Аллоҳ таоло бандаларига кўплаб неъматларни тановул қилишни ҳалол қилиб қўйган. Уларнинг барчасининг асли ҳалол. Модомики ҳаром нарса аралашмаса, истеъмол қилинаверади. Инсон шахсининг ёки амалининг унга таъсири йўқ. Мисол учун, нонни олайлик. Унинг буғдойини ким эккан, ким ўрган, қандай янчган ёки қандай қилиб нонга айлантирилган – буларнинг аҳамияти йўқ, ҳаммаси истеъмол қилинаверади.
Аммо, гўшт маҳсулотлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Чунки гўшт тирик ҳайвондан олинади. Ана ўша тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳам бу жараёнга, яъни, тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига шариатда алоҳида эътибор берилади. Бир қанча шартлар қўйилади. Ўша шартлар вужудга келгандагина у ҳайвон гўшти ҳалол ҳисобланиб, истеъмол этишга рухсат берилади.
Аллоҳ таоло: «Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар, (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз, (ҳалол). Ва бутларга сўйилган ҳайвонлар ҳам, (ҳаром қилинди), деган.
Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳнинг номини зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса, катта маънавий жиноят содир бўлган бўлади, шу сабабли унинг гўшти ҳаромга айланади.
Биринчиси
«ўлимтик».
Яъни, Аллоҳ таоло ҳалол қилган ҳайвонлардан ўзи ўлиб қолганининг гўшти ҳаром бўлади. Соф инсоний табиат ўлимтикни хоҳламаслиги ҳаммага маълум. Ўлимтикни билиб туриб ейиш учун инсонлик табиатидан чиқиш керак. Бунинг устига, ҳайвон оғир касаллик етмаса, ўзидан-ўзи ўлмайди. Касаллик билан ўлган ҳайвондаги турли иллатлар ва микроблар унинг бутун гўштига тарқалиб кетади. Тиб илми бунга ўхшаш ҳикматларни кўплаб кашф этган. Биз билмаган яна қанча ҳикмати бор.
Иккинчиси
«қон».
Яъни, ҳайвонни сўйганда оққан қонини тўплаб олиб истеъмол қилиш ҳам ҳаромдир. Сўйилган ҳайвонларнинг томирларида қолган қонлар ҳаром эмас. Сўйилган ҳайвонларнинг бўғизидан оққан қонни ҳам соф инсоний табиат инкор этади. Тиббий нуқтаи назардан қараганда ҳам, ҳайвон сўйилганда ундаги мавжуд барча микроблар, касалликлар ва бошқа зарарли иллатлар қон билан чиқиб кетади, уларни тўплаб, тановул қилиш кони зиён. Аллоҳ таоло инсонга зарар келтирадиган нарсаларнинг барчасини ҳаром қилади.
Учинчиси
«чўчқанинг гўшти».
«Гўшти» дейилганидан ёғи ёки бошқа жойи ҳалол экан–да, деган фикр келмаслиги керак. Чўчқа буткул ҳаром. Ўлимтик, қон каби у ҳам нажас-ифлос бўлгани учун ҳаром.
Қолаверса, чўчқа табиати бузуқ, ифлос ҳайвон, нима кўринса еяверадиган махлуқ. Соф табиат эгалари ундан нафрат қиладилар.
Ейилган озуқа инсон вужудига сингиб, ўз таъсирини ўтказади. Масалан, баъзи дориларни ичсангиз, Аллоҳ у моддаларга берган хусусият туфайли танадаги оғриқ қолади, баъзилари истеъмол қилинса, асаб ўрнига тушади ва ҳоказо. Шунингдек, баъзи овқатлар иссиқлигингизни ошириб юборса, бошқаси совуқлигингизни оширади. Хулоса шуки, тановул қилинган озуқалар инсонга ҳар жиҳатдан таъсир ўтказади.
Тажрибалиларнинг таъкидлашича, дунёда эркаги урғочисини қизғонмайдиган бирдан-бир ҳайвон чўчқа экан. Балки шу боисдандир, чўчқа гўшти кўп истеъмол қиладиган халқларнинг эркаклари аёлларини қизғанмайдилар, бу масалада иффат ва номус нималигини билмайдиган даюсларга айланиб қолганлар.
Тиб олимлари чўчқа гўштида қон-томир ва юрак касалликларни тарқатувчи моддалар борлигини ҳам аниқлашди. Яна бошқа кўпгина зарарлари ҳам аён бўлди. Бу ҳақда ҳатто ўзлари чўчқа гўштини истеъмол қиладиган халқларнинг вакиллари, Қуръон ва Исломдан бехабар кишилар илмий ишлар қилдилар, алоҳида китоблар ҳам ёздилар.
Тўртинчиси:
«Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган» ҳайвон гўштининг ҳам ҳаром бўлиши, аввал айтганимиздек, иймон тақозосига тўғри келмаганидандир. Уни яратган ва унга жон берган Зотнинг номини қўйиб, бошқанинг номи ила сўйилганидандир.
Бешинчиси:
«Бўғилиб ўлган».
Ҳайвон бўғилиш оқибатида ўлган бўлса, гўшти ҳаромдир. Унга ҳам Аллоҳнинг номи айтилмаган, ҳам қони ичига тарқаб, гўшт зарарли ҳолга келган бўлади.
Олтинчиси:
«Уриб ўлдирилган».
Бунда ҳам аввалги ҳолдаги ҳикмат туфайли ҳаромлик ҳукми бор. Кимки бир ҳайвонни тош, ёғоч ёки шунга ўхшаш нарсалар билан уриб ўлдирган бўлса, гўшти ҳаромга айланади.
Еттинчиси:
«Йиқилиб ўлган».
Тоғданми, баланд жойданми йиқилиб ўлган ҳайвонларнинг гўшти ҳам ҳаром.
Саккизинчиси:
«Сузиб ўлдирилган».
Икки ҳайвон бир-бири билан сузишсаю, бири ўлиб қолса, унинг гўшти ҳам ҳаромдир.
Тўққизинчиси:
«Йиртқич еган ҳайвон».
Яъни, бир йиртқич ҳайвон мазкур гўшти ҳалол ҳайвонга ҳужум қилиб еса, ўлдирса, ундан ортиб қолган гўшт ҳаром ҳисобланади.
«Магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз, (ҳалол)».
Мазкур ҳолатларга дучор бўлган ҳайвонлар ўлмай туриб сўйиб юборилса, гўшти ҳалол бўлади.
Ўнинчиси:
«Бутларга сўйилган ҳайвонлар ҳам (ҳаром)».
Жоҳилий арабларнинг турли бутлари бўлиб, уларга атаб жонлиқ сўйишар ва қонини ўша бутларга суртишар эди. Бундай ҳайвонларнинг гўшти, гарчи Аллоҳнинг номини айтиб сўйилган бўлса ҳам, бутларга сўйилгани учун ҳаромдир.
ал-Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилмишдир. Огоҳ бўлинглар! Ҳали, сўрисида ўтирган қорни катта одам, сизлар ушбу Қуръонни лозим тутинглар! Унда нимани ҳалол топсангиз, ҳалол билинглар! Унда нимани ҳаром топсангиз, ҳаром билинглар! дейди ҳам. Огоҳ бўлинглар! Сизлар учун; хонаки эшаклар, барча озиқ тишли йиртқич ва муоҳиднинг эгаси беҳожат бўлмаган, йўқотиб қўйган нарсаси ҳалол бўлмас! Ким бир қавм ҳузурига меҳмон бўлиб тушса, уни зиёфат қилмоқлари лозим. Агар зиёфат қилмасалар, унинг зиёфат мислича нарсани олишга ҳаққи бор», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Муоҳид - мусулмонлар ила аҳднома тузиб яшаётган ғайридин киши. Ана ўшандоқ одамнинг йўқотиб қўйган нарсасини топиб олган одам, бу ғайридиннинг нарсаси экан ўзимники қилиб олсам бўлаверади, деган фикирга бориши мумкин эмас.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни бизларни хачирлар, эшаклардан қайтардилар, отлардан қайтармадилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида типратикон зикр қилинди. Бас, у зот: «У ифлослардан бир ифлосдир», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан типратикон ҳам ҳаром эканлиги келиб чиқади. Шунингдек, сичқон, калтакесак, илонлар ва уларнинг тоифасига ўхшаш бошқа зараркунанда ҳайвочалар ҳам ҳаромдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўри ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Яхшилиги бор бирорта бўрини ермиди!» дедилар». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.
Бу ҳадисдан Бўрининг ҳаромлиги келиб чиқади.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, сиздан ер ҳайволари ҳақида сўраб келдим, тулки ҳақида нима дейсиз? дейилди.
У зот: «Тулкини ким ҳам ер эди», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисдан тулкининг ҳаромлиги чиқади.
Абу Воқид ал-Лайсийдан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар туяларнинг ўркачларини ёрар ва қўйларнинг думбасини кесиб олар эдилар. Бас, у зот: «Тирик ҳолдаги ҳайвондан кесиб олинган нарса, ўлимтикдир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда жоҳилиятнинг яна бир жаҳолатини Ислом дини қандоқ муолажа қилгани ҳақида сўз кетмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келган пайтларда у ернинг аҳли тирик туяларнинг ўркачларини ёриб, ичидаги мойни олиб фойдаланишир ва шунингдек, тирик қўйларнинг думбаларидан кесиб олиб ишлатишар эдилар. Улар ҳайвонларга раҳм-шафқат қилиш нималигини билмас эдилар.
Аллоҳ таоло томонидан оламларга, жумладан, ҳайвонот оламига раҳмат қилиб юборилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга чидаб тура олмадилар ва:
«Тирик ҳолдаги ҳайвондан кесиб олинган нарса, ўлимтикдир» деб эълон қилдилар.
Шундоқ қилиб, ҳайволарга мазкур турда азоб бериш барҳам топди ва тирик ҳайвондан кесиб олинган бўлак ўлимтик қандоқ ҳаром бўлса, шундоқ ҳаром қилинди.
Абу Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча озиқ тишли йиртқичларни емоқдан наҳий қилдилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввал ўтган ҳадислардан биридаги маънони таъкидламоқда. Йиртқич ҳайвонлар турли ҳаром хариш нарсаларни, хусусан, ўлимткларни ва шунга ўхшаш зарарли нарсаларни ейди. Шунинг учун ўзлари ҳам ўша нарсаларга ўхшаб ифлос ва зарарли бўладилар. Одамларни мазкур зарарлардан ҳимоя қилиш мақсадида йиртқич ҳайвонларнинг гўштлари ҳаром қилинган.
Энг асосийси йиртқич ҳайвоннинг гўштини еган одамга ўша ҳайвоннинг йиртқичлик сифати ўтиб қолиши турган гап. Шунинг учун йиртқич ҳайвонларнинг гўштлари ҳаром қилинган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча озиқ тишли йиртқичлардан ва тирноқли қушлардан наҳий қилдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Озиқ тишли йиртқичларга; шер, йўлбарс, қоплон, бўри, чиябўри, тулки, фил, маймун, айиқ каби ҳайвонлар киришини уламоларимиз ўз китобларида зикр этганлар.
Тирноқли йиртқич қушларга эса, бургут, лочин, қирғий, тасқара каби гўшт ейдиган қушлар киради ва уларнинг барчаси ҳаром ҳисобланади.
Шунингдек, “Уларга нопок нарсаларни ҳаром қиладиган” (Аъроф 157) маъносидаги оятга биноан қурт-қумурсқа, сичқон, илон, чаён, суварак, ари, қурбақа, типратикон, бурга, пашша, тошбақа каби нопок ҳайвонларни ейиш ҳаром ҳисобланади. Сиртлон ва тулкилар ҳам ейилмайди.
Дилшод Эргашев
Кармана туман “Қосим Шайх” масжиди имом хатиби