Дарҳақиқат, инсонларга берилган неъматларнинг ҳаммасининг ўз ўрни, мавқейи ва албатта аҳамияти бор. Аслини олиб айтганда неъматларнинг барчаси ҳам бебаҳо ва шунга муносиб қадрлидир. Аммо неъматларнинг гултожиларидан бўлган “ТИНЧЛИК” борасида ҳар қанча айтилса арзийди. Келинг қуйида мазкур инъом борасида фикрлашиб, ичимиздаги кечинмалар ва билимимизни бирга ўртоқлашсак.
Бу мавзуни ёритишдан илгари бир воқеани, аниқроғи ўзимизнинг ўтмишимиз борасида бироз тўхталиб ўтишни ва ўзим эшитиб ич-ичимдан ачиниб кетган воқеани баён қилишни лозим топдим. Зеро, ҳамфикр ўзининг суҳбатдоши учун дилдан самимий равишда мулоқот олиб боради. Хуллас гапни узоқ чўзмайликда масаланинг индаллосига ўтайлик.
Миллий қадриятларимиздан бўлмиш, 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” эди. Одатимга мувофиқ ватанимиз шаъни учун ўзининг жонини гаровга қўйиб, ўша қора кунларда халқнинг эртаси учун ўзини қалқон қилган қаҳрамонлар ёки уларга тенглаштирилган отахонларни зиёратида бўлдим. Суҳбатдошимни ўзларидан рухсат олмаганлигим сабабли, исмларини ошкора қилмайман. Аммо ибрат тариқасида, ёшларга ўрнак-намуна сифатида ўртамизда бўлиб ўтган суҳбатдан чиройли бир иқтибос келтириб ўтишни ирода қилдим. Суҳбатдошимнинг ўз оғзидан эшитганларимни шундайича келтиришим, сизга ҳам у киши билан гўёки суҳбат қургандек лаззатни тақдим этишини ўйлаб, ҳудди шундай ишни лозим тутдим.
–... болам, сенга ўша мудҳиш воқеалардан сўз очсам. Отам раҳматли эндигина учинчи фарзандларини кўргандилар. Мен ўшанда, 7 ёшда эдим. Отам бизларни кўнгли чўкмасин дедиларми ёки кўзимиз намланишини истамадиларми билмадим-у, сафарга кетаётганларини айтиб бизларга тасалли бердилар. Эсимни таниган, катта фарзанд бўлганлигим сабабли отам менга насиҳатомуз, “болам, сен оиламиздаги тўнғич фарзандсан. Укаларингни ва онангни эҳтиёт қил. Ватанни қадрини яхши билгин болам. Мана қара қанчадан-қанча одамлар ватанга, тинчликка зор бўлишиб турибди. сен катта бўлсанг, ким бўлишингдан қатъий назар, ватан учун муносиб фарзанд бўлгин...” дедилар-у мени маҳкам қучоқлаб олиб йиғлаб юбордилар (суҳбатдошим ҳам йиғидан ўзини тийиб туролмади). Мен нима бўлаётганини айтарли тушуна олмасдим. Ташқаридаги воқеаларни гарчи кўзим билан кўриб турган бўлсамда, отам раҳматли бизларни бундай нохуш хабарларни эшитиб қолишимиздан имкон қадар сақлардилар.
Отам шундай қилиб уйимиздан барчамиз билан гўёки қайтишларини ўзлари ҳам даргумон эканлигини билгандек, маҳкам-маҳкам қучоқлашиб хайрлашдилар ва кўчадан кутиб турган харбий машинага чиқиб кетдилар. Онам эса, тинмасдан йиғлардилар.
Орадан қанча вақт ўтганлигини аниқ эслай олмайман, ҳеч қанча муддат ўтмасдан отамнинг... (йиғи ғолиб келди). Ҳа, тик оёқлари билан юриб чиқиб кетган отамни муборак жасадларини, ватан учун фидо бўлган мурдаларини қонга беланган кийимларида олиб келишди. Шўрлик онамни ҳолатини таърифлаб бера олмайман. Бечора жуда қаттиқ тушкунликка тушдилар. бизни эса айтмасам ҳам бўлади. Бундай ҳолат ҳар куни ҳар битта кўчадан нечталаб учрарди...
Ейишга нон айтарли йўқ. Ҳукумат томонидан тарқатиладиган қора нонни тарқатган пайтида етган киши еб қолади, етмагани эса яна одатий ҳолда оч қолаверади. Тасаввур қила олмайсан болам. Одамлар ўзлари учун егани емиш тополмасди...
Ўша кунлар ҳам ортда қолиб кетди. Шунча машаққатлар, холисона ниятлар эвазига юртимизнинг бошига Аллоҳ таоло бахт қушидек қилиб, ўзинг ҳам кўриб турганингдек одил подшони рўбарў қилиб, азалий орзуйимиз истиқлолнинг сабабчисига айлантирди. Ислом Абдуғаниевич мамлакатимизнинг бошига келган илк кунларида очиғи ажабландим. Очиғини айтаяпман, мен туш кўряпман-у, тушимда кимдир мана шундай давлатда порлоқ бир йўлни кўрсатаётгандек эди.
Аммо қалбимда катта умид ва албатта ишонч бор эди. Ислом Каримов яқин келажакда бу она юртимизни мустақил қилади деган. Якунда шундай бўлди ҳам. 1991-йили 31-август куни, “Ўзбекистон мустақил давлат” дея эълон қилинган пайтда, мана холангдан сўрагин, ўзимни йўқотиб қўйдим...
Мана қадрли ўқувчи, ўзингиз ҳам тарихдан яна бир карра бохабар бўлдингиз. Бундай воқеаларни кўпгина келтиришимиз мумкин. Аммо мутолаа соҳибига ўша биргина воқеанинг ўзи ҳам кифоя қилса, бундан каминингиз ажабланмайди.
Ана энди, бироз ўйлаб кўрайликда, бу тинчликни кимлар қандай қилиб ва қанча вақтлар мобайнида бизга олиб келдилар. Бизнинг кўзимиз очилган мана шу Ватаннинг аввалида ҳам мана шундай серғайрат, ватанпарвар ва халқсевар ўғлонлари бўлганлиги ҳечким учун сир эмас. Мана шу тинчликнинг оқибати, мусталлигимизнинг шарофати ила, юртимизда барча жабҳаларда эмин-эркинлик, осойишталик, турмушимизда фаровонлик булоғи қайнамоқда.
Ҳар бир соҳада турли-турли қулайликлар, айниқса ёшларга бўлган эътибор, кексаларга нисбата ҳурмат ва эҳтиромни бошқа қайси давлатта кўряпмиз?! Албатта бундай имкониятлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Ҳар бири учун ҳаракат, интилиш ва изланиш керак.
Биргина саволни ўзимизга бериб кўришимиз лозим. “Ватаним учун бугун нима қилдим?” деб ўзимизни тергаб кўрсак, натижага кўра интилсак, мақсадли бўларди. Ўзингиз ўйлаб кўрингда, тинчликсиз ёшларни мана шундай бемалол, ҳеч қандай қаршиликсиз, исталганча таълим олаётганини, деҳқонлар тўкин ҳосил олаётганини-ю, тадбиркорларни ихтиёрига биноан иш юритаётганини тасаввур қила оласизми?! Албатта йўқ.
Демак, мулоҳазаларимиздан ҳам, кундалик ҳаётингиздаги воқеалардан ҳам керакли хулоса чиқариб олиш, мустақил ватанга хос ва мос фарзанд бўлиш барчамизнинг ҳам фойдамиз, ҳам зиммамиздаги вазифамиз десак асло муболаға бўлмайди.
Алишер НЕЪМАТОВ
Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний
ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси