Ҳаж ва Умра ибодатлари фазилати

25-09-2017, 09:32 admin Мақолалар 2 045

Ҳаж ва Умра ибодатлари фазилати
Ҳаж ибодатининг фазилатлари тўғрисида Қуръони Каримнинг Оли Имрон сураси 97-оятида шундай дейилган: “Инсонлардан қодир бўлганларига, Аллоҳ учун, байтни ҳаж қилмоқ фарздир. Ким инкор қилса, Аллоҳ инсонлардан беҳожатдир”.
Ушбу ояти карима билан ҳаж ибодати фарз бўлган. Ояти карима мазмунига эътибор қаратсак, ҳаж ибодати ҳаммага бирдек фарз бўлавермас экан. “Инсонлардан қодир бўлганларига” дейилишининг боиси, соғлиги, саломатлиги яхши, оиласи эҳтиёжидан ортиқ ва йўл сарф-харажатига етгулик маблағи бор, бориб келиш йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, ёнида маҳрами бор кишилар ҳақидадир.
Ибн Аббос розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ақра ибн Ҳобос: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳаж ҳар йилими, ёки бир мартами?-деди. “Йўқ фақат бир марта. Ким зиёда қилса, нафл бўлади.” -дедилар”. Демак, ҳажнинг фарзлиги ҳар йили бир марта эмас, умри давомида бир марта. Ким бир мартадан ортиқча ҳаж қилса, нафл ҳаж бўлади. Ушбу ҳадиси шарифга таяниб, бир қатор уламолар, кишида имкон пайдо бўлиши билан ҳаж фарз бўлгани, уни кечга суриш мумкин эмас, дейдилар. Аммо Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва бошқалар бир муддат кечга сурса ҳам жоиз деганлар. Пайғамбаримиз саллоҳу алайҳи васалламга бешинчи ёки олтинчи ҳижрий санадан ҳаж фарз бўлган бўлса ҳам, ҳижрий ўнинчи санага келиб ҳаж қилганлар, дейдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, ҳудди онасидан туғилган кунидаги ҳолатига қайтади”-дедилар.” Яъни, онадан туғилган вақтидагидек гуноҳларидан фориғ ҳолатда бўлишлиги таъкидланмоқда.
Бу ҳақиқатни ҳар бир ҳажга борувчи қалбига сингдириб олмоғи зарур. Ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган имконият. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланмоғи лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин, ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни синчиклаб ўрганиб олмоғи керак. Ҳаж қилиш ниятида эҳром боғлаган кииши, ўша ондан бошлаб, то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. Бошқа нарсаларга чалғимаслиги лозим. Буюк саҳобийлардан бири Анас ибн Молик р.а. эҳром боғлаганларидан бошлаб, то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўзламас эканлар. Саҳобийни ушбу ишлари барчага бирдек ўрнак бўлмоғи лозим.
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофати жаннатдан бошқа нарса эмас.”- дедилар.”
Бу ҳадиси шарифда умра ва ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги умра ўзидан олдинги умрадан буён содир этилган гуноҳларни ювилишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти фақат жаннат экан.
Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан ҳоли бўлган чиройли ҳолатда адо этилган ҳаждир. Бу йил мамлакатимиздан 7 мингдан зиёд юртдошларимиз, шаҳримиздан эса, 9 нафар ҳамшаҳарларимиз ҳаж ибодатини адо этиб қайтишди. Уларни муқаддас даргоҳларда Сизу бизларини ҳаққимизга ҳамда юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилган дуоларини Аллоҳ таоло ижобат қилиб, ҳажларини ҳажжи мабрур айлаган бўлсин!

“Зарафшон” жоме масжиди имом хатиби К.Ё.Шодмонов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш