АБУ МУИН НАСАФИЙНИНГ ҲАЁТИ

13-12-2017, 09:47 admin Мақолалар 1 994


Хайруддин Заркалийнинг «Ал-аълом» деган китобларида айтилишича, Абул Муин Насафий ҳазратлари Насаф, яъни ҳозирги Қарши шаҳрининг яқинидаги Қовчин деган қишлоқда ҳижрий 418 йилда таваллуд топган эканлар. Бу милодий 1027 санага тўғри келади. Умар Ризо Қаҳҳола ҳам «Мўъжамул-муаллифин» асарида шу фикрни айтганлар, аммо Ибн Қутлуғбуғо «Тожут-тарожим» китобида Абул Муин Насафий ҳижрий 508 йилда (милодий 1114 йилда) зулҳижжа ойининг 25 санасида, 70 ёшида вафот этган» деб ёзган. Бу гапга кўра у зотнинг таваллудлари ҳижрий 438 йилга тўғри келмоқда. Биз учун муҳими шуки, бу улуғ алломанинг таваллудларига салкам 1000 йил бўлибди, азизлар.
Абул Муин Насафий роҳимаҳуллоҳ Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия ақийдавий мазҳаби уламоларининг энг машҳурларидан бўлиб, ушбу таълимотнинг ёйилишига энг кўп ҳисса қўшган зотдир.
Абул Муин Насафий ҳақида Абдулқодир Қуройший ўзларининг «Жавоҳирул музийя фий табақотул ҳанафийя» деган китобларида, Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ «Фавоидул баҳийя фий тарожибил ҳанафийя» асарида, Ибн Қутлуғбуғо «Тожут-тарожим»да, Кафавий «Катоибу аъломул аҳёр мин фуқаҳойи мазҳабун Нўъмонул муҳтор» асарида, Ҳожи Халифа «Кашфуз-зунун» асарларида зикр қилиб ўтганлар.
Юқорида айтилганидек, Абул Муин Насафийнинг биринчи устози – отаси Муҳаммад ибн Муҳаммад бўлганлар. У зот ҳам ўз даврининг етук уламоларидан саналганлар. Абул Муин Насафийнинг оталари Абу Саҳл Исфаройинийдан илм олгани, ундан «Ахборул Макка» китобини ривоят қилгани манбаларда келган. Демак, Абул Муин Насафий аҳли илмлар сулоласидан бўлганлар.
Абул Муин Насафийнинг шогирдлари сафида ҳам ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган уламолари бор, улардан энг машҳурлари «Бадойиъус-саноеъ» асарининг муаллифи Абу Бакр Аловуддин ас-Самарқандий, Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Юср Ҳазравий, Абу Бакр Масъуд Кошоний, Нажмиддин Умар Насафий, Абул Ҳасан Балхий ҳамда Маҳмуд Соғурчи каби буюк олимлардир. Маҳмуд Соғурчининг ҳам ҳанафий мазҳаби борасидаги фиқҳ китоблари жуда машҳур.
Умуман, Насафдан жуда кўп уламолар етишиб чиққан, ҳозир биз иккиталарини санаб ўтдик. Абул Муин Насафий каби Нажмиддин Умар Насафий ҳам ақоид илмида машҳур бўлганлар. Шунингдек, Абул Баракот Аҳмад ибн Аҳмад Насафий машҳур «Тафсири Насафий»нинг муаллифларидир.
Абул Муин Насафий ҳаётининг кўп қисмини Самарқанд ва Бухорода ўтказганлар. У даврларда Самарқанд ва Бухоро Ислом оламининг кўзга кўринган илм марказларидан эди. Бу зот шу даврда 15 га яқин илмий асарлар таълиф этганлар. Уларнинг энг машҳурлари юқорида айтиб ўтилган «Табсиратул адилла», шунингдек, «Тамҳид фии илмит-тавҳид» ва «Баҳрул калом» каби асарлардир. Абул Муин Насафий ақийда ҳамда усулуд-дин илмида жуда ҳам машҳур бўлганлар. Ўзлари ниҳоятда парҳезкор бўлганлар, фақиҳ, муҳаддис ва мутакаллим олим бўлганлар. Мотуридий мазҳабининг батафсил шарҳлари кенг ёйилишига катта ҳисса қўшган, ўша вақтда чиққан мўтазилия, жаҳмия, карромия, ботилийя каби оқимларнинг носоғлом фикрларига қарши курашганлар, уларга ишончли ҳужжатлар билан қаттиқ раддиялар берганлар. Абул Муин Насафийнинг Ислом динимизнинг софлигини сақлаш йўлидаги хизматлари мана шу ерда яққол намоён бўлади. Бу зот ўз даврида пайдо бўлган турли адашган оқимларига қарши турганлар.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш