Ҳизбут - таҳрир оқими ва унинг зарарлари

25-10-2021, 18:51 admin Мақолалар 434

Ҳизбут - таҳрир оқими ва унинг зарарлари
• 5
Аллоҳ таолога ҳамду сано айтамиз ва фақат Уни мақтаймиз, Ундангина мадад тилаймиз, гу¬ноҳларимизни мағфират этишини, нафсимиз бузуқликларидан ва амалларимиз ёмонликларидан паноҳига олишини ўтинамиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят этса, ҳеч ким уни адаш¬тира олмас. У адаштирганни эса, ҳеч ким ҳидоят этолмас. Гувоҳлик берамизки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз, шериксиз Зотдир. Гувоҳлик берамизки, Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг бандаси ва расулидир. У зотга, аҳли оила¬ларига, асҳобларига ва уларга гўзал амаллар билан қиёматга қадар эргашган барча мўминларга Аллоҳнинг кўпдан-кўп салоту саломи бўлсин!
Аммо баъд…
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдин¬дан огоҳ этганларидек, ислом уммати кўпгина оқимларга бўлиниб кетганини аянчли воқелигимиз тасдиқламоқда. Диний саводи йўқ оддий мусулмон¬ларни-ку тушунса бўлади, энг ачинарлиси, баъзи илм эгалари ҳам ихтилофли масалаларда Қуръони карим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннати мутаҳҳараларига мурожаат этмай қўйдилар. Натижада уммат ҳақли равишда турли мусибат ва фалокатлар гирдобида қолдики, уларнинг чинакам кўлами ва оқибатлари ёлғиз Аллоҳга аён.
Айни пайтда, мусулмон уммат аҳволини ўнглашни даъво қилувчи турли фирқалар пайдо бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзини энг холис ва энг тўғри жамоа эканини ҳамда Қуръон ва суннатга энг мувофиқ бўлгани сабабли ҳамма унга эргашмоғи лозимлигини, акс ҳолда нажот йўқлигини таъкидлаётир.
Улар қаршисида ҳайратда қотган мўмин киши эса қуйидаги саволларга жавоб излаб жони ҳалак:
Қуръон ва суннатда бу ихтилоф ва муаммолар ечими борми?
Қайси жамоанинг шу ечимлар тўғрисидаги баёни ҳақиқатга яқин?
Агар жамоалар адашган бўлса, хатолари нима¬лардан иборат?
Мусулмонлар бугун кимга эргашмоқлари лозим?
Динига хизмат қилмоқчи бўлган мўмин нима қилиши керак?
Айни саволларга қониқарли ва холисона жавоб топиш бугунги кунда мусулмонлар учун, дарҳақиқат, энг муҳим ва долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Барчага маълумки, мураккаб жоҳиллик билан касалланган кимсалар одатда ўз жоҳиллигини тан олгиси келмайди. Бундайларга ҳақиқатни минг бор исбот қилсанг ҳам бефойда. Дониш¬мандлар ҳам бундай “нусхалар”дан фақат қочиб қутулишни тавсия этадилар. Бизнинг-да бундай мутакаббир гумроҳларга таъсир этишдан умидимиз катта эмас.
Аммо илмсиз бўлса-да, лекин ўзининг билим даражасини яхши англайдиган, қилаётган хатосини холис ва тушунарли исботлаб берилган тақдирда гумроҳликда давом этавериш ғирт аҳмоқлик бўлишига ақл-фаросати етадиган, ҳақни танишдан қочмайдиган мухлис инсонлар ҳам йўқ эмас. Фақат улар бугунги тоифаларнинг бир-бирига тескари чақириқлари билан рўбарў қолганларида, қай бирига эргашишни билмай гангиб қоладилар.
Авваламбор, мавзуга киришиш олдидан бугунги кунда Аҳли сунна вал жамоа олимларини ҳамда кўпчилик оддий мусулмонларни ташвишга сола¬ётган “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳига қўйилмиш асосий айблардан бир нечтасини келтириб ўтамиз:
“Ҳизбут-таҳрир” ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид равишда фикр юритиб, содда ва илмсиз мусулмонларни адаштиради.
“Ҳизбут-таҳрир” ўз ақидасида асосан ислом тарихида адашган фирқалар дея танилмиш “мўта¬зила” ва “қадария” тоифаларининг фосид қоидалари ва фикрларига таянади.
“Ҳизбут-таҳрир” гуруҳи аъзолари ўз раҳба¬рияти тўғрисида фақат “ҳусни зонн”, яъни чиройли гумон қилаверишлари оқибатида – уларни хатодан маъсумлик даражасига чиқариб қўядилар. Уларга бўлган ҳурматни “шахсга сиғиниш” даражасига кўтарадилар.
“Ҳизбут-таҳрир” уламолари Қуръон ва суннат¬ни ўз хато ақидаларига мувофиқлаштиришни истайдилар. Бошқача тушунтирсак, улар Қуръони карим ва Саҳиҳ суннат йўлига юриш ўрнига, Қуръони карим билан Саҳиҳ суннатни ўзларининг йўлларига, мазҳабларига юргазишни хоҳлайдилар.
Улар Қуръон оятлари тафсирида ҳамда ҳадислар шарҳида шундай ғайриоддий таъвилот ва мулоҳаза¬лар келтирадиларки, аслида, айни матнларнинг муроди тамоман бошқа нарса бўлиб, гоҳида ҳатто булар айтганининг акси назарда тутилган бўлади.
“Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўз таъвилларига одатда ҳеч бир ҳужжат келтирмайдилар. Минг¬лаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд бўла туриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан аниқ ва саҳиҳ ривоятларни келтирмайдилар. На саҳобалардан, на тобеъинлардан ва на уларнинг атбоъларидан бирон асар тақдим этмайдилар. Барча Ислом уммати бирдек тан олган Аҳли сунна вал жамоа уламолари ижтиҳодларидан ва айтган сўзларидан мисол келтирмайдилар.
“Ҳизбут-таҳрир” нашрларидан бири бўлган “Сиёсий фикрлар” китобида, “Ҳизбут-таҳрир”ни ташкил этиш, аслида, Ислом умматига Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси, 104-оятининг қатъий талаби билан фарз эканлигидан келиб чиқади деган ғояга урғу берилади. Иқтибос:
Аллоҳ таоло мусулмонларни яхшиликка даъват этиш, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ва ҳоким¬ларни муҳосаба[1] қилишга буюргани каби, айни шу ишларни уюшма сифатида бажарадиган сиёсий уюшма ташкил этишга ҳам буюрди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!”
Яъни, эй мусулмонлар, ўзларингдан икки ишни бажарадиган жамоат ташкил қилинглар, бу ишнинг бири исломга даъват этиш, иккинчиси маъруфга буюриш ва мункардан қайтаришдир.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Аллоҳ таолонинг: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!” деган буйруғидан Аҳли сунна вал жамоа олимлари қуйидаги хулосани чиқаришган:
Биз мудом Исломга даъват билан, одамларни амри маъруф ва наҳй мункар қилиш билан шу¬ғулланишимиз лозим. Шунда биз Аллоҳ таоло бу оятда зикр қилган “уммат”ни ташкил қилган ва Унинг амрини бажарган бўламиз.
“Ҳизбут-таҳрир” уламолари хулосаси эса мана бундай:
Амри маъруф, наҳй мункар қилишимиз, Исломга даъват этишимиз шарт эмас, аввал оятда назарда тутилган “уммат”ни, демакки, бирон сиёсий ҳизбни ташкил қилсак, кейинроқ, келажакда ҳизб шу ишни бажариши мумкин бўлади ва шу билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўламиз.
“Ҳизбут-таҳрир” ўзининг “Хизбий уюшма” китоби, 26-бетида бугун Ислом уммати ичида воқеликка ва унга рози бўлишга даъват этувчи ҳамда уни (яъни воқеликни) қутулиб бўлмайдиган иш сифатида тан олишга даъват этувчи реалистлар (воқепарастлар) гуруҳи бор деб огоҳлантиради. Ҳизбнинг таъкидлашича, бу гуруҳ воқени фикр¬лашнинг манбаи қилиб, муаммолар ечимини ундан олади. Шунинг учун уларга ёнбосмаслик керак.
Саволлар туғилади:
“Ҳизбут-таҳрир” танқид қилаётгани – реалист¬лар воқеликни фикрлаш манбаи қилиб, муаммолар ечимини ундан олади – деганида нимани назарда тутади?
Аслида воқеликка қараб иш тутиш Исломда борми?
Воқелик фикрлаш учун манба бўлолмайдими?
Масалан, Расулуллоҳ ҳеч қачон воқеликдан келиб чиқиб қарор қабул қилмаганмилар?
Биринчидан, аслида Қуръони каримнинг оятлари ҳам, мўмин-мусулмонларнинг аҳволига қараб, хато-камчиликларини эътиборга олиб, улар яшаётган воқелик ривожидан келиб чиқиб йигирма уч йил давомида оятма-оят нозил бўлишида биз учун катта ибрат борлигини унутмайлик. Аллоҳ таоло Қуръони каримни бир туширишда нозил қилиб қўйиб, энди шунга қараб амал қилаверасизлар, дейиши ҳам мумкин эди. Аммо ундай бўлмади.
Шу ҳодисанинг ўзи “мавжуд воқелик” Ислом динида эътиборга молик нарса эканига кифоя қилмайдими? Воқелик кўтармаган ўринларда нозил бўлмаган буйруқ ва қайтариқлар, воқелик кўтарган пайтида пайдар-пай нозил бўлганига мисоллар наҳотки етарли эмас?
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳам кўпинча, воқеликка қараб иш қилганлари бор гап эмасми?
Масалан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда келишича, Ойша (розияллоҳу анҳо) айтади:
Расулуллоҳ менга шундай дедилар:
– Кўрмайсанми, қавминг (яъни қурайш аҳли) байтуллоҳни қурганларида Иброҳим (алайҳис¬салом) пойдеворини қисқароқ қилиб қўйганларини? Шунда мен у кишидан:
– Ё Расулуллоҳ! Уни ўзингиз Иброҳим (алайҳиссалом) пойдевори устига қайта қурмайсизми? – деб сўрадим. Расулуллоҳ:
– Агар қавминг Исломни эндигина қабул қилган бўлмаганида, шундай қилардим, – дедилар.
Бу воқеада ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамлар фикрининг, ёки бугуннинг ибораси билан айтилганда, кенг жамоатчилик фикрининг аҳамиятга эга эканлигини тан олганлари кўриниб турибди.
Энг тўғри ечим қандайдир мураккаб, оддий инсон ақли етмайдиган мушкулотларда эмас, балки – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, динимизга имкон қадар тўлиқ амал қилишдек осон ва жўн ишларда.
Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас» (Раъд, 11).
Шунингдек, қачонки мусулмонларда яхши тарафга ўзгариш рўй берса, уларга яхши кўрган ҳолатларини Аллоҳ таоло ўзи келтиргай ва ёмон кўрган ҳолатларини устларидан кўтаргай ҳамда ўзлари яхши кўрган ва лойиқ бўлган иззат ва шарафга муяссар этгай.


Дўрман жоме масжиди имом хатиби Бобобеков Икром

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш