Ўзбек тилим-ифтиҳоримсан!

21-10-2020, 10:30 admin Мақолалар / Янгиликлар 684

Жаҳонда ўз она тилини улуғламаган, унинг шаъни, обрўси учун курашмаган халқни топиш мушкул. Тилда ҳар бир халқнинг асрлар давомида босиб ўтган йўли, тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари, маданияти ва санъати, маънавияти ўзининг яққол ифодасини топган бўлади. Шу боис уни кўнгил мулкининг бебаҳо гавҳари, дури каби сақлайдилар, ўрни келганда кўкрагини қалқон қилиб ҳимоялайдилар ҳам.
Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муомала воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди.Истиқлол шарофати билан тилимизга, унинг сайқал топишига эътибор янада ортди. Тил - инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳуббатли инсон халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз "Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз" дея ёзмаган.
Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятлари қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзлари, бетакрор иборалари, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғатит турк" китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг "Хамса"си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор романлари, Чўлпон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфларнинг ўтли шеърияти она тилимизда ёзилган бебаҳо дурдоналардир.Тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳр-оқибат сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар халқимизга хос ва уларни айтишга фақат шу тил қодирдир. Бизнинг она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги сўзларнинг маълум бир меъёрига келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил хақида шундай ёзадилар: "Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил".
Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз.
Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.
Тонгдек оромбахш, қуёшдек нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асрабавайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди!

Қизилтепа шаҳри отинойиси Равшанова Ойдин
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш