АЁЛИ МАЪРИФАТЛИ БЎЛГАН ЮРТНИНГ КЕЛАЖАГИ БОР...

28-02-2024, 01:09 admin Мақолалар 124

АЁЛИ МАЪРИФАТЛИ БЎЛГАН ЮРТНИНГ КЕЛАЖАГИ БОР...

35 йилдан буён таълим соҳасидаман, шунинг учун бемалол шуни айта оламанки, бирор бир талабани хулқининг гўзаллигини кўрсам, бунинг орқасида ОНАси турганлигига тўлиқ ишонаман!
БОЛА тарбиясининг гўзаллиги ОНАдандир.

Оналардан бири шундай деди:
"Машина ҳайдаш учун ҳужжат шартми, демак бола туғиш учун ҳам ҳужжат сўрашсин. Ким фарзанд кўрмоқчи бўлса имтиҳонга кириб, тестлардан ўтсин. Тарбиялай олмайдигани ота-она бўлишдан воз кечсин!"
Теварак атрофга назар солсангиз, ҳаётингизда эшитган энг мантиқли гап шу эканлигини ҳис қиласиз .
Чунки, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти жуда оғирки , буни ўзлари билишмайди, тасаввур ҳам қилишмайди.

Бир ривоятни мисол келтирамиз....
Ривоят қиладиларки...
Бир куни шогирд устоздан сўради:
— Нима учун чақалоқлар ҳамма ерда бир хил йиғлайдилар. Улғайганларида эса уларда ҳар хил хислатлар пайдо бўлади?
Устоз жавоб берди:
— Бу тарбиянинг натижасидир.
Шогирд сўради:
— тарбиянинг ҳосиласи ёшга ҳам боғлиқми?
Устоз деди:
— Ҳа, албатта. 20 ёшда ҳиссиёт, 30 ёшда истеъдод, 40 ёшда ақл ҳукмронлик қилади.
Шогирд яна сўради:
— Эшитишимча, тана қартайганда, аҳлоқ мустаҳкамланади, дейдилар. Бунинг сабаби нима?
Устоз бир лаҳза ўйга чўмгач, шундай деди:
— Чунки инсон танасидаги барча аъзолар ўз нафсини қондиравериб чарчайди, ҳолдан тояди, руҳ эса ҳаёт чархида чархланиб, ахлоқ бойиб бораверади.
Шогирд яна сўради:
— Эй, устоз, минг машаққат ила юксакликка кўтарилган инсонни нима пастга тушириши мумкин?
Устоз шогирдига қараб, шундай деди:
— Киши қанчалик юксакликка эришмасин, ахлоқда оқсаса, пастга тушиб кетиши муқаррардир. Эй, шогирд, мисқоллаб йиққан обрўйинг бир зумда тўкилмасин десанг, ақлингни ҳамиша раҳнамо этгин, нолойиқ ишлардан олисга кетгил".

Дарҳақиқат , инсоннинг тарбиясизлик орқасида амалга оширган ҳар бир иши мисқоллаб йиққан обрўсини бир зумда тўкилишига олиб келади. Инсон ҳаётида тарбиянинг ўрни шу қадар юксакки, умрининг мазмунини белгилаб беради..

Агар тарбия ноқисроқ бўлса , кап- катта ёшдаям ахлоқ доирасига тўғри келмайдиган ишни қилиб, ўзига зарар келтириб, икки дунёсини куйдиради..
Мана яна бир ҳаётий мисол...
" Бозорда пайпоқ сотиб ўтирган кишининг ёнига яқинлашиб:
– Ювганда ранги чиқмайдими? - деб сўрадим.
– Агар ранги чиқса,  топган пулим ҳаром бўлсин, боламни  ўлигига ишлатай - деди савдогар.
Унинг қасамига сесканиб, уч жуфт пайпоқ сотиб олдим.   
Ҳар гал ўша пайпоқларни юваётганимда гўё улардан эмас, менинг дилимдан қоп-қора сиёҳ оқаётгандек титрашга тушаман. 
Нега унга шу саволни бердим, нега уни шу қасамни ичишга мажбур этдим деб..."
Сурайё Зоҳир.

Мана вақтида берилган нотўғри тарбиянинг оқибати. Кап- катта одам алдади, бировни алдаб сотган молининг пули ҳалолми энди? Ичган қасамига фаришталар "омин" десаю, боласига зиён етса, топган пулининг қанчаси бу зиённи қоплайди, умуман, қоплай оладими бир умр йиққан мол- дунёси? Фарзанд неча пул туради? Унинг нархи борми? Аллоҳ таоло ато этган бу бебаҳо неъмат билан қасам ичиб бўладими?
Хулоса шуки, болага ўз вақтида берилган нотўғри тарбия уни бир умрга майиб, мажруҳ қилади. Кўринишидан тўрт мучаси соғ бўлсаям, қалби мажруҳ бўлади. Бемалол одамларни кўзига қараб туриб алдайди, қасам ичади, ёлғони бир кун фош бўлишини хаёлига келтирмайди.
Болаларимизни ёшлигидан ҳалолликка, меҳрли, муҳаббатли, оқибатли бўлишга ўргатайлик. Илм олиш, ҳунар эгаллашга ўргатайлик.Бу масъулият бизнинг елкамизда, азиз аёллар! Зеро, аёли маърифатли бўлган юртнинг келажаги порлоқ бўлади.

Карима ЖАББОРОВА,
Навбаҳор туман "Сарбозор" ва "Навкар" маҳаллалари отинойиси
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш