Рамазон хатми Қуръони – баракот ва мағфират кони!

7-06-2018, 14:59 admin Мақолалар 1 409

Қалбларимизни мунаввар қилиб ва юртимизга файз-барака олиб келган Рамазон ойи – хатми Қуръон ва мағфират ойидир. Юртимиз масжидларда таровеҳ намозларида ўқилаётган хатми Қуръонлар шарофатидан еру осмондан баракатлар ёғилиб, ризқ рузимиз мўл бўлади. Ушбу фараҳбахш Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиш бевосита илоҳий топшириқ асосида, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий амаллари асосида йўлга қўйилган. Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Қуръондан нозил бўлган сураларни тўлиқ ўқиб берар эди.
Аллоҳ Таоло ўзининг каломини буюк ва азизлигини таъкидлаб, Қуръони Каримнинг Хашр сураси 21-оятида шундай марҳамат қилади: “Қуръонни бирор тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, уни Аллоҳнинг қўрқувидан ўзини хор тутган ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. Биз бу мисолларни одамларга зора улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз”.
Муқаддас ислом динимизда қайси амал буюрилган, тарғиб қилинган бўлса, унинг инсоният учун кўплаб манфаатлари борлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда. Жумладан, Қуръонни хатм қилишда, айниқса, уни рамазон ойида хатм қилинишида жуда кўп фойда ва мақсадлар бор. Улардан энг асосийларини эслаб ўтамиз.
– Хатми Қуръон қилиб туриш энг афзал амаллардандир.
Абдадан ривоят қилинади: “Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтадилар. Агар у ундан (Қуръондан) тунда фориғ бўлса, фаришталар тонг отгунча унинг ҳаққига салавот айтадилар”. Доримий ривоят қилган.
– Қуръон хатм қилинганда Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади.
Мужоҳиддан ривоят қилинади: “Хатми Қуръон чоғида раҳмат нозил бўлади”. Ибн Абу Шайба ривоят қилган. 
– Қуръон тиловатидан баҳрамандлик. У билан дилни тозалаш ва тилни безаш.
– Қуръон маъноларидан бохабарлик, уларни тадаббур қилиш, мазмунини чақиш ва қалбга сингдириш. Қуръонни тушуниб ўқиган киши ҳар гал ўқиганда янгиянги маънолар кашф этади, олдин тушуниб етмаган ҳақиқатларни англаб боради.
– Қуръонга тилни бурро этиш. Қуръон ўқиб юрган одам билан уни доимий ўқиб юрмайдиган одамнинг тили Қуръон ўқишга бир хил келмайди, албатта. Қуръонни яхши ўқий олиш мўмин киши учун улкан шараф ва юксак фазилатдир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни моҳирлик билан ўқийдиган киши мукаррам, олийжаноб элчи фаришталар билан биргадир”, дедилар”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. 
– Қуръонни доимий такрорлаб туриш тилни равон қилади, кўзни равшан этади, ақлни пешлайди. Ривоят қилинишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Қуръон ҳофизининг ақли заифлашмайди, хотираси кетмайди”, деган.
– Қуръонни хатм қилиш дуолар мустажоб бўлишига сабаб бўлади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Қуръонни ўқиб чиқса, унинг учун Аллоҳнинг ҳузурида мустажоб бўладиган дуо, яъни исми аъзам бордир. У Зот хоҳласа, уни бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга қолдиради”. Табароний ривоят қилган.
“Зарафшон” жоме масжидида ўн беш кун давом этган хатми Қуръон бугун ўз якунига етмоқда. Ҳамшаҳарларимиз мазкур тадбирга юксак умид, иштиёқ ва юқори ихлос билан қатнашишди. Юртимиз бўйлаб ўқилаётган хатми Қуръонлар билан янада безанган мағфират, тақво ва покланиш ойи бўлмиш Рамазон барчамизга муборак бўлсин! Бу ойнинг ҳурматидан Аллоҳ юзларимизни Қуръон нурлари билан мунаввар қилсин. Юртимиз мўмин-мусулмонларининг Қуръон Каримга муҳаббатларини янада зиёда қилсин!

“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби,
Шодмонов Комилжон




скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш