ҚУРЪОН САВОБИНИ МАРҲУМЛАРГА БАҒИШЛАШ

11-09-2017, 11:12 admin Мақолалар 1 772

ҚУРЪОН САВОБИНИ МАРҲУМЛАРГА БАҒИШЛАШ
Мусулмончилигимиздаги гўзал одатлардан бири — маййит чиққан хонадон аҳлига таъзия изҳор этиб, ўтганлар ҳаққига Қуръон оятларидан тиловат қилиб, савобини бағишлашдир. Бу одат аслида ҳалқимизга Ислом дини таълимоти асосида кириб келган. Қуръон оятлари нафақат марҳумларга, ҳатто уни ўқувчиларнинг ўзига ҳам манфаатлидир. Аҳли сунна таълимоти бўйича, тириклар томонидан қилинган яхши ишларнинг савоби албатта, марҳумларга етиб боради. Бу эътиқод ҳалқимизнинг қон-қонига сингиб кетганки, ҳатто уни ислом дини илмларидан тўлиқ хабари йўқлар ҳам билишади. Маҳалла-кўй, таниш-билишлар орасида таъзия бўлса, дарҳол бориб хонадон эгаларига тасалли бериб, фотиҳа ўқиб келиш одати ҳам шундандир.
Аммо, кейинги даврларда янги чиққан айрим адашган тоифаларнинг талқин қилишларича, “Қуръон ўқиб савобини ўтганларга бағишлашнинг фойдаси йўқ”, эмиш. Такфирчи Ваҳҳобийларнинг раҳнамоларидан бири саналмиш, ибн Бознинг “Ал-фатава” деб номланган китобида бу ҳақда қуйидаги маълумотни учратасиз: “Мусулмонларнинг ўликларига Қуръондан тиловат қилиб, савобини бағишлаш ҳаромдир!”. Ибн Бознинг бу фатвоси салафи-солиҳлар, жумлаи жаҳон аҳли сунна мусулмонларининг фикрига хилофдир. Шу билан бирга, унинг бу ва бу каби бошқа бидъатлари тинч-тотув яшаб келаётган мусулмон миллатлар орасига фитна, адоват ва ихтилоф уруғларини сочувчи омил вазифасини ҳам ўтайди.
Маййитларга тиловат савобининг етиб бориши уммати Муҳаммадиянинг ижмоси билан исботланган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг машҳур “Ал-азкор” номли асарида айтади: Тириклар дуосининг ўтганларга манфаъати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради”. Шунингдек, имом Нававий ҳазратлари имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳидан қуйидагича ривоят қилган: “Маййитнинг қабри олдида Қуръон оятларидан ўқишлик мустаҳабдир, агар Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб хатм қилинса, янада яхши бўлади.”
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу сўзлари, “тиловат савобини бағишлаш ҳаром”, деган ваҳҳобий, салафийларнинг барчасига қарши ҳужжат бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам: “Эй Аллоҳ! Бақеъ қабристони аҳлини кечиргин”, деб дуо қилганлари машҳур ҳадисларда келган. Ва яна, жаноза намозининг ўзида ҳам, учинчи такбирдан кейинги ўқиладиган дуода “тирикларимиз ва ўтганларимизнинг гуноҳларидан ўт”, деб дуо қилинади. Бу дуони ҳатто ўша ибн Бознинг ўзи ҳам, издошлари ҳам ўқиб келишади.
Маъқал ибн Ясорнинг ривоят қилган ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ўликларингизга Ясин сурасини ўқинглар”, деган тавсиялари айтилган.
Имом Бухорий ва имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳилар ривоят қилган бир ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кун қабристондан ўтар экан, тўсатдан икки ёнма-ён қабр олдида тўхтайдилар ва асҳобларига бирон новда келтиришни буюрадилар. Асҳоблар дарҳол хурмо новдасини келтиради, Расулуллоҳ новдани иккига бўлиб, иккала қабр устига санчиб қўяди. Бу ҳолга ажабланиб қараб турган саҳобаларга ул зот: “Шу икки қабр эгалари қабрида азоб чекишмоқда, уларнинг бири бавлидан сақланмас, иккинчиси эса бировларнинг айбини ташиб, чақимчилик қилар эди. Зора, шу новда қуригунча уларнинг азоби енгиллашса”, дедилар. Худди шу ҳадиснинг шарҳида имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи айтганларки: “Оддий бир новданинг айтган тасбеҳларидан қабр аҳлига манфаат бўлса, инсон зоти ўқиган оятларнинг қандай нафи бўлмасин?! Албатта, қуръон оятларининг нафи новданинг тасбеҳидан кўпроқ бўлади.”
Бу каби ҳужжат далилларни кўплаб келтириш мумкин. Қадимдан Ҳанафий мазҳаби мусулмонлари “ўқилган оятларнинг савоби марҳумларга етади” деб эътиқод қилиб келган. Кейинги даврларда (18-аср) Ваҳҳобийлар пайдо бўлди-ю, уммат қабристонлари пойхон қилинди. Улар томонидан мусулмонлар аввал мушрикка чиқарилди, сўнгра эса, аллома-ю авлиёларнинг мақбаралари бузиб ташланди, портлатилди. Бирдам, ҳамжиҳат мусулмонлар орасига душманчилик уруғи сочилишига сабабчи бўлишди. Бу каби фитналар таъсиридан эҳтиёт бўлиб, халқимизга муқаддас динимизнинг соф эътиқодларини тарғиб қилиб бориш, биз аҳли илмларнинг вазифамиз бўлса, соғлом эътиқодда собир бўлиш - шу жамият аъзоси бўлган ҳар бир кишининг асосий вазифаларидандир.

Хатирчи тумани “Ҳожи Маҳмудхон Валихон эшон” жоме масжиди имом хатиби Қаршиев Мурод
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш