Бегоналар ҳавасини келтирадиган даражада илдизи чуқур маънавий бой одобларимиз, миллий урф-одатларимиз бор. Уларда халқимизнинг ўтмиш маданияти, моддий, ижтимоий, ва руҳий зҳтиёжларига хос унсурлар ўз мужассамини топган. Ана шундай қадриятларимиздан бири тўй маросимларидир.
Тўйда шоду хуррамлик изҳор қилиш азалдан одат тусига кирган. Аммо тоқатдан ташқари сарф-харажатларга ружу қилиш, шариат йўлидан чиқиб, кераксиз суратда мол-дунё сарфлашни ота-боболаримиз номуносиб иш санаганлар. Улар исрофни жўмардлик эмас, имоннинг, ақлнинг заифлиги деб билганлар ва пайғамбаримизнинг: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчиликка ва фахрга ўтманглар”, деган ҳадисларига мувофиқ ҳаётгузаронлик қилганлар.
Минг таассуфки, бугунги кунда узоқ йиллар ота-боболаримиз амал қилиб келган бу ҳаётий тажрибалардан, миллий одатларимиздан анча узоқлашдик, баъзиларидан “эскилик сарқити” деб воз кечдик. Замонлар оша сайқалланган гўзал ахлоқ-одобларимизга писанд қилмай “европа одатлари”ни маданият ҳисоблайдиган бўлдик. Йиллар давомида машаққат билан топган мол-дунёмизни бир-биримизга тақлид қилиб, бир кечалик тўйда совуриш одат тусига айланди.
Ном чиқариш обрў қозониш, ўзимизни бошқалардан устун кўрсатиш, бойлигимизни тўй-маъракаларда кўз-кўз қилиш исрофнинг қабиҳ кўриниши, оғир мусибат, катта йўқотиш албатта. Улуғ аждодларимиздан бизга етиб келган саранжом-саришталик ўрнини тўйларда беҳаёлик, ичкиликбозлик, ғарбона урфларнинг эгаллаши ёшларимизнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир қилмоқда. Келин-куёвларимизнинг ажралиб кетишига, оилаларининг бузилишига, ёшларнинг ахлоқсиз, тубанлашиб кетишига ҳам ана шу миллатимизга ёт бўлган “бегона” урфлар сабаб бўлмоқда.
Никоҳ тўйи бир кечада ўтадиган оддий ҳодиса эмас. У эсда бир умр қоладиган, умрнинг энг саодатли дақиқаларидир. Никоҳ тўйи туфайли жамиятда янги оила вужудга келади. Оилада Аллоҳнинг энг буюк неъмати фарзанд дунёга келади. Фарзанд туфайли ота-онанинг умри пойдор бўлади. Шунинг учун никоҳ тўйи вақтида куёв билан келин, ота-оналар, ёру-дўстлар, қариндош уруғлар мол-дунёни совуришни эмас, Аллоҳдан хайр сўрашни урф қилсалар ҳам оилада, ҳам жамиятда хайр-барака бўлади.
Тўйларда шон-шуҳрат учун сарф қиладиган бойликни келин билан куёвнинг истиқболларини таъминлаш учун ёки илму маърифат, миллату мамлакат фойдасига сарф қилинса, энг хайрли савоб амал бўлади.
Аллоҳга шукр, юртимиз тинч, турмушимиз кундан кунга фаровон бўлиб бормоқда. Шундай замонда, шундай юртда яшаётганимизнинг шукронасини қилмасдан исрофгарчилик қилиш нонкўрликдан бошқа нарса эмас. Исрофгарчилик оилага надомат келтиради. Исрофгар қанчалик бой бўлмасин, оқибатда барибир камбағал бўлади.
Бугунги кунга келиб қадриятларимизни тиклашга, тарихимизни ўрганишга, ўзлигимизни англаб етишга астойдил аҳд қилган эканмиз, бунда ота-боболаримизнинг “саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, бахил бўлма” деган ўгитларига амал қилсак, энг гўзал иш қилган ва оиламизга юртимизга манфаат келтирган бўламиз.
Абдулбосит Раҳимов
Мир Араб мадрасаси мударриси