Одамийликнинг олий мезони ҳисобланган хушмуомалалик, ҳалимлик, олийжаноблик, чиройли хулқ соҳиби бўлиш барча замонларда, ҳамма ўлкаларда инсонларнинг гултожи бўлиб келган.
Юксак хулқ соҳиби бўлмиш Пайғамбар алайҳиссаломга эргашган инсонлар Яратганнинг ҳукмига бўйсуниб, ўз хулқларини тузатишган, яхши фазилатлар соҳиби бўлишган. Жамиятда, оилавий муносабатларда, яқинлар даврасида ҳамда ўзаро муносабатларда биз инсонларнинг ўзаро меҳру оқибат билан ҳаёт кечирмоқлигимиз ва бир-биримизга самимий муносабат кўрсатмоқлигимиз инсонийлик меъзонидир.
Жаноб Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “То ҳақиқий мўъмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, то бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунингизча ҳақиқий мўъмин бўлмайсизлар. Мен сизларни бир нарсага далолат қилаймики, агар у ишни қилсаларингиз бир-бирингизга муҳаббатли бўласизлар? Орангизда саломни кенг ёйинглар!”. (Имом Муслим ривояти)
Меҳр-оқибат инсонларни ўзаро бир-бирини қўллаб қувватлашларини, оғирларини енгил қилишни, яхши кўрган нарсасини ўзгаларга ҳам раво кўришни, ҳаттоки, ўзига зарур бўлган нарсани бошқа инсонларга илинишини билдиради. Аллоҳ Таоло шундай фазилат соҳибларини мақтаб, Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар.” (Хашр, 9-оят)
Яратган зотнинг бундай мақтовига ва марҳаматига мушарраф бўлишни истовчи киши жамиятга манфаат етказиши, ўзи яшаб турган юртнинг корига яраши, маҳалла ва қўни-қўшнилардан ўз кўмагини дариғ тутмаслиги, ёрдамга муҳтож кишиларнинг ҳожатини чиқариши, бахтли ва қайғули кунларида улар билан бирга бўлиши лозим бўлади.
Аллоҳ Таоло Имрон сурасининг 103-оятида марҳамат қиладики: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз”.
Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мўъминларнинг ўзаро бир-бирига нисбатан меҳру муҳаббат ва ҳамжиҳатликларининг мисоли бир танага ўхшайдики, унда бир аъзо оғриса, тананинг бошқа аъзолари бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўладилар” – деб мараҳамат қиладилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Муқаддас ислом динимиз барча инсонларни фақат яхши ишларда ҳамжсҳатлик қилишга буюради. Зинҳор ёмонлик ва гуноҳ-маъсият ишларда ҳамкорлик қилишларини ёқламайди, балки бундан қайтаради. Қуръони каримнинг Моида сураси 2-оятида “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” дейилган. Мазкур ояти каримда Аллоҳ таоло инсонларни эзгулик йўлида ҳамжиҳатликка даъват этмоқда. Демак, инсонлар қаерда савобли, яхши иш амалга оширилаётганини кўрсалар, ўша ишни бевосита бўлсада қўллаб қувватлашлари, имкон қадар унга ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим. Шунингдек, гуноҳ ва маъсият ишлар амалга оширилаётган жойда яхши кишиларнинг қўли бўлмаслиги, балки ёмон ишлардан ҳазар қилмоқлиги даркор бўлади.
Абу Мусо Ал-Ашъарий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтадилар: “Ҳар бир мусулмоннинг зиммасига садақа қилиш вожибдир”, - дедилар. Шунда: Агар садақа қилишга нарса топа олмасачи? – деб сўрашди. “Ишлайди, шунда ўзига ҳам фойда бўлади, садақа ҳам қилади”, - дедилар. Агар ишлашга қодир бўлмасачи? – дейишди. “Қийналган ҳожатмандга ёрдам беради”, дедилар. Ёрдам беришга ҳам ярамасачи? – деб сўрадилар. “Одамларни яхшиликка буюради”, – дедилар. Агар уни ҳам қилмасачи? – дейишди. “У ҳолда ўзини ёмонлик қилишдан тияди, шунда садақа қилган бўлади”, – дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти) Аллоҳ таоло бизни танимизни соғ, эгнимизни бут, хонадон ва юртимизни тнч қилиб қўйган, бундан ташқари беҳисоб ва беминнат неъматларини ато этган экан, бунинг шукронасини ҳар кун ҳеч бўлмаса битта яхшилк қилиш билан бўлсада адо этмоқликка ҳаракат қилишмиз лозим бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Тўрт нарса кимда бўлса, у айни мунофиқдир. Кимда уларнинг биттаси бўлса, токи уни тарк этмагунча унда мунофиқлк ҳислати бор бўлади. Улар:омонат берилса ҳиёнат қилади, гапирса ёлғон гапиради, ваъдасини бузади, тортишса жанжаллашади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ўзаро муносабатлари садоқат ва самимият асослари билан барпо бўлган жамият доимо ривожланиб, турмуш тарзи юксаклиб боради. Инсонлар фаровон ва ҳамжиҳатликда тинч-тотув ҳаёт кечиришади. Шундай ҳаёт тарзи билан дунё халқларига ибрат бўлаётган Мустақил она диёримизга кўз тегмасин.
“Зарафшон” жоме масжиди имом хатиби
Комилжон Шодмонов