Зинога яқинлашманг!

11-09-2020, 16:30 admin Мақолалар 1 418

Ислом динининг асосий мақсадларидан бири номус ҳамда наслни сақлаш ва ҳимоялашдир. Шунинг учун шариатимиз зинони ҳаром қилди.
Зино – эркак ёки аёл кишининг ўз никоҳида бўлмаган номаҳрам шахс билан жинсий алоқа қилишидир. Худди шу маънода зино барча жамиятларда ахлоқий жиҳатдан разолат, диний жиҳатдан гуноҳ, ижтимоий жиҳатдан номуссизлик саналади.
Инсоний табиати бузилмаган жамиятлар зинони ҳеч иккиланмай, “жазога лойиқ иш” деб баҳолаб келганлар. Ҳиндлар зинокор аёлни итларга егизишган, эркакни қиздирилган темир сўрига ётқизиб туриб, атрофидан олов ёқишган. Рим қонунларига кўра, қадимда зинокорларнинг мол-мулки мусодара этилган, кейинроқ ўлим жазосига ҳукм қилинган, сўнгра умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган ва ҳоказо. Яҳудийларда зинокор ўлимга ҳукм этилган.
Исломда ҳам зино улкан жиноят ҳисобланади.
Аллоҳ таоло “Исро” сурасида марҳамат қилади: “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир” (32-оят).
Оятда “зино қилманглар” эмас, балки “зинога яқинлашманглар” дейилмоқда. Бу амр “зино қилманглар”, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Шунинг учун шариатимиз зинога олиб борадиган барча сабаб ва йўлларни ҳаром қилди, улардан қайтарди. Номаҳрамлардан кўзини тўсишга буюрди. Улар билан холи қолишни ман этди.
Мусулмонлар гувоҳ бўлиб, бу қабиҳликдан нафратланишлари учун зинокорларга қаттиқ жазо чоралари белгилади. Бу жиноят оила қурган кишилар томонидан содир этилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига биноан, тошбўрон қилиб ўлдирилади. Бу жазолар турмуш ўртоғига хиёнат қилгани ёки бировнинг номусини поймол этгани учун эмас, балки ҳалол йўл билан қондириши мумкин бўлган шаҳватини ҳаром йўл билан қондиргани учун берилади.
Агар одамларга шаҳватларини тартибсиз равишда, хоҳлаган йўл билан қондираверишларига ижозат берилса, инсоният насли, унинг маданияти, маънавияти тез фурсатда ҳалокатга учрайди. Агар инсон оилавий ҳаётнинг масъулияти, оғирликлари ва машаққатларини бўйнига олмасдан, фақат шаҳватини қондиришга ҳаракат қиладиган бўлса, ундан ҳеч қачон бола тарбиясида, оила ва жамиятда бирор фойдали ишни кутиб бўлмайди. Бундай кишилар бир лаҳзалик шаҳватини қондириш учун ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёрдирлар. Шунинг учун ҳам улар ҳар қандай оғир жазога лойиқ. Бу жазолар зинокорнинг дунёдаги азобидир. Қабрда эса яланғоч бўлиб тепаси тор, таги кенг бўлган тандирда азобланади. Унинг тагидан олов ёқилиб, олов гуркираб куйдирса, қичқириб тепага чиқмоқчи бўлади, олов сўндирилса, яна пастга тушади. Шу ҳолда то қиёматгача қолади. Ёши ўтган эр ёки аёл зино қилса, уларнинг жазоси янада қаттиқ бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Уч тоифа бор, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмайди, уларни покламайди, уларга қармайди ва уларга аламли азоб бордир: зинокор қария, ёлғончи бошлиқ ва мутакаббир камбағал” (Имом Муслим ривояти).
Зино орқасидан топилган мол энг ифлос молдир. Ҳар қандай муҳтожлик ва камбағаллик Аллоҳ таолонинг чегараларини бузиш учун узр бўла олмайди.
Таассуфки, кейинги пайтларда баъзи одамларга шайтон макри билан фаҳш йўлларга кириш оддий ҳолга айланди, осий ва фожирлар унинг йўлидан юра бошлашди, аёлларда авратларини яшириш, бегона эркаклардан тўсилишга эътибор сусайди, баъзилар эса зинокорлик ва қўшмачиликни касб қилиб олишган. Уламоларимиз “Аллоҳ таоло бир нарсани ҳаром қилган бўлса, ундан топиладиган маблағни ҳам ҳаром қилгандир” дейишган. Муқаддас динимиз бўлмиш исломда бир нарса ҳаром қилинган бўлса инсоният учун зарари кўп бўлгани учун ҳам ҳаром қилингандир. Зино наслни бузади, ҳаёни кеткизади, разолатга олиб боради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирор қавмда зино кенг тарқалса, оддий ҳолга айланиб, гуноҳ ҳисобланмаса бошларига шундай балолар ва касалликлар келадики, ота-боболари унақа касалликларни кўрмаган” деб марҳамат қилганлар.
Бутун башариятга пайғамбар қилиб юборилган зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларида у зотнинг покиза никоҳ асосида дунёга келганлари ҳақида айтиб ўтилган. Бизнинг ота-боболаримиз ҳам фарзандларига келин ёки куёв танлашда насл-насабини суриштиришганлари бежиз эмас. Пок насллардан етук инсонлар дунёга келади. Шунинг учун жамиятимизда зинога ўхшаш иллатларни тарқалишини олдини олишда биргаликда ҳаракат қилайлик, наслларимиз пок бўлсин, фарзандларимиз улуғ аждодларимиз сингари баркамол инсонлар бўлиб вояга етишсин.
Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўраймиз: Бизларни ўз раҳмати ила тўғри йўлда мустаҳкам қилсин, қалбларимизни ва аъзоларимизни ҳалолга мойил қилсин, зино ва унга ўхшаш охири ҳалокат бўладиган гуноҳлардан ўзи паноҳида сақласин Омин.
2020 йил “Илим-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йилида қатор янгиликлар шу жумладан хусусан “Ислом” динида таълим олишни истаган барча отинойи аёлларимиз маҳаллаларда фаолият юритмоқда мен Бобобекова Салия Отақуловна “Қўшчинор” МФЙ отинойиси бўлиб, ўз вазифамни сидқи дилдан бажариб келмоқдаман. “Қўшчинор” МФЙ ҳодимлари билан биргаликда тарғибот ва ташвиқот ишларини фаол олиб бормоқдаман. “Қўшчинор” МФЙ раиси М.Қўлдошев бошчилигида Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий маънавий масалалар бўйича раиснинг биринчи ўринбосари С.Рахмонова, Ободонлаштириш, томарқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича раис ўринбосари К.Сафаров, Ҳуқуқ тартибод масалалари бўйича раис ўринбосари Ф.Бойматов, Кексалар ва фахрийлар бўйича маслахатчи Н.Ҳосиловлар билан биргаликда ўз иш фаолиятимни олиб бормоқдаман.
Аллоҳ таоло барчамизнинг эътиқодимизни мустаҳкам қилиб ҳалол касб билан пок ризқ талаб қилишни осон қилсин! Аллоҳ ва Расули ҳалол деганни ҳалол, ҳаром деагнни ҳаром деб , амал қилишни насиб айласин, Омин.


“Қўшчинор” МФЙ отинойиси: С.Бобобекова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш