Илм олмоқ жиҳоддан афзалдир

6-11-2017, 07:40 admin Мақолалар 1 212

Жиҳодга тарғиб қилувчилар тоифаси ўзларининг ғаразли “жиҳод”ларига мусулмонларни йўналтириш мақсадида уларни, айниқса, ёш авлодни илм ўрганиш фарзидан чалғитиб, омиликни, билим-савияни оширмасликни тарғиб қилиб, илм ўрганишни қоралайдилар. “Такфир ва ҳижрат жамоаси” деб аталган жиҳодчи оқим вакилларининг энг асосий ғояларидан бири ҳам шу. Улар диний ва дунёвий илмларни бирга жамлаб бўлмайди, деб сафсата тўқийдилар. Аслида, ўзлари на дунёвий ва на диний билимларни мукаммал олмаган бўладилар. Фақат диний билимини ошираётган толиби илмларни ҳам қоралайверадилар. Улар омиликни, билимсизликни, илмий савияни оширмасликни тарғиб қилишларининг сабаби ёшларни илмдан чалғитиб, жиҳодга чақиришдир, жангу жадалга ундашдир. Дунёвий илмларни қоралашлари, тараққиётни ёмонлашларининг сабаби эса жиҳод орқасидан озод ва обод ватанларни, ўлка ва диёрларни харобазорга, вайронага айлантиришларини оқлаш учундир. Ҳолбуки, шу ерда олим саҳобалардан бўлмиш Абу-д-Дардо разийаллоҳу анҳунинг мана бу гапини ҳеч қачон унутмасак, анави илмсизларнинг ҳолини жуда яхши билиб олган бўламиз:

من رأى الغدوّ و الرواح الى العلم ليس بجهاد فقد نقص عقله و رأيه

“Кимки эрта-ю кеч илмга бориб келишни жиҳод эмас, деб билса, ҳақиқатдан ҳам унинг ақли ва фикри ноқис экан!” (Ибн Абдулбарр. Жомеъ баён ал-илм ва фазлиҳи. – Б. 1/129).

Ана энди, илмни ва ўқишни ҳам ташлаб ўзларича жиҳод қиламан, деб мусулмонларни ўлдириб, обод ўлкаларни вайрон қилишга кетганларнинг ва мана шунга одамларни жалб қилаётганларнинг ақлларида нуқсон, фикру хаёлларида фасод борлигини билиб олаверинг!!!

Уларнинг биринчи келтирадиган даъволари: “Саҳобаи киромлар дунё учун илм олмаганлар, заминни обод қилиш учун, шаҳарлар қуриш учун илм ўрганмаганлар”, дейишларидир. Уларнинг фикрича, дунёвий илм-фан кофирларнинг илми эмиш. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам хурмони чанглатишни билмаганларини айтганлар, “Биз оми халқмиз, ҳисоб-китобни ҳам, ёзишни ҳам билмаймиз!”, деганлар, деб туриб, дунёвий билимларни ҳосил қилишдан, дунёвий фанларни ўрганишдан, университет ва институтларда ёшларни ўқишдан ман қиладилар. “Биз бутун вақтимиз ва саъй-ҳаракатимизни Қуръонни ва ҳадисларни ўрганишга қаратишимиз лозим!”, дейдилар. Ҳолбуки, айтганимиздек, ундайлар фақат диний билимини ошираётган толиби илмларни ҳам хуш кўрмайдилар. Ундайларнинг фикрича, омиликни йўқотиш яҳудийликнинг фикри бўлиб, одамларни куфр илмлари ёрдамида исломий илмлардан тўсиш эмиш. Уларнинг бу фикрлари сафсата ва ботил эканига шак-шубҳа йўқ!

Саҳобаларга нисбатан уларнинг барчаси оми бўлган, дунёқарашлари тор бўлган дейиш уларни камситишдан бошқа нарса эмас! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хурмо дарахтларини чанглатишларини билмаганлари бошқа саҳобаларнинг барчаси деҳқончилик, миришкорлик илмини билмаган, деган гапни асло келтириб чиқармаслиги ўз-ўзидан маълум. Қуръони каримда саҳобаларнинг уммий – оми деб номланиши мутлақо бизнинг ҳозирги тушунчамиздаги омилик эмаслигини билиб қўйишимиз керак. Қуръонда саҳобалар тўғрисида бундай дейилган:

هو الذى بعث فى الأمّيّين رسولا منهم يتلو عليهم آياته و يزكيهم و يعلّمهم الكتاب و الحكمة و إن كانوا من قبل لفى ضلال مبين

“У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жумъа, 2).

Жами муфассирлар мазкур оятдаги омилар ва саводсиз кишилардан мурод бизнинг тушунчамиздаги билимсиз, илмсиз кишиларни эмас, балки аҳли китобга нисбатан илоҳий китоби бўлмаган, олдин пайғамбари йўқ, илоҳий китоби йўқ одамлар назарда тутилганини қайд қилганлар. Жумладан, муфассирлар султони саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

الأمييون أى العرب كلهم من كتب منهم و من لم يكتب لأنهم لم يكونوا أهل كتاب

“Омилар, яъни ёзишни биладиган ва билмайдиган барча араблардир. Чунки, улар аҳли китоб эмас эдилар!” (“Тафсири Қуртубий”, 18/91).

Қуръони каримнинг бошқа бир оятида аҳли китоб айнан ана шу омийларга муқобил қўйилади:

و قل للذين أوتوا الكتاب و الأميين أأسلمتم فإن أسلموا فقد اهتدوا و إن تولوا فإنما عليك البلاغ و الله بصير بالعباد

“Сўнгра, аҳли китоблар ва (китоб берилмаган) саводсиз (мушрик араб)лардан: «Исломга кирдингизми?» – деб сўранг. Агар Исломга кирсалар, демак, тўғри йўлни топибдилар. Агар бош тортсалар, бас, Сизнинг бурчингиз, фақат (уларга менинг амрларимни) етказиб қўйишдир. Аллоҳ бандаларни кўриб (кузатиб) турувчи зотдир” (Оли Имрон, 20).

Бу оятда аҳли китоблардан бошқани “оми-саводсиз” дейилаётган экан, демак, арабларнинг оми-саводсиз дейилишидан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон нозил қилунгунча уларга бирорта илоҳий китоб тушурилмагани назарга олинган экан.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уммий – оми бўлган дейишдан чарчамайдилар. Ҳолбуки, ул зоти шариф аввалину охирийн барча илмлар соҳибидирлар, ул зоти мукаррам жами билимдонлардан олимроқдирлар! Зотан, эътиқодий китобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг билимлари ҳақида бундай сатрлар мавжуд:

نقول باللسان و نعتقد بالجنان انّ سيدنا رسول الله صلى الله عليه و سلم اعلم الخلق قاطبة بالعلوم المتعلقة بالذات و الصفات و التشريعات من الاحكام العملية و الحكم النظرية و الحقائق الحقة و الاسرار الخفية و غيرها من العلوم ما لم يصل الى سرادقات سلعته احد من الخلائق لا ملك مقرب و لا نبى مرسل و لقد اعطى علم الاولين و الآخرين و كان فضل الله عليه عظيما … انّ النبى عليه السلام اعلم الخلق على الاطلاق بالعلوم و الحكم و الاسرار و غيرها من ملكوت الآفاق و نتيقن ان من قال ان فلانا اعلم من النبى عليه السلام فقد كفر …


“Биз тил билан айтамиз ва қалб билан эътиқод қиламизки, саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зотга ва сифатга боғлиқ илмларга, амалий ҳукмлардан иборат шариатга, назарий ҳикматларга, ҳақ ҳақиқатларга, махфий сирларга ва илмлардан бошқасига, шак-шубҳасиз, яралмишларнинг энг аълами – олимроғидирлар! Халойиқдан ҳеч ким, ҳатто муқарраб фаришталар ҳам, мурсал пайғамбарлар ҳам ул зотнинг илм қўрғонлари ичига ета олмаган. Дарҳақиқат, унга аввалгилар-у охиргиларнинг илми ато қилинган. Аллоҳ таолонинг унга нисбатан фазли буюкдир!

Пайғамбар алайҳиссалом илмлар, ҳикматлар, сир-асрорлар ва бундан бошқа нарсаларда бутун оламдагилардан – мутлақо яралмишлардан олимроқдир! Биз ишонч билан айта оламизки, кимки Пайғамбар алайҳиссаломдан фалончи олимроқ – билимдонроқ, деса кофир бўлади” (Ақоиду уламои Девбанд. – Карочи: Дор ал-ишоат, 1976. – Б. 237-238 ва 239).

Ушбу ақида аҳли суннат ва жамоат вакилларининг ҳаммасининг би-л-иттифоқ ақидаси ҳисобланади. Аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифаларгина ушбу ақидадан бошқачароқ “фалсафа” тўқишлари мумкин. У ҳолда, жиҳодчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уммий бўлган дейишларини қаердан олдилар? Мана бу ояти кариманинг зоҳирий маъносидан олганлар ва буни одамларни адаштириш, ҳаммани ўзларидек жоҳил – билимсиз қилиш мақсадида ишлатадилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммийлиги қалбидан ўқишни ва илмни билмаслиги эмас, балки зоҳирий жиҳатдан ўқиш ва ёзишни билмаслиги эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари, онг-шуури, зеҳн-хотираси, бутун борлиғи илм билан лиммо-лим эди:

فآمنوا بالله و رسوله النبىّ الأمّىّ الذى يؤمن بالله و كلماته و اتبعوه لعلّكم تهتدون

“Бас, Аллоҳга ва Унинг расулига имон келтирингиз! У (расул) Аллоҳга ва Унинг калималари (илоҳий китоблари)га ишонадиган саводсиз пайғамбардир. Унга эргашингиз, токи ҳидоят топгайсиз!” (Аъроф, 158).

Юқорида келтирилган “Аъроф сураси”нинг 158 оятидан олдинги 157-оятда ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом “уммий” сифати билан тавсифланган. Ушбу тавсифланишни муфассирлар бошқача таърифлайдилар. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий нозил бўлгунча бирор кимсадан ўқиш-ёзишни ўрганмаган эди, бироқ, Аллоҳ таоло ўзининг фазли-марҳамати ила унга битмас-туганмас илму ирфон ато қилди. Айнан ана шу жиҳати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг катта фазилати, энг улуғ мўъжизасидир. Яъни, зоҳирда ўқиш-ёзишни билмасалар ҳам, энг-энг буюк мақсадга эриша олдилар. Аллоҳ таоло у зотга китоб воситасиз мўъжиза ўлароқ илм ато қилди. Шунинг учун ҳам, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ушбу оят таҳтида: “Пайғамбар ер юзидаги устозлардан таълим олмаган “уммий” бўлса, ҳеч кимдан ёзишни ҳам, ўқишни ҳам ўрганмаган, балки дунёга келганидан сўнг бевосита Аллоҳнинг Ўзидангина таълим олган бўлса, бу нечук улуғ саодат!” деб ёзган эдилар (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 2-жуз. – Т.: Sharq, 2012. – Б. 406).

Таврот ва Инжилда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни ота-онадан туғилгандек ҳеч кимда ўқимаган ва ўқиш-ёзишни билмайдиган зот сифатида “уммий набий” деб таърифланган эди. Ўша даврдаги яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам буни айтиб юрардилар. Шунинг учун ўша кимса бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканлигини билдириб ўтиш мақсадида юқоридаги ояти карималар нозил қилинган эди. Чунки, Қуръони карим оятлари нозил қилингунга қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирорта устоз олдида ўқиш-ёзишни ўрганмаган эдилар. Бу “Қуръонни Пайғамбарнинг ўзи ёзган, фалон китобдан кўчириб олган, фалончидан ўрганган”, деган туҳматларнинг пуч ва ботил эканлигини англатиб туради. Бундан Аллоҳ таолонинг ўзи хабар берган:

و ما كنت تتلو من قبله من كتاب و لا تخطّه بيمينك اذا لارتاب المبطلون بل هو آيات بيّنات فى صدور الذين اوتوا العلم و ما يجحد بآياتنا الا الظالمون

“Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи (ўқувчи) эмас эдингиз ва қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда, бузғунчилар, албатта, шубҳага тушган бўлур эдилар. Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилурлар” (Анкабут, 48-49).

Мазкур оятда бузғунчилар: “Муҳаммад Қуръонни ўзи тўқиб ёзаётир”, деб шубҳа билдирмасликлари учун Аллоҳ ўз Расулига ўқиш-ёзишни билмайдиган вақтида пайғамбар қилиб, ваҳий юборганини билдирмоқда. Қуръон эса илм берилган кимсалар учун аниқ-равшан оятлар экани, бу оятларнинг асл мазмунларини золимлар инкор қилишини ҳам билдирилмоқда. Ҳа, золимларгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни оми-уммий бўлган деб, илм ўрганмасдан, Қуръонни асл маънолари ва соф ҳукмларини ўрганмасдан уруш-жанжал қилиб, золимлик қилиб юраверадилар! Чунки, уммийлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига хос мўъжиза ва фазилат бўлиб, у бошқаларга нисбатан айб ва нуқсондир. Зотан, Қуръони каримда бу алоҳида кўрсатиб ўтилган:

و منهم أمييون لا يعلمون الكتاب إلا أمانىّ و إن هم إلا يظنّون

“Уларнинг ичида ёзувни билмайдиган, фақат хаёлот билан гумонсирабгина юрадиган омилари ҳам бор, албатта” (Бақара, 78).

Қизиқ, иккинчидан, айрим муфассирлар ушбу оятлардаги “уммий” сўзини Уммулқуро (Шаҳарлар онаси) бўлган Маккага нисбат ҳам дейдилар. Жумладан, “Баҳр ал-улум ас-Самарқандий”, “Тафсир ал-Олусий”, “Жомеъ ал-аҳком ал-Қуртубий”, “Мафотиҳ ал-ғайб ар-Розий” тафсирларида ушбу маъно ҳам зикр қилинган. Яъни, “маккалик” деган маънони билдиради, худди бухоролик, самарқандлик деган каби. Шундай экан, нимага оламларга раҳмат бўлмиш, илм динининг пайғамбари бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни оми-билимсиз дейдилар?!

Қуръон нозил қилинар экан, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Ўзи ваҳий орқали бутун илму ирфонни, сир-асрорларни, шариат аҳкомларини мукаммал ва муфассал ўргатди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳеч бир ишни, ҳеч бир гапни ваҳийсиз қилган эмаслар, айтган эмаслар:

و ما ينطق عن الهوى، ان هو الا وحىٌ يوحى علمه شديد القوى

“(Яна у) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир. Унга мустаҳкам қувватга эга бўлмиш зот (Жаброил) таълим берди” (Нажм, 3-5).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимизга ҳамма нарса алоҳида ўргатилган эди. Аллоҳ Ўз расулига Китобни ва ҳикматни нозил қилганини айтган, яъни, бу билан Ўз расулининг билмаган нарсаларини Китоб ва ҳикмат орқали билдиришини кўрсатиб ўтган:

و أنزل الله عليك الكتاب و الحكمة و علّمك ما لم تكن تعلم و كان فضل الله عليك عظيما

“Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсангни билдирди. Сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди” (Нисо, 113).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳар бир гапи, ҳар бир иши ваҳий орқали билдириб турилган, ўргатиб турилган. Илм ўрганмасдан “жиҳод” қилаётганлар, билимсизликни тарғиб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига одамларни жалб қилаётганларга ваҳий келиб турадими?! Улар айтганидек, агар Расулуллоҳ алайҳиссалом оми-билимсиз бўлган бўлсалар ҳам, лекин унга ваҳий орқали тўғри йўл тушунтириб турилган, билдириб турилган, ул зот пайғамбарларнинг афзали, хосларнинг энг хоси бўлгани боис Аллоҳнинг ўзи ҳидоят қилган: و وجدك ضالا فهدى – “Яна Сизни йўл йўқотган ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?!” (Зуҳо, 7). Булар эса, омилик билан, саводсизлик билан қаерга борадилар, қайси йўлдан юрадилар, уларга ваҳий келиб турмайди-ку?! Бас, ваҳий келмас экан, энг аввало илм ўрганиб, таълим олишлари керак эмасми?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Биз уммий умматмиз, ҳисоб-китоб қилмаймиз!”, деганлари араблар одатини назарда тутилган. Ўша пайтда араблар ойни кўришда, ой ҳисоб-китобини илми нужум ва астрономик ҳисоб-китобларга эмас, айнан ойниннг ўзининг чиқиши ва ботишига қараб ҳисоб юритишар эди. Ҳолбуки, бу пайтда саҳобаи киромлар ёзувда жоҳил эмас эдилар. Балки, саҳобаи киромлар орасида ваҳийни мунтазам ёзиб борувчи котиблар, битимлар ва васиқаларни ёзиб борувчи муншийлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мактубларини ёзадиган ва келган мактубларга жавоб ёзадиган хаттотлар мавжуд эди. Жойлардаги ва вилоятлардаги омилларга, волийларга, хизматчиларга кўрсатмаларни пешма-пеш жўнатиб турганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Собит разийаллоҳу анҳуга яҳудийлар тилини ўрганишга буюрганларини кўпчилик эшитган. У зот эса ўн беш кунда яҳудийчани ўрганиб олган. Бадр жангида мусулмонларнинг болаларига ўқиш-ёзишни ўргатган асирлар озод қилинган. Бу инсоният тарихидаги маърифатга бўлган энг улуғ эътибор эканига шак-шубҳа бўлмаса керак. Бироқ, “Такфир ва ҳижрат жамоати” вакиллари томонидан, айниқса, уларнинг муассиси Шукрий Мустафонинг “Хилофат” асарида шаръий ва диний илмларни дунёвий ва моддий илмлар билан мувофиқлаштириш мумкин эмас, деб айтилади. Улар дунёвий илмларни таҳсил қилишни исроф деб биладилар. Натижада, шаҳарларни обод қилишни, ватанни тараққиётга чиқаришни бўлмағур иш деб кўрсатадилар. Ҳолбуки, уларнинг бугунги кундаги раҳнамолари дунёнинг энг обод жойларида, энг қулай жойларда яшайдилар-да, ўзларига эргашганларни тоғ-у тошлардан иборат лагерларига чорлаб, ватанларни вайронага айлантиришга чақираверадилар. Дунёнинг ялтир-юлтирлари, обод шаҳарлари Аллоҳга ибодат қилишга, намоз ўқиб, рўза тутишга, дуо-ю зикрларга, ҳажга, тиловатга, ва айниқса, улар фикрича жиҳодга салбий таъсир кўрсатади. Бу уларнинг навбатдаги бир бўлмағур ва пуч хаёллари, уятсиз ва ҳаёсизлиги оқибатида айтилган гапдир. Зотан, бугун дунёнинг энг обод ва озод юртларида яшаб, ибодатларни энг аъло даражада адо қилиб келаётган ихлосли мўъмин-мусулмонлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Дунёнинг энг улуғ уламолари ана шундай обод юртларда истиқомат қилиб келмоқдалар. Анави аҳмоқларнинг гапларига амал қилувчилар ҳақида Қуръонда айтилганидек бундай дейилса ажаб эмас: “Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни дунёдаги ҳаётингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз. Энди, бугун у ерда ноҳақ кибр қилганингиз ва фосиқ бўлганингиз сабабли, хорлик азоби билан жазоланурсиз” (Аҳқоф, 20).

Демак, юқоридагилардан маълум бўлдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “уммий” бўлган деб, илм ўрганмасдан юриш асло мумкин эмас. Зотан, ислом дини илм динидир! Ҳамма ҳолатларда, барча замонларда, жумлаи жаҳон уламолари илмга тарғиб қилганлар, динимиз манбаларида билимсиз бўлиб юришга мутлақо узр йўқлиги айтилган. Илм ўрганмасдан, ўқишни ташлаб, жиҳодга кетиб қолишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Зотан, Қуръони каримда ҳам аҳли илмларнинг жиҳодга бормасликлари айтиб ўтилган:

و ما كان المؤمنون لينفروا كافّة فلو لا نفر من كلّ فرقة منهم طائفة ليتفقّهوا فى الدين و لينذروا قومهم اذا رجعوا اليهم لعلّهم يحذرون

“Мўъминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими? (Қолганлари) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?” (Тавба, 122).

Бу оятнинг ҳукми ҳеч қачон мансух (бекор) қилинган эмас! Ушбу ояти карима нозил бўлишидан олдин “Жиҳод!” деб ҳамма жангга отланаверган. Ушбу ояти карима жиҳодга ҳамма чиқмасдан бир тоифа (озчилик) жангга чиқиши кераклигини билдиради. Бошқалар эса дин ва дунё учун зарур ишлар билан машғул бўлиб қолишлари, айниқса, динни ўрганиб, оятга кўра фақиҳ бўлиб илм билан машғул бўлишлари кераклиги ва лозимлиги уқтирилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу оят нозил бўлганидан сўнг илм аҳлини жанглардан озод қилиб олиб қоладиган бўлдилар. Зотан, “жиҳоди акбар” (“катта жиҳод”) ана шу илму ирфон таълимидир. Совуқ қурол-яроғ кўтариб жанг қилгандан кўра қалам-дафтарни қўлга олиб илм байроғини кўтариш улуғроқдир (Қаранг: Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий. Мадорик ат-танзил. 2-жуз. – Нўъмон Тошкандий нашри, 1988. – Б. 150).

Бас, ҳақиқат шу экан, Аллоҳнинг оятига кўра жиҳоду жангу жадаллардан кўра илму ирфон афзал ҳисобланар экан, унда илм ўрганмасдан туриб, ҳатто намознинг фарзларини, намоз фарзлари, вожиблари ва суннатларининг нечталигини билмасдан туриб, имоннинг шартларини бирма-бир санаб беролмасдан туриб, диннинг асосларини ўрганмасдан туриб жиҳодга отланишга кимнинг ҳаққи бор?! Ўзларига толиблар номини қўйиб олганлар, “жиҳод-жиҳод!” деб нималар қилиб юришибди, толиби илм бўлиб, динда фақиҳ бўлмайдиларми?! Ўқув даргоҳларини ташлаб, ёлғон даъватларга ишониб, илм ўрганишни жангу жадалларга алиштираётган, ўқув даргоҳларини портлатиб юбораётган бехабарларга бу оятни ўқиб бериш керак!

“Хўп, диний илм шарт экан, динда фақиҳ бўлмоқ керак экан, ҳеч бўлмаса, дунёвий илм ўқиб-ўрганаётганлар жиҳодга чиқмоқлари лозим”, деб сафсата тўқиётганларга: “Ҳали сиз қурол ясаш у ёқда турсин, битта милтиқнинг ўқини ҳам ясай олмайсиз-ку! Қаерга шошасиз?!”, деймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар Чин-Мочинда бўлса ҳам илм талаб қилинглар!”, деган бир неча йўллар билан етиб келган ҳадиси шарифларини айрим уламоларимиз дунёвий илмларни ўрганишга тарғибдир, деб шарҳлаганлар. Зотан, ўша вақтларда у жойларда фақат дунёвий илмлар бўлган, холос.

Хуллас, жиҳодга тарғиб қилувчилар тоифаси бизнинг буюк бобомиз Абу-л-Баракот ан-Насафий раҳимаҳуллоҳнинг айтган ҳаққоний “жиҳоди акбар” (“катта жиҳод”)ни қўйиб, ўзларининг ғаразли “жиҳод”ларига, шубҳали ишларига қизиқиб юрибдиларми?!

Огоҳ бўлмоқ керак! Илм олмоқ жиҳод қилмоқдан афзалдир!

Мақола муаллифи: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Илмий маслаҳатчи: Исмоилжон домла Хўқандий.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш