Қурбон ҳайити шукуҳи

30-08-2017, 17:17 admin Мақолалар 1 688

Маълумки, Қурбон байрами Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланади. Бу кунларда дунёдаги барча мусулмонлар қатори юртимиздан борган беш мингдан зиёд ҳожиларимиз ҳам зиммаларидаги фарзлардан бири – Ҳаж ибодатини бажармоқдалар. Мино, Арафот водийси, Муздалифа, Маккадаги Масжидул-Ҳаром каби муқаддас жойларда ҳаж амалларини мукаммал адо этиб, гуноҳлардан покланиш билан бирга, мустақил юртимиз ҳамда халқимизга Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, файзу баракот ва эзгуликлар, кенг ризқ ва фаровонлик тилаб дуо қилмоқдалар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклидир”, - дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Бу муборак кунлар фазилатидан насиба олиш учун биз, мусулмонлар нималарга эътибор қилишимиз керак? Биринчидан, ортга боқиб, ўтган умримизни сарҳисоб этишимиз, гуноҳ ва хатоларимизга тавба-тазаррулар қилишимиз лозим. Гуноҳни англаш абадий саодатга эришишнинг бир шарти бўлса, тавба қилиб яхши амаллар қилишга ўтиш унинг кейинги шартидир. Иккинчидан, мустақиллик берган бундай дориломон замон, тинчлик-хотиржамлик ва фаровонликда ҳаёт кечириш, ибодатларимизни мукаммал адо этишда яратилган кенг шароитлар учун Парвардигоримизга доимо шукроналар айтишимиз лозим. Зеро, неъматга шукр қилиш унинг бардавомлиги ва баракотига сабаб бўлади.
Ҳайит кунларида Аллоҳ таолога севимли, энг яхши иш қодир бўлган кишиларнинг Аллоҳ йўлида қурбонлик сўйишларидир. Қурбонлик қилиш вожиб амаллардандир. Қурбонлик ҳудди закот билан бир даврда – ҳижратнинг иккинчи йилида Мадинада жорий бўлган. Қурбонлик сўйиш Қуръони карим, Суннат ва ижмоъ билан собитдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик ҳақида: “Қурбонлик қонининг биринчи томчиси ерга тушиши билан қурбонлик қилувчининг ўтган гуноҳлари кечирилади”, - деб башорат берганлар. Зеро, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилишдир.
Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир. Шунинг учун оятда: “...Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди...”, - дейилмоқда. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз экан.
Қурбонликка қўй, эчки, туя, сигир каби ҳайвонларнинг эркаги ҳам урғочиси ҳам сўйилиши мумкин. Булардан туя 5 ёш, сигир 2 ёш, қўй ва эчки эса 1 ёшга тўлган бўлиши керак. Аммо қурбонлик ниятида бошқа жониворларнинг сўйилиши масалан, товуқ, ғоз шу каби паррандаларни сўйиш жоиз эмасдир.
Сўйилган қурбонликнинг учдан бирини садақа қилиш, учдан бирини едириш, учдан бирини кейин ейиш учун олиб қўйиш мустаҳабдир.
Серфарзанд бўлса, ҳаммасини оилада ўз фарзандлари учун олиб қўйиш афзал. Мусулмон бўлмаган қўшниларга ҳам қурбонлик гўштидан бериш мусулмонлик зийнатидан ҳисобланади. Қурбонлиқ терисини сотиш, қассобга меҳнатининг эвазига бериш мумкин эмас, у фақир кишига садақа қилинади ёки рўзғорда ишлатиш учун олиб қўйилади. Қассобга хизмат ҳаққи берилади, қурбонлик гўштидан ҳақ сифатида берилмайди.
Шунингдек бу муборак кунлар кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни кучайтириш кунларидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ байрам кунларида мўминлар ахлоқига мос ва хос бўлган ўзаро саломлашиш, дийдорлашиш, бир-бирларини ҳайит билан қутлаш, меҳрибонлик, саховат, оқибат кўрсатиш каби фазилатлар кўпроқ намоён бўлиши лозим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳайит кунлари янада олийжаноб ва саховатли бўлиб кетар эканлар.
Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган улуғ вазифаларимиздан бири – инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнудлик кайфиятини улашишдир. Буни қандай амалга оширамиз? Ҳар бир инсонни, у танишми ёки бегона бўлсин ҳайит билан қутлайлик, уларни кўнглини олишга ҳаракат қилайлик. Намозни сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин устозларимизни, қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этайлик, ҳадялар улашайлик ва албатта, аҳли аёлларимиз, фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан сийлайлик. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!”.
Шифохоналарда, хонадонларда бемор ётганларни йўқлаб, тезроқ соғайишларини тилаб дуолар қилишимиз ҳам фазилатли амаллардандир. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб бир-бирларига қучоқ очадилар. Атрофимиздаги муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай деганлар: “Мўмин киши ўзи тўқ бўлатуриб, қўшнисини оч қўймайди” (Имом Аҳмад ривояти). Шу билан бирга етим-есирларнинг бошини силаб, кўнгилларини кўтариб, уларга совғалар берамиз. Зеро, Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи Аллоҳ таоло йўлида туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир”, - деганлар. Аразлашиб қолган яқинларимизнинг ораларини ислоҳ қилиб яраштириш каби ишлар биз, мусулмонлар бажариши зарур бўлган энг савобли ва хайрли ишлардандир.
Қурбон ҳайити– улуғ байрамдир. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун ҳам, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуойи хайрлар, Қуръон тиловати қилиш яхши амал ҳисобланади, лекин булар бу куннинг байрамона кайфиятига асло таъсир қилмаслиги лозим.
Аллоҳ таоло ушбу Қурбон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Унинг савобидан ҳаммамизни баҳраманд айлаб, гуноҳларимизни мағфират этсин! Бу байрам баракотидан барча мўмин-мусулмонларни икки дунё саодатига мушарраф айласин! Аллоҳ таоло Ватанимизни тинч ҳаётимизни бунданда фаровон қилсин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!


Хатирчи туман бош имом хатиби Б.Хакимов











скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш