайёр семинари Канимех туманида
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш