​​Аёл Аллоҳ учун машаққатларга чидаса, ажр олади

13-05-2022, 16:11 admin Мақолалар 333

​​Аёл Аллоҳ учун машаққатларга чидаса, ажр олади

Мадинада Ҳавла бинт Тувайт ал-Аттория исмли хушбўй сотувчи аёл бор эди. У баъзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига келарди. Унинг турмуш ўртоғи ҳақида сийрат китобларидан топишга ҳаракат қилдим, афсуски, ҳеч қандай маълумот тополмадим. Нега тополмаганимни ҳодисани айтиб бўлганимдан кейин тушунасизлар.
Бир куни Ҳавла бинт Тувайт Оиша онамизнинг ҳузурларига келади. Ўша кунги келишининг сабаби бор эди: эридан шикоят қилмоқчи эди. У Оиша онамизга шундай дейди: «Эй мўминларнинг онаси! Мен ҳар куни кечқурун янги тушган келиндек эримни кутиб оламан. Энг чиройли кийимларимни кияман, энг хушбўй атирларимни сепиб олдига чиқаман. Аллоҳга қасамки, буларнинг барчасини Аллоҳнинг розилигини топиш учун қиламан».
Оиша онамиз уни тингларкан, унга: «Бироздан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари келади, сен гапингни уларга айт. Сенинг муаммонгга улар ечим айтадилар», дейдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирар-кирмас хушбўйнинг ҳиди бурунларига уради ва: «Бунча ёқимли ҳид, Ҳавла келганга ўхшайди. Сен ундан бирор нарса олдингми, Оиша?» деб сўрайдилар. (Биров сотиш учун нарса олиб келса, Пайғамбаримиз уни бўш қайтармасдилар). Оиша онамиз Ҳавла нарса сотиб эмас, бир муаммосини айтиб келганини айтдилар. Ҳавла Оиша онамизга ўзи ҳақида қандай гапирган бўлса, Оиша онамиз ҳам худди шундай тарзда у зотга етказдилар. Пайғамбаримиз тингладилар. Кейин шундай дедилар: «Эй Ҳавла! Сабр қил ва эрингга итоат қил!» Буни эшитган Ҳавла шундай деди: «Эй Аллоҳнинг расули! Агар мен сиз айтгандек қилсам, яъни нима бўлса ҳам эримга итоат қилиб, гапига қулоқ солсам, бунинг эвазига менга бирор ажр борми?»
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нега ажр бўлмасин, Ҳавла?! Бир аёл Аллоҳ учун барча машаққатларга чидаса, албатта ажр олади. Ўз уйидаги бир нарсани олиб бошқа ерга қўйса ҳам унга ажр бор», дедилар. Ҳавла бу гаплардан ғоят хурсанд бўлса-да, яна бошқа нарсаларни ҳам эшитгиси келиб, сўрай бошлади: «Эй Аллоҳнинг расули, янаям кенгроқ тушунтирасизми?» Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сен нима деб ўйлаяпсан, Ҳавла? Айтайлик, бир аёл эридан ҳомиладор бўлса, у аёлнинг савоби, кундузи рўза тутадиган, кечаси намоз ўқийдиган ва Аллоҳга итоат қиладиганнинг савобига тенг. Туғиши савоб, эмизиши савоб. Аёл боласини эмизишни бошлаганидаёқ ҳар бир эмизишига бир қул озод қилганлик савоби берилади. Болани сутдан чиқарганида осмондан унга: Эй аёл! Ишингни бошла ва ўтмишни унут, чунки сен ўтмишга масъул эмассан», дейилади. Оиша онамиз гапга аралашиб: «Эй Аллоҳнинг расули! Савоб фақатгина аёл учунми? Эркакка савоб йўқми? Эркакка раҳмим келди», дейдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бўлмаслиги мумкинми, эй Оиша! Албатта, эркакларнинг ҳам савобда ҳиссаси бор. Қара, мусулмон ўз аёлининг қўлидан тутиб, унга яқинлик қилмоқчи бўлганида Аллоҳ у кишига ўн савоб ёзиб қўяди. Киши аёлини қучоқлаганида Аллоҳ у кишига йигирма савоб ёзади. Киши аёли билан яқинлик қилганидан сўнг ғусл қилганида танасидаги ҳар бир туки учун ўнта савоб ёзилиб, ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўша кечанинг тонггида Роббимиз фаришталарга хитоб қилиб, бандаси билан фахрланади ва: "Шу бандам кечанинг совуқлигига ҳам парво қилмади. Роббиси хоҳлагани учун ғусл қилиб, ибодатга киришди. Мен сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, унинг барча гуноҳларини афв қилдим", дейди.

Навоий шаҳар бош отинойиси Бурхонова Чини.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш