Оллоҳ таолонинг қавли:
أَفَرَأَيْتُم مَّا تَحْرُثُونَ (63) أَأَنتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ(64) لَوْ نَشَاء لَجَعَلْنَاهُ حُطَامًا
«Сизлар ўзларингиз экаётган экинингиз хусусида ҳеч ўйлаб кўрдингизларми? Уни сизлар ундирурсизларми ёки Биз ундирурмизми?! Агар Биз истасак, албатта уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эрдик!»
Ҳар бир мусулмон бирор нарса экадими ёки бирор касбу кор қиладими доимо Ризқ берувчи Раззоқни эсидан чиқармаслиги керак. Яъни зироат деб ёки тижорат деб ибодат эсдан чиқмасин деб Парвардигори олам эслатмоқда. Биз қанчалик зўр деҳқон бўлмайлик агар Аллоҳ хоҳламаса ҳеч ким ҳеч нарса ундуролмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ إِلاَّ عَلَى اللّهِ رِزْقُهَا
“Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”
Агар қушларга эътибор берадиган бўлсак, эрталаб саҳардан боласи ва ўзи учун учиб кетади. Бирор жойда мана бу ерда нон бор у ерда дон бор деб айтилмаган, аммо Аллоҳ унинг ризқини беришлигига иймони комил ва Парвардигор унинг ризқини етказади. Бир босганда эзилиб кетадиган қурт қумурсқадан бошлаб, катта-катта жониворларгача барчасининг ризқини Худои таоло беради. Чунки Худои таоло Қуръони каримда Ўзининг зиммасидаги ишни айтган: “барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”, деб.
Энди бизнинг ризқимизни меҳнат қилиб олишимиз эса, ризқимиз ҳалоллаб олишимиз учун. Тижорат қиламизми зироат қиламизми бу барчаси ҳалолликка интилиш бу ҳам ибодат:
Бутун борлиқ, наботот ҳам. Яратганга этар тасбеҳ.
Бободеҳқон экиб юрса. Зироат ҳам ибодатдур.
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
عَنْ أَنَسٍ - رضى الله عنه - قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - « مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا ، أَوْ يَزْرَعُ زَرْعًا ، فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ أَوْ إِنْسَانٌ أَوْ بَهِيمَةٌ ، إِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ »
«Қайси бир мусулмон бирор дарахт ёҳуд бирор экин экса-ю, унинг ҳосилидан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бунинг учун унга ажру савоб ато этилур» — деб марҳамат қилдилар».
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Бошқа бир ривоятда:
عَنْ جَابِرٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا إِلاَّ كَانَ مَا أُكِلَ مِنْهُ لَهُ صَدَقَةٌ وَمَا سُرِقَ مِنْهُ لَهُ صَدَقَةٌ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ مِنْهُ فَهُوَ لَهُ صَدَقَةٌ وَمَا أَكَلَتِ الطَّيْرُ فَهُوَ لَهُ صَدَقَةً وَلاَ يَرْزَؤُهُ أَحَدٌ إِلاَّ كَانَ لَهُ صَدَقَةٌ ».
“Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан биров еса, албатта, эккан киши учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам у учун садақа бўлади. йиртқичлар егани ҳам у учун садақа бўлади. қушлар егани ҳам, албатта, у учун садақа бўлади. ўша экиндан бирор киши манфаат олса, эккан киши учун садақа бўлади”, дейилган (Муслим ривояти).
Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, ҳаттоинки дарахтнинг мевасини ўғирлаб кетсалар ҳам, унинг ҳаққига савоб ёзилиб турилар экан.
Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз Исломда айнан мана шундай ишлар садақаи жория деб номланади.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди” (Аҳмад ривояти).
Ҳикматда айтилади: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”.
Нурота туман “Қадоқ” жомеъ масжиди имом хатиби
Шералиев Аҳмад