Порахўрлик-тараққиёт кушандаси

11-08-2021, 15:32 admin Мақолалар 664

Порахўрлик-тараққиёт кушандаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Динимиз мусулмонларни бир қанча ишларга буюрган ва бир қанча ишлардан қайтарган. Буюрилган ишларда банда ва жамиятга катта манфаатлар бўлса, қайтарилган ишларда уларга катта зарарлар бор.Ман қилинган ишларни қилишнинг зарари баъзида фақат маълум шахсларга етса, баъзисининг зарари кенг кўламли бўлиб, бутун жамиятга салбий таъсир қилади.Ана шундай иллатлардан бири порахўрликдир. “Порахўрлик – (пора еювчи, олувчи). 1. Пора оладиган, порага ўрганган. 2. Пора олиш билан шуғулланувчи киши”. “Порахўрлик” атамаси аслида ўзбек тилига форс тилидан кирган. Унинг араб тилидаги маънодоши эса “ришва”дир. Ўзбек тилида ҳам “порахўр” билан бирга “ришва” ҳам ишлатилади. Бу ҳақда Ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “Ришва(т)хўр – ришва еювчи, порахўр” дейилади.
Маълумки,бу иллат ва унга нисбатан ҳар қачон ҳукмлар ҳам бўлади. Ислом шариатида порахўрлик гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Имом Шамсиддин Заҳабий “Гуноҳи кабиралар” китобларида олтмиш олтинчи гуноҳи кабира мавзусида порахўрликни келтирган. Порахўрлик бировнинг молини ноҳақ ейишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Бир бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар” (Бақара сураси, 188-оят). Порахўрлик – жамиятда адолат, тенглик, соғлом рақобат ва ҳалоллик устун бўлишига тўсқинлик қиладиган иллатлардан биридир. Бу иллат давлат ва жамиятнинг ривожига салбий таъсир қилгани сабабли деярли ҳар бир жамият унга қарши курашади. Курашда натижага эришганлари катта ривожланишга эришмоқдалар, уни енга олмаган жамиятларда эса бунинг акси.Аксарияти мусулмонлар бўлган бизнинг жамиятимизда бу масаланинг ечими қандай бўлади!? Аслида, биз динимиз кўрсатмалари, севимли Пайғамбаримиз суннатларига амал қилсак, порахўрлик, коррупция ва таниш-билишчилик каби иллатларга ўрин қолмайди. Динимиз ва имонимиз шуни тақозо қилади.Поранинг моҳияти ва таърифи ҳақида уламоларимиз шундай дейдилар: “Пора – бирор шахс томонидан, ҳукм қилувчи ёки бошқаларга унинг фойдасига ҳукм чиқариши ёки у истаган нарсага етказиши учун бериладиган нарса”. Бошқа таърифда: “Пора – ҳақни ботилга чиқариш ёки ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарса”, – дейилади. Кимнидир фойдасига ноҳақ ҳукм чиқариш ёки ўзининг зиммасида бўлган иш учун пора олиш ҳеч ихтилофсиз ҳаром амал бўлиб, катта гуноҳлардан биридир.Қуръони каримда бу мавзуда шундай дейилади: яъни: “(Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қулоқ соладиган ва ҳаромни (порани) ейдиганлардир...” (Моида сураси 42-оят). Муфассир, тобеъин Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ: “Оятдаги “ҳаром”дан мурод порадир”, деганлар. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб қилиш, молларини ўзаро розилик билан олишга чақиради.
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
яъни: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир” (Имом Табароний Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Порахўрликнинг яна бир кўриниши вазифадор, масъул шахсларнинг аслида, ўз зиммаларидаги ишларга ҳам совға-ҳадя олишларидир. Ундай кишилар аввалдан белгиланган, талаб қилиб оладиган совғалари натижасида бир ишни олишга номзод бўлганлар ичида ҳақлиси эмас, балки, салоҳиятсиз бўлгани иш устига келади. Кейин у қурган уйлар қулайди, қурган кўприклари чўкади, ишлар кўзланган натижани бермайди. Бундай ҳадянинг пора экани кундай равшан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом закот молини йиғишга жўнатган киши совға олганида унга: “Ота-онасини уйида кутиб ўтирганида, унга ҳадя қилишармиди?!” – деганлар.Баъзилар порани ҳадя деб номлаб олишади. Аслида, поранинг ҳадядан фарқи шуки, ҳадяни сўраб олинмайди. Яна ҳадя икки ўртада муҳаббат ҳосил қилиш учун қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўрталарингизда муҳаббат пайдо бўлади” (Имом Молик “Муватто” китобларида ривоят қилганлар). Пора берувчи ва олувчи ўртасида муҳаббат пайдо бўлмайди, чунки пора берувчи нимадандир таъмагир бўлади. Мабодо улар ўртасидаги иш ҳал бўлмаса, ўзаро катта душманчилик пайдо бўлади.

Яна бир ҳолат борки, бу миллатнинг оёғига болта уради, унинг маънавияти ва келажагига таҳдид солади, бу – таълим соҳасидаги порахўрликдир. Чунки билимдон ўқитувчи қолиб, салоҳиятсиз, билимсиз киши ёшларга таълим берса, ёшларнинг келажаги хавф остида қолади. Олийгоҳга келганда яна порахўрлик бўлиб, билимдон қолиб, нодон ўқишга кириб кетса, ўз-ўзидан илмий савия тушиб кетади. Одамларда адолатга нисбатан ишонч йўқолади. Чет элларда ўқиш ва ўша ерларда ишлашга қизиқиш кучаяди. Натижада миллатнинг кўпгина салоҳиятли фарзандлари бошқа давлатлар фойдасига ишлайди. Ватанига қайтиб, яна порахўрликка дуч келишини билса, ундан кўра чет элда қолишни маъқул кўради. Шундай қилиб энг билимдон ва фойдали кишилардан маҳрум бўлиб қолаверамиз. Аллоҳ таоло барчамизни нопок ва гуноҳ амаллардан қайтиб,ҳалол ишлар билан икки дунё саодатига муваффақ қилсин.

Қизилтепа туман бош имом хатиби: З.Орипов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш