Илмдан аввал одоб

15-12-2022, 20:42 admin Мақолалар 301

Илмдан аввал одоб
Динимизда оналар улуғланади. Улар бу эъзозга муносиб бўлишлари учун энг олдин фарзандларини тўғри тарбиялашда фидойилик кўрсатишлари керак. “Туққан она кундан яхши, боққан она ундан яхши”, дейилади халқ мақолида. Боқиш фақат қорнини тўйғазиш, эгнини бутлаш эмас. Онанинг асл мақсади, фарзанднинг қалбида эзгулик уйғотиш, яхшилик ниҳолини ундириш бўлмас экан, чинакам инсоннинг камол топиши мушкул. Маърифатпарвар олим Исмоил Ҳаққий: “Жамиятнинг ҳақиқий саодати яхши тарбия кўрмиш фазилатли хотинлар ила қоимдир. Хотинлар инсониятнинг ярмисидир.....”деганлар. Оналаримиз фарзанд тарбиясига бир лаҳза ҳам бепарво бўлмасликлари керак.
Фарзанд яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам илк бор оилада кўради. Ота-она унга ҳар бир ишда ўрнакдир. Болалар катталарнинг юриш-туришига, хулқ-атворига тақлид қилади. Уларни тўғри йўлга солиш учун ота-оналарнинг ўзлари тарбияли бўлишлари зарур.
Мутахасисларнинг айтишича, бола икки-уч ёшидаёқ баъзи нарсаларни идрок эта бошлайди. Беш ёшгача қандай тарбияланса, кейинчалик хулқи шундай шаклланади. Кейинги уринишларнинг натижаси кам бўлиши кузатилган.
Тарихдан маълумки, буюк зотларнинг илм олиб, юксак мартабаларга ва элу-юрт корига яроқли инсон бўлиб етишишида айнан оналарининг ҳиссаси катта бўлган.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг онаси ўқимишли, зукко аёллардан эди. Асосий вақти ва бор эътиборини ўғлининг таълим-тарбияси йўлида сарфлади. Ёш Молик илм олишни хоҳлаётганини айтганида, онаси: “Кел, сенга олимлар кийимини кийдириб қўяман”, дея ўғлига чопон кийдириб, салла ўрайди. Сўнг: “Рабиъанинг ҳузурига бор. Илм олишдан аввал одоб ўрган”, деб насиҳат қилади ва Рабиъа раҳимаҳуллоҳнинг дарсига мунтазам қатнашишини назорат қилиб боради. Кейинчалик ўғли Молик имомлик даражасига етади.
Имом Суфён раҳимаҳуллоҳнинг онаси ўғлида илмга қизиқиш ва меҳр-муҳаббатни уйғота олди. Воқи ибн Жарроҳ Имом Суфённинг шогирдларидан бўлиб, устозининг волидаси ўғлига айтган қуйидаги сўзларни келтиради: “Ўғлим, илм талабида жидду жаҳд қил. Эҳтиёжларинг борасида ўзим ғамхўрлик қиламан. Бирорта ҳадисни ўрганар экансан, унинг хулқ-атқорингда акс этаётганига назар сол. Агар ундай бўлмаётганини сезсанг, билгингки, олган илминг зарарингга бўлибди. Унда ҳеч қандай фойда йўқдир”. Натижада, бўлажак олим онасининг доимий назорати ва ёрдами билан машҳур тобеинларнинг 79 нафаридан илм ўрганди. Ҳамда, кун келиб онаизорнинг тинимсиз илтижоси ва меҳнати ўз самарасини берди. Суфён ибн Уяйна буюк тобеин олим бўлиб етишди.
Буюк ватандошимиз, имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ отасидан эрта етим қолди. Заҳабий айтади: “Абу Абдуллоҳни онаси тарбиялади”. Натижада ёш Бухорий 11 ёшидаёқ 70 минг ҳадисни ёд олди. Онаси ўғлининг таълим олиши учун Ҳижозда қолишига рухсат бериб, унга оқ фотиҳа берди. Илм аҳли орасида қўлма-қўл бўлиб кетган “Ат-тарих ул-кабир” асарини 18 ёшида ёзди. Ҳеч шубҳасиз, бундай даражага етишишда волидасининг доимий кўмаги сабабдир.
Тарихда олимни олим қилган бу каби оналардан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Таълим-тарбиянинг қийинчиликларига бардош бериб, олимларни етиштирган аёллар ўзлари ҳам гўзал хулқли, тақво эгалари эканлари равшандир. Холис хизматлари сабаб умматга ўзларидан сўнг дуои хайр сўровчи солиҳларни қолдиришди.
Азиз аёллар, эътибор берсак, буюкларнинг оналари фарзандларини ёшлигиданоқ оқу қорани илм орқали ажратишга тарғиб этишди. Дилбандларига суянчиқ бўлган ҳолда мустақил ҳаётга тайёрлашди. Ҳар куни, ҳар корига ўзи яраши лозимлигини уқтириб боришди. Энг асосийси, жигаргўшаларига ҳаётда нима муҳим ва нима муҳим эмаслигини ўргатишди.
Бола азиз, одоби ундан азиз, деб бежиз айтишмайди. Хуллас, барчамиз ўғил-қиздек улуғ неъматнинг қадрига етиб, буюкларнинг оналаридан ўрнак олиб, сабр ва гўзал ўрнак билан жамиятимиз учун чиройли хулқли фарзандларни мерос қолдирайлик.
Манбалар асосида тайёрланди.
Шаҳар бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Лутфия Мутахарова.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш