ТАҚДИРДАН ФАҚАТ ТАҚДИРГАГИНА ҚОЧИЛУР . Навоий вил. Навбаҳор тум. "Арабхона катта " жоме масжиди имом-хатиби .Онам Маьмура Исмоил қизи хотираларига бағишладим .

30-03-2024, 20:00 admin Мақолалар 324

Онамдан хўп тинглаганим, ибратли кўп ривоят.
Шеьрга тизиб сўзлай сизга ,шундан битта ҳикоят:-

Қадим ўтган замонда, Арабсарой томонда .
Яшар экан чол-кампир, жону-тани омонда.

Бир қизлари бор экан, ҳам қуёшу-ой экан.
Ўн етти ёш баркамол, латофатга бой экан.

Еру-кўкка ишонмай , парваришлаб қизларин.
Балоғатга етганда, кўзга суртиб изларин .

Ёлғизгина қизларин тақдирини билай деб.
Биз ўлган сўнг не бўлар,
Аллохдан бахт тилай деб.

Тушда кўрсат қизимнинг, келажагин билай деб.
Парвардигор изн бер , бирор тадбир қилай деб.

Ухлаб қолди чол-кампир , тушига кирди мурда .
Нидо келди ғоибдан, "Қизинг такдири шулда "!

Уйғониб дод солди чол, "Мурдага қиз бермайман.
Парвардигор кечиргин, такдирга тан бермайман!"

Ярим тунда овулдан, чиқиб кетдилар бирга.
Чолу-кампир ва ой қиз , қочиб кетдилар қирга .

"Тақдиримдан қочаман, қизим бахтин очаман.
Насиб этса бўз куёв , бошидан зар сочаман !"

Сувлари йўқ ичмоққа , чидаб бўлмас чанқоққа.
Егулик ҳам тугади , мажоли йўқ юрмоққа.

Жазирама чўлларда сарсон кезди учовлон .
Адашдилар йўл топмай , йўл кўрсатди ок илон .

Илон изидан бориб , дуч келдилар қасрга.
Кўркам боғу-чаманзор, атрофи баланд девор .

Дарвоза ланг очиғ-у, бирор шарпа сезилмас.
Ҳовли саҳнида ҳовуз , зилол суви ичилмас .

Чақирдилар хонадон сохибини зорланиб.
Бир кимса сас бермади, кирмадилар орланиб.

Чол деди қизчасига: - "Биз кирмайлик , сен киргин .
Сувдан қониб ичиб ол, бизга ҳам олиб келгин ".

Қизча кириб ҳовлига, ҳовузга етиб борди .
Қониб сувдан ичди-ю , дупписига сув олди .

Қайтиб қизча изига ҳовлидан чиқмоқ бўлди.
Дарвоза қарс ёпилиб , бу ҳовли қамоқ бўлди .

Ўз-ўзидан ёпилган дарвозага ҳайрона.
Қамалиб қолди қизча, бағри-дили вайрона .

Дод солиб йиғлар эди, бағрини тиғлар эди.
Ота-она кўчада ўртаниб инграр эди .

На илож бу тақдирнинг ҳазили қизиқ экан .
Очилмади дарвоза , қулфи ё бузуқмикан .

Йиғлаб , чарчаб қизлари , бул томон ухлаб қолди .
Чолу-кампир зор йиғлаб , ул томон ухлаб қолди .

Қиз эрталаб мушукнинг миёвидан уйғонар
Мушук бўйнида маржон , шода калит тўлғанар .

Мушукни силаб-сийпаб , қирқта калитни олди .
Бирисини таваккал эшик қулфига солди .

Эшик ланг очилди-ю , чолу-кампир йуқ эди .
Суякларин ғажиган ,чўл бўриси тўқ эди.

Қиз билдики уларни , бўрилар ғажиб кетган
Паймонаси тўлган-у , умри ҳам тугаб битган .

Тақдирга тан берган қиз , мушук бирлан яшади.
Қирқта хона қулфига , бир-бир калит ташлади .

Озиқ-овқат, егулик, кийим-кечак, кийгулик.
Бир хонада тиллалар , кумуш , зумрад - кўп бойлик .

Тақинчоқлар дейсизми , мева - чева ейсизми .
Бир хонада шароб - у, қази-қарта дейсизми .

Туганмас хазиналар , хамма нарса жуда мул.
Қиз татиб ҳам кўрмади , бойликка урмади қўл .

Бир хонага кирди-ю , ҳайратдан қотиб қолди.
Қўрққанидан довдираб , ҳушидан кетиб қолди .

Ҳушига келиб қизча кўрса мурда ётарди .
Мурда юзи хонага ажиб нур таратарди.

Лек нафис баданига ниначалар санчилган .
Чехрасида табассум , кузи хиёл очилган.

Такдирдан қочган одам , тақдирига қочаркан.
Рози булсанг Худойим , жаннатга йул очаркан .

-"Шу мурдага боғланган , такдиримдан айланай.
Ўликка жон киритса , завжа бўлиб боғланай."

