Қаноат

21-05-2017, 11:56 Istamjon Khamrayev Мақолалар 2 159

ҚаноатБарча ўрмалайдиган нарсаларнинг ризқини бериб турувчи Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Инсониятга ҳаёт мазмунини кўрсатиб берган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллолоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримида:
“Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир” – дейди.
Агар қушларга эътибор берадиган бўлсак, эрталаб саҳардан боласи ва ўзи учун учиб кетади. Бирор жойда мана бу ерда нон бор у ерда дон бор деб айтилмаган, аммо Аллоҳ унинг ризқини беришлигига иймони комил ва Парвардигор унинг ризқини етказади. Бир босганда эзилиб кетадиган қурт қумурсқадан бошлаб, катта-катта жониворларгача барчасининг ризқини Худои таоло беради.
Одам фарзанди ризқини Аллоҳдан деб билиб, иш қилиши керак. Шу билан биргаликда ҳалол ризқни танлаши лозим. Бу албатта ўзини, аҳли оиласини бировлардан беҳожат қилиш учун бўлади.
ҲИКОЯТ: Бир куни Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бомдод намозидан кейин ўтирган эдилар. Бир бақувват йигит масжиддан тезлик билан чиқиб бозорга югурди. Шунда саҳобалар: Во дариғо, ундан кўра охират ишига мунча шошилса арзирди – деганларида, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Бундай деманглар, агар бу йигит ўзини инсонлардан беҳожат қилишлик учун ё ота-онаси ва оиласини боқиш учун бу ишни қилса, Худои таоло назнида ибодатдек бўлади. Аммо агар дунё кўпайтириб мақтаниш учун, бошқаларга кўз-кўз қилиш учун бу амални қилса, бу шайтоннинг амалидандир” - дедилар.
Худои таоло бизларни огоҳлантириб: “Сиз (айрим) тоифаларни синашимиз учун баҳраманд қилган дунё ҳаёти гўзалликларидан иборат нарсаларга кўзларингизни термултирманг! Роббингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир” – дея марҳамат қилади.
Демак, Аллоҳ таоло ҳар биримизга қанча миқдорда ризқ берган бўлса, ана шунга қаноат қилайлик. Қаноат деганда, берган ризқига шукр қилишлик ва рози бўлишлик назарда тутиляпти. Лекин бу тўхтаб қолишлик дегани эмас. Бугун сизга қанча ризқ берилди, мана шунга қаноат қилинг, ҳаддан ташқари елиб-югурманг, яъни ибодат вақтини, ота-онанинг кўнглини овлаш пайтини, оила билан бўлиш вақтини қаноатсизлик қилиб ризқ учун сарфламанг. Чунки ҳар вақтнинг ҳисоб китоби бор.
Абу Али ибн Сино: “Киши учун энг фойдали, дилини ёритувчи нарса қаноатдир. Энг зарарли ва нафратланарли нарса эса ҳирс ва ғазабдир. Бошқаларда кўрганни қаттиқ истамаслик ҳам қаноат саналади”- деганлар
“Бир куни Мусо алайҳи саллом Аллоҳ таолодан сўрадилар: Ё Роббим, қайси банданг Сенга суюклироқ? Аллоҳ таоло деди: Мени кўп эслайдигани. Ё Роббим, қайси банданг Сенинг назнингда одилроқ? Аллоҳ таоло деди: ўз нафсини тергаб турадигани. Ё Роббим, қайси банданг энг бой? Аллоҳ таоло деди: берган ризқимга қаноат қилувчиси”
Аллоҳ таоло Қуръони каримида:
“Аллоҳ хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаганникини) тор қилур.” – дейди.
Азиз биродарлар, ҳалол ризқни талаб қилайлик, одамлардан беҳожат бўлишликни истайлик, хорловчи камбағалликдан паноҳ тилайлик, қаноат неъмати билан ўралган бойликни дуо қилиб сўрайлик ва бу илоҳий қоидани ҳеч эсимиздан чиқармайлик.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллолоҳу алайҳи васаллам – дедилар:
“Бойлик пулнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир”.
“Ризқнинг хайрлиси инсонга кифоя қиладигани, зикрнинг яхшиси эса махфийсидир.
“Агар одам боласи ихтиёрида икки водий тўла олтин бўлса ҳам, у учинчисини истайди. Одам боласи кўзини фақат тупроқ тўлдиради, холос”.
“Кимики мусулмон бўлиб, кифоя қилгудек ризқланган бўлса ва Аллоҳ таоло ўша берган ризқига қаноатли этиб қўйган бўлса, батаҳқиқ ўша киши нажот топибди”.
Ҳаким Ҳотам Лифофийнинг бундай сўзлари бор эди: “Бойликни молу дунёдан талаб этдик, аммо у қаноатда экан.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўзларининг ўғилларига насиҳат қилиб дедилар: “Ўғлим агар Худодан бойликни сўрасанг қаноат неъмати билан сўрагин. Чунки қаноати бўлмаган инсоннинг ҳар қанча моли бўлса ҳам бой бўлолмайди”.
Дарҳақиқат, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айтганларидек: “Қаноати бўлмаган инсон нолишдан ҳеч тўхтамайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллолоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Бир бандаики дунёга ҳирс қўймаса, яъни охиратни дунёдан аввал қўйса ёки ҳожатидан ортиқроқ мол жамламаса, Аллоҳ таоло унинг қалбида ҳикматни ўстиради, тилида ҳикматни гапиртиради ва қалб кўзи дунёнинг айбларини сезади ва дунёнинг дардини ва давосини ҳам кўргазади ва ниҳоят Аллоҳ таоло бандани дунёнинг офату балоларидан соғ-саломат чиқариб, жаннатига киргизади”.
“Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам бизларга: “Кимга яхши амалларни ўргатайин, бас унга у амал қилади ёки уни амал қиладиган кишига ўргатади”-дедилар. Шунда, “Менга ё Расулуллоҳ”-дедим (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам қўлимдан ушлаб, бешта амални санаб ўтдилар. “Аллоҳ таолонинг ҳаром қилган нарсаларидан тақво қил, одамларнинг обидроғи бўласан. Аллоҳ таолонинг қисматидан рози бўл, инсонлардан беҳожат бўласан. Қўшнингга чиройли муомала қил, ҳақиқий мўмин бўласан. Ўзингга раво кўрган нарсани бировларга ҳам раво кўр, ҳақиқий мусулмон бўласан ва кўп кулма. Бас кўп кулишлик қалбни ўлдиради ”.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилар эдилар: “Аллоҳим! Менга берган ризқингда қаноатли қилгин, уни мен учун баракотли қилгин ва барча йўқотганларим ўрнини хайрлиси билан тўлдиргин”.


Нурота туман
бош имом хатиби ОТАБЕК АТОЕВскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш