Неъматларини тўлиқ қилиб берган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Бизларни тўғри йўлга бошлаган Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин.
Раззоқу зул жалол Аллоҳ таоло ҳар бир мавжудотни халқ қилибди, албатта уни ўз ризқи билан яратган. Кимгадир кам, кимгадир кўп. Бу Парвардигори оламнинг ҳикматидир. Нимага унга кўп менга кам, нима учун сенга кенг, унга тор деб айтиб бўлмайди, чунки Аллоҳ таолонинг ишига аралашган бўламиз. Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига яхшиликни хоҳлайди, енгилликни истайди, шунинг учун кимга қанча миқдорда ризқ берилган бўлса, демак ўшанча ризқ миқдори у учун хайрлидир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Уч нарсага қасам ичаман: 1. Банданинг моли садақа билан нуқсонга учрамас. 2. Банда бир зулмга учраса-ю унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ таоло унинг иззатини зиёда қилур. 3. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ таоло унга фақирлик эшигини очар”.
Ва яна дедилар: “Мен сизларга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар. Албатта дунё 4 нафарникидир, яъни дунёда 4 хил тоифали инсон мавжуд:
1. Бир бандага Аллоҳ таоло молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У банда бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги берилган ризқдан Аллоҳ таолонинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир.
2. Бир бандага Аллоҳ таоло илмни ризқ қилиб беради-да, аммо молни ризқ қилиб бермайди. У соф ниятли бўлиб, агар молим бўлганида, фалончи сахийнинг амалини қилар эдим, дейди. У ниятига яраш олади. Икковларининг ажри баробар.
3. Бир бандага Аллоҳ таоло молни ризқ қилиб беради, бироқ илм бермайди. У илмсизлиги туфайли молини тўғри келган жойга сочади. У билан Парвардигорига тақво қилмайди, яъни Худодан қўрқмайди. Силаи раҳм қилмайди. Ундаги берилган ризқдан Аллоҳ таолонинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир.
4. Бир бандага Аллоҳ таоло молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермайди. У эса, агар молим бўлганида эди, фалончининг (мол берилган одам) амалини қилар эдим, яъни фалончи фосиқнинг ишини қилар эдим, дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробар”.
Ҳадис: “Ким Аллоҳ таолога кўп истиғфор айтса, Аллоҳ таоло уни ғамини кетказиб, ризқининг торлигини кенг қилиб қўяди”.
“Зино камбағалликни мерос қилади”. Зино қилиб юрган одамни бошига камбағаллик келади. Ризқи камаяди.
“Фақат яхшилик қилиш билан умр зиёда бўлади. фақат дуо билан тақдир ўзгаради. Албатта инсон гуноҳ қилиш билан ризқидан маҳрум бўлади”.
Ҳасан ибн Али р.а. дедилар: “Ҳовли жойларни супуриб тозалаш ва идиш-товоқларни ювиб озода тутиш бойликни жалб қилувчи сабаблардан биридир”.
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам идишларни ювиб қўйишликка, сувнинг оғзини ёпиб қўйишликка буюрдилар. Чунки ювиқсиз идишни шайтон ялайди ва очиқ қолган сувдан ичади. Бу эса гуноҳдир ва идишлар ва сувлар нажас бўлади” деб марҳамат қилдилар.
Яна ҳадиси шарифда: “Вақтики бирортангиз бир уйга кирмоқчи бўлса, салом бериб кирсин, чунки у билан эргашиб келган шайтону жинлар қайтиб кетади. Вақтики хонага кирмоқчи бўлсангиз, салом берсин, у хона ичидаги шайтонлар чиқиб кетади. Вақтики уловга минаётган пайтда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилсин, унинг маркабига шайтонлар шерик бўлмайди. Вақтики тановвул қилсангиз Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилинглар тоинки шайтонваччалар таомларингизга шерик бўлмасин, уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир, дастурхонни ёйиб бепарво қолдирманглар, шайтону жинлар атрофида ётиб олишади. Улов устидаги тўқим остидаги наматларни ёйиб қўйманглар, қулфсиз уйларда турманглар, чамбарагисиз болохоналарда (ҳозирги балконларда) ётманглар, ва агар ит уввилаганини ёки эшак ҳанграганини эшитсангиз, Аллоҳ таолодан паноҳ тиланг, чунки улар сизлар кўролмайдиган нарсаларни кўради.”
Ризқдан маҳрум қилувчи гуноҳлар хусусан қуйидагилар: “Ёлғончилик, кўп ухлашлик камбағалликни вожиб қилади. Шунга ўхшаш яна кийимсиз яланғоч ухлаш, яланғоч ҳолда таҳорат ушатиш, жунуб ҳолда ейиш ва ичиш, узрсиз ёнбошлаб тановул қилиш, нон ушоқларига бепарво бўлиш, пиёз саримсоқ пўчоқларини куйдириш, кечаси уй супуриш, уйда ва ҳовлиларда ахлатларни қолдириш ва тўплаб қўйиш, устознинг олидида юриш, ота-онасининг исми билан чақириш, ҳар қандай чўплар билан тиш кавлаш, қўлларни лойқа билан тозалаш ёки тупроқ билан, остонада ўтириш, эшик табақаларига суяниб туриш, мустаҳаб қиладиган жойларда таҳорат қилиш, тик турган ҳолда бавл (пешоб) қилиш, кийими баданида бўла туриб тикиш, баданидаги сувларни кийими билан артиб қуритиш, ўргимчак уясини тегмасдан қолдириш, намозларга бепарво бўлиш, масжидга намозга ҳаммадан кейин кириб, энг биринчи бўлиб чиқиш, бозорга эртачи бориб, жуда кеч қайтиш, идиш товоқларни ювмасдан қолдириш, гадойдан синган нонни сотиб олиш, чироқни, шамни нафаси билан пуфлаб ўчириш, синиқ қалам билан ёзиш ва синиқ тароқ билан сочни тараш, ота-она ҳаққига дуо қилишни унутиш, саллани ўтириб ўраш ва шимни тик туриб кийиш, бахиллик, аҳли оиласига қитмирлик қилиш, исрофгарчилик, дангасалик, лоқайдлик ва кишиларни менсимаслик буларнинг барчаси одамни камбағал бўлиб қолишига, ризқининг кесилишига ва баракасининг учишига асосий омиллардир”.
Ушбу юқорида зикр этилган фақирлик сабабларини, шубҳасиз оят ва ҳадислар билан ҳамда улуғ зотларнинг ҳаётий тажрибалари билан аниқланиб исботланган.
Ва уламолар дедиларки: Бундай ҳолатлар барака фаришталарнинг уйга кирмаслигига сабаб бўлади.
Навбаҳор туман бош имом-хатиби: Бобоназаров Сайдулла