Қирқ кечаси ухламай ниналарини олди .
Йигит товонларида қирқта нинаси қолди .

Бир кун бир чол овози зшитилди ҳойнаҳой.
"Чури сотаман"-дейди, "сотиб олган бўлар бой !"

Бир лаган тиллага қиз сотиб олди чўрини.
Сотиб олди чўри деб , накд урғочи бўрини .

Қиз деди :-" Жоним опам , энди чўри эмассан.
Синглингман энди сени , асло бека демассан".

Фақат бир юмушим бор , қирқ кеча ухламадим.
Товонда қолди нина , суғуриб улгурмадим .
Бироз мизғиб олай мен , сен нинани олиб кўр .
Тирилиб қолса шояд , ёнида ўлтириб тур .

Мурданинг товонидан нина олгач чўри қиз .
Акса уриб тирилгач деди-"Халаскоримсиз!"

-"Тилагингиз айтингиз , рози қилай , буюринг .
Хохласангиз уйланай , завжа бўлиб суюнинг ?"

Чўри деди :- "Бир танбал чўрим бордир қўлимда.
Шуни тепиб уйғотинг , ухлайди кунда-тунда.

Иш қилмайди ишёқмас , дангаса-ю, насли паст .
Тепкилаб иш буюринг , бу чўри ўта нокас.


Қиз уйғониб тепкидан , кўрди вазият чатоқ .
Малика бўлиб қопти , чўри қиз экан олчоқ .

Кўрмаганнинг кўргани қурсин дейди азалдан .
Чўрининг тақинчоғи энди зару-забардан.

Шохона либосларга чўри бурканиб олди.
Қизчанинг фойдасига фақат мушукча қолди.

Қиз тақдирга тан бериб , юмуш қиларди кунда.
Ота-онасин қўмсаб , йиғлаб чиқарди тунда.

Йигит бир кун шаҳарга бориб келмоқчи бўлди.
Не буюрса хотини олиб келмоқчи бўлди.

-"Чўри қиз сенга нима олиб келай бозордан ?
Хафа бўлма бу танноз маликам озоридан ."

Ой қиз деди:-"Эй хожам, мендан сўраш не ҳожат.
Ҳеч нарса керак эмас , бориб келинг саломат."

Фақат аттордан сўранг , "сангисабил" бўлса бас.
Олиб келинг топилса, ҳеч нарса қилмам ҳавас ".

Хотин буюрганларин қирқ туяга юклади.
Юклар оғирлигидан туя белин буклади.

Эсга тушди чўриси буюргани "санг-сабил".
Нима экан у матоҳ , атторлардан сўраб бил.

Аттор деди:-"Эй ўғлим, "Сангисабил - ёрил тош".
Чўрингизни дарди бор , Аллоҳ берибди бардош.

У сизга айтолмаган дардин айтади тошга.
Кўп балолар ёғилган у азиз кичик бошга.

Қиз дардини эшитгач тош ёрилиб кетади.
Эшитсангиз дардини ҳақ рўёбга етада.!"

Қасрдаги малика бозор молин кутарди.
Чўридан кўрган зулм, ой қиз заққум ютарди.

Бойликларга тўймаган чўри олди молларни.
"Ёрилтош" тегди қизга , кўринг хангомаларни.

"Сангисабил-ёрилтош", ойни уялтирган қош.
Бағрига босиб тошин , боққа кирди , кўзда ёш .

Пана-пастқам жой топиб , беркиниб олди қизча.
Тошга айтиб дардини , энтикиб қолди қизча.

-"Ота-онам энди йўқ, хор бўлдим мен дунёда.
Худо насиб этмади , қўлимдан кетди мурда!"

Барини айтди қизча , зорланиб айтди қизча.
Сангисабил қўлида , ёрилиб кетди пича.

Йигит пойлаб келганди , сирни энди билганди.
Уйланиб чўри қизга , аттанг хато қилганди.

Кечирим сураб қиздан , қўлидан тутиб олди .
Чўри қизни мол бериб , қасрдан қувиб солди.

Қирқ туяга юкланган молларила чўри қиз .
Чиқиб кетди қасрдан , демади ортиқча сўз.

Қирқ кеча-ю , қирқ кундуз тўй қилдилар қасрда.
Бу воқеа рўй берган , ўтган узоқ асрда .
***
Хулоса шу , эй дўстим , такдирингдан қочарсан.
Қочаман деб тақдирга , ўзинг эшик очарсан .

Пешонангга ёзилган такдирингга рози бўл.
Сенга лозим бўлмаган неьматларга чўзма қўл .

Ҳазрат айтур, бу эртак ёддир менга онамдан.
Ёшлигимда тинглардим , йиғлаб-йиғлаб хонамда.
ТАҚДИРДАН  ФАҚАТ  ТАҚДИРГАГИНА  ҚОЧИЛУР .  Навоий  вил.  Навбаҳор  тум.  "Арабхона  катта " жоме  масжиди  имом-хатиби .Онам  Маьмура  Исмоил  қизи  хотираларига  бағишладим .скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